Ёшликнинг жўшқин илҳомлари

Ёшлар ижод саройида Ватанимиз Мустақиллигининг 21 йиллигига бағишланган “Навқирон Ўзбекистон — 2012” V республика анъанавий ва замонавий санъат фестивали бошланди.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Ёшлар ижод саройи томонидан ташкил этилган мазкур фестивалда тасвирий ва амалий санъат асарлари намойиш этилмоқда.

Фестивалнинг очилишида турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари, рассом ва дизайнерлар, уста ва ҳунармандлар, санъатшунослар, ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бадиий диди ва тафаккурини шакллантириш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни янада равнақ топтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Бу жиҳатлар “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси фаолиятида ҳам муҳим ўрин тутади. Мазкур жамоат ташкилотининг “Art Week.Style.uz” халқаро лойиҳаси, “Тасвирий санъат+5” ижодий ҳафталиги, биеннале ва кўргазмалари миллий маданиятимиз ва санъатимизнинг ўзига хос анъаналарини тарғиб этиш билан бирга, ижодкорларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши учун имконият яратаётир.

Жамғарма томонидан 2004 йилдан буён ҳар икки йилда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Навқирон Ўзбекистон” санъат фестивали 17 ёшдан 35 ёшгача бўлган йигит-қизларнинг ижодий-интеллектуал, бадиий салоҳиятини юксалтириш, фаолиятини атрофлича таҳлил этиш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

“Навқирон Ўзбекистон: анъанавий санъатга замонавий нигоҳ!” шиори остида ўтказиладиган мазкур фестивалнинг аҳамиятли томони — лойиҳага тақдим этилган ишларда асрлар мобайнида шаклланган нафис санъатнинг турли йўналишларига ёшларнинг янгича нигоҳи, муносабати ўз ифодасини топади. Ўтган вақт мобайнида мазкур тасвирий санъат байрамида муваффақиятли иштирок этган ёшлар юртимизда қад ростлаётган муҳташам бинолар, музейлар, санъат ва маданият масканларини безаш, кўча ва хиёбонлар, боғларнинг ландшафт дизайнини яратиш ишларига муносиб ҳисса қўшмоқда. Халқаро миқёсдаги турли нуфузли кўргазмалар, хорижда ўтказилаётган Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари сингари тадбирларда қатнашмоқда.

“Навқирон Ўзбекистон — 2012” санъат фестивалида ижодкор ёшларнинг тасвирий санъат, фотография, дизайн, ҳайкалтарошлик, миллий ҳунармандлик, инсталляция, видео-арт сингари йўналишлардаги асарлари намойиш этилмоқда. Уларда муаллифларнинг орзу-интилишлари, ҳаётга муносабати ёшликка хос беғуборлик ва жўшқинлик билан ифода этилган. Фестиваль доирасида санъатшунос олимлар, таниқли мусаввирлар, ҳайкалтарошлар, уста ва ҳунармандлар иштирокида давра суҳбатлари, маҳорат сабоқлари, маърифий анжуманлар бўлиб ўтади.

Яна ўқинг:  “Қаторда норинг бўлсин”

— Тасвирий ва амалий санъатнинг турли йўналишлари янгича нигоҳ билан талқин этилса-да, унинг асосий моҳияти, мақсади инсонни маънавий камолотга етаклаш, эзгуликка, пок ва олижаноб фазилатларга даъват этишдир, — дейди риштонлик кулол Мирзомазҳар Акромов.

— Фестиваль учун тақдим этилган барча ишларда ушбу жиҳатлар яққол сезилиб турибди. Бундай санъат фестивалида иккинчи марта иштирок этяпман. Ёшлар ижод саройидек муҳташам кўргазма залида ижодий ишларимнинг намойиш этилиши биз, ёшлар учун улкан шарафдир.

Фестиваль ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир сентябрь ойининг бошида бўлиб ўтади.

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: