Мустаҳкам оила қандай бунёд бўлади?
Оила – муқаддас даргоҳ. Унда миллий қадриятларимиз ривож топади, шириндан-шакар фарзандлар ўсиб, улғаяди, камолга етади. Бу ошиён унинг аъзоларида бурч ва масъулият ҳиссини шакллантиради. Шу боис, оилани асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Афсуски, бугун айрим ёшларимиз оилани муқаддас билмай, рўзғордаги арзимас баҳоналар сабаб, ажралиб кетмоқда. Бу эса жамият ривожига тўсиқ бўлаётган энг асосий иллатлардан бири саналади.
Хўш, оила мустаҳкам бўлиши учун нима қилиш лозим? Биринчи галда ўзаро муносабатларни тартибга солиш даркор. Масалан, кўпчилик аёлларимиз мустаҳкам оила бошлиғи деганда топарман-тутарман, маошини аёлидан беркитмайдиган, уйим-жойим дейдиган эркакни тушунади. Эркаклар учун эса пазанда, эпчил, ширинсўз, уй-рўзғор юмушларини бекаму кўст адо этадиган аёл энг яхши турмуш ўртоқ саналади. Албатта, бу нисбатлар ҳам ўз ўрнида тўғри. Аммо руҳий яқинлик, меҳрибонлик оилани мустаҳкамлайдиган энг асосий омиллар сирасига киради. Пул топиб рўзғорни таъминлаш ва мазали таомлар қилишнинг ўзи билан ҳаёт гўзал бўлмайди. Демак, оилани мустаҳкам бўлишида эр-хотин бир-бирини тушуниши, кўнгил яқинлиги бўлиши муҳимдир. Ўзаро муҳаббат бор жойда эса моддий етишмовчилик ва бошқа қийинчиликлар осон енгиб ўтилади.
Ишонч. Оила мустаҳкамлигининг асосий мезони эр ва хотин ўртасидаги ишончдир. Ишонч оила деворининг мусҳакамлигига олиб келади. Эр-хотин ўртасида ёлғон ораладими, билингки, бу оила бахтга эриша олмайди. Рўзғор камчиликларини баҳамжиҳат маслаҳатлашиб ечиш, бир-бирини тушиниб яшаш оиланинг асосий пойдевори ҳисобланади. Келажакда фарзандлар ҳам шу муҳитда тарбияланиб камол топади. Бир сўз билан айтганда ишонч – мустаҳкам оила калити ҳисобланади.
Муомала. Ҳар қандай вазиятда ҳам сўзингиз сеҳрли, тилингиз ширин бўлсин. Хатоларингиз ҳақида гапирилганда тўғри қабул қилишга одатланинг. Керагидан ортиқ сўз айтманг. Камчиликларни тузатишга киришинг. Кейинги сафар хатога йўл қўймасликка ҳаракат қилинг. Ҳар доим ўзингиздан катталарни ҳурматини жойига қўйинг. Бу эса сизнинг ютуғингиз.
Саранжом-саришта. Оила мустаҳкамлигининг энг нозик жиҳати тозаликдир. Уйга меҳмон бўлиб келган киши остонадан уй бекасининг қандайлигини бир кўришда билади. Шунинг учун уйқудан вақтли уйғонинг, ишни тозаликдан бошланг. Ошхонани ўзингиз учун асосий ишхонага айлантиринг. Шинам, тоза ошхона соғлик гарови. Унутманг, ҳаммаёқ саранжом бўлса, кўнгил ҳам хотиржам бўлади.
Пазанда бўлинг. Меҳнатдан қочманг! Кун бўйи ишлаб келдим деб, ётиб олманг. Фарзандларингиз, оилангиз учун сизни чарчашга ҳаққингиз йўқ. Ишдан келган заҳоти бир оз дам олингда, ширин овқат қилишга киришинг. Кечда нима таом тайёрлашни олдиндан режалаштириб қўйинг. Фарзандларингиз учун ҳам қўли ширин пазанда бўлинг. Осон ва мазали пишириқлар пишириб, уларнинг кўнгилини олинг. Кечки овқатни оила даврасида жам бўлиб ейишга нима етсин! Кўнглингиз очиқ, қўлингиз ширин бўлсин!
Фарзанд тарбияси. Фарзандларни тарбиялашда жуда ҳам эътиборли бўлинг. Уларга меҳр беринг. Эркалашларни ҳам меъёрида бажаринг. болаларни ёшликдан меҳнат қилишга ўргатинг. Сизга уй юмушларида ёрдамлашса, рағбатлантиринг. Жаҳлингиз чиққанида уларни уришманг. акс ҳолда жиззаки бўлиб қолади. Болаларни бўш қолишига ҳеч имкон берманг.
Оила ҳисобчиси. Оиланинг бош ҳисобчиси эканингизни унутманг. Рўзғорга маблағни етказиш сизнинг зиммангизда. Маошни тақсимлаганда ҳеч ҳам адашманг, ҳатто, орттиришга ҳаракат қилинг. Бу ҳам сизнинг ютуғингиз. Шундагина рўзғорда барака бўлади. Бу билан сиз оиланинг ҳақиқий бекасига айланасиз.
Вафодорлик. Оила аъзоларингизни эъзозланг. Ҳурмат қилсангиз, иззат топасиз. Улардан ширин сўзингизни аяманг. Жуфти ҳалолингизни жаҳли чиққанида жим туринг. Бу ўтиб кетадиган ҳолат. Ишдан кеч келганида сўроққа тутишга шошилманг. Кейинроқ ўзига келганида кечикканининг сабабини сизга айтиб беради. Ҳар доим кийимлари тоза турсин. Сиздан ҳеч қачон айб топмасин. Борингизга шукр қилсин. Фарзандларингизга ҳам шуни ўргатинг. Чунки қуш уясида кўрганини қилади.
Баҳслашманг. Ҳеч қачон бир-бирингиз билан баҳслашманг. Оилага дарз кетади. Тинглашни ҳам ўрганинг. Турмуш ўртоғингизнинг гапини ҳеч қачон нотўғри деманг. Сиз ҳақсиз дейишга ҳаракат қилинг. Узр сўрашни унутманг. Бировларни олдида нафсониятига тегманг. Ундан камчилик ахтарманг.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, инсон ёлғизликда бахт ва ҳаловат топа олмайди. Бу – ҳаётда исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Шундай экан оила мустаҳкамлигига ҳали оила қурмасдан аввал ҳаракатни бошланг.
Дилфуза АЗИМОВА
тайёрлади