Туризм ривожланиш палласида

 Ўзбекистон ҳам саёҳат, ҳам зиёрат учун қулай мамлакат. Чунки она заминимизда бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган аждодларимиз мангу қўним топган. Улар қолдирган бой маънавий-маданий меросга халқаро майдонда қизиқиш жуда катта.

Юртимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш учун, аввало, зарур инфратузилмани такомиллаштириш шарт. “Биринчиси, транспорт, иккинчиси логистика”, деб таъкидлади Президентимиз.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Рес­публикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони туризм тармоғини жадал ривожлантиришни таъминлаш, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини бериш, минтақаларда туризм салоҳиятидан самарали фойдаланишда муҳим омил бўлмоқда.

Юртимизда туризмнинг янги истиқболлари очилиб, турли йўналиш­ларда кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, ке­йинги йилларда альпинизм, отда ва туяда, велосипедда саёҳат қилиш, off-road сайёҳатлари, балиқ ови, рафтинг, хелиски, геотуризм, таълим туризми, тиббий туризм каби янги сайёҳлик йўналишлари оммалашмоқда. Ўтган давр мобайнида давлатимиз раҳбари топшириқлари асосида Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларида туризм инфратузилмасини яхшилаш, янги сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш ҳамда ҳудудларнинг туризм салоҳиятини кенг тарғибот қилишга қаратилган дастурлар қабул қилинди. Жумладан, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида сайёҳлар учун куну тун фаолият кўрсатувчи, ҳар бирининг ҳудуди 10 гектардан иборат “Қадимий Бухоро” ва “Самарқанд сити” туризм ҳудудларини барпо этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон-Ангрен туризм кластерлари ҳудудларида меҳмон уйларини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва бугунги кунда амалиётга жорий этилмоқда.

Замонавий туризм истиқболларидан яна бири – ноёб табиий мас­канлар ҳисобланади. Ўзбекис­тон Марказий Осиёда экотуризм энг ривожланган етакчи давлатдир. Юртимиз бой ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, бетакрор ландшафт манзараси, миллий анъаналар ва миллий таомлар ошхонаси билан сайёҳлар эътиборини қозониб келади. “Угом-Чотқол” давлат миллий табиат боғи, унинг таркибига кирувчи “Чотқол” давлат биосфера қўриқхонаси, Айдар-Арнасой кўллар тизими ва Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зоналарида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш масалалари доирасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Шоҳжаҳон РАҲМАТОВ,

ЖИДУ 3-босқич талабаси

Яна ўқинг:  МЕРГАНЛАРИМИЗ ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ САРИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: