Устувор вазифалар – амалда
Миллий матбуот марказида Олмалик кон-металлургия комбинати (ОКМК) 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва 2024 йилдаги устувор вазифалар мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда комбинат бошқаруви раисининг “Рақамлаштириш” бўйича ўринбосари в.б. Равшан Максумов, бош муҳандис ўринбосари Абдуқаҳҳор Сайназаров ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Айтиш жоизки, ўтган йили комбинат 2023 йилни салмоқли натижалар билан якунлади. Жумладан, 31,7 трлн. сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, 1 128,2 млн. долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилган ва 661,9 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган. Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 429,0 млрд. сўмлик маҳсулот тайёрланган. Маҳсулотлар таннархини тушириш бўйича 404,7 млрд. сўмлик натижа қайд этилган ва 14,95 трлн. сўм маблағ бюджетга тўлаб берилган ва 6,7 трлн. сўм соф фойда олинган. 163,5 млрд. сўмлик геология-қидирув ишлари бажарилган.
Бугунги кунда ҳам ОКМКда инвестициявий лойиҳалар муваффақиятли амалга ошириб келиняпти. Хусусан, “Ёшлик-1” лойиҳасининг тоғ-кон мажмуаси бўйича 6 та объект, 3-мис бойитиш фабрикаси бўйича 6 та объектнинг қурилиши якунланган ҳолда янги металлургия мажмуасининг қурилиши бўйича дастлабки лойиҳа ишлари бошлаб юборилган.
Жорий йилда эса 32,2 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 2 136,4 млн. долларлик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилади. 1 016,6 млрд. сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. 15,73 трлн. сўм маблағ бюджетга йўналтирилиши кўзда тутилган.
“Рақамли ОКМК 2030” Концепцияси Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг барча ишлаб чиқариш ва бизнес жараёнларини рақамлаштириш, маълумотларни жамлаш, таҳлил қилиш ва тезкор қарор қабул қилишга қаратилган бўлиб, мазкур йўналишда ўтган йилда 34 та лойиҳа муваффақиятли амалга ошилди. Жумладан, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва замонавий ахборот тизимларини жорий қилишда Мис бойитиш фабрикаси, Мис эритиш заводи, Хондиза кон бошқармаси, Иссиқлик электр марказида бир қатор ишлар амалга оширилди. МБФда амалга оширилган ишлар натижасида рудадан мис ажратиш даражаси 85 фоизга чиқарилиши таъминланди. Бу йилига 1,8 млн. метр куб сувни тежаш имконини беради. Муҳими, ўтган йилда бизнес ва технологик жараёнларни рақамлаштириш ҳамда уларни мақбуллаштириш эвазига 224 млрд. сўм иқтисод қилинди.
Келгуси режада ОКМКда янги қурилаётган 3-мис бойитиш фабрикаси ва мис эритиш заводини кенгайтириш лойиҳалари асосида технологик жараёнларни автоматлаштириш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.
Марям АҲМЕДОВА,
журналист