Рамазон айтиб келдик эшигингизга…
Хушвақт бобонинг шаҳарда яшайдиган ўғли отасининг Рамазон ойида қийналмасин, деб қўярда қўймай, шаҳарга олиб келди. Қишлоқдан қоракўзлар учун қанд-қурс ва ноз-неъматлар ола келган бобони бутун маҳалла болалари хурсандчилик билан кутиб олди. Энди отахон рўза ойини набиралари қучоғида ўтказадиган бўлди.
Муқаддас ойнинг илк кунлари. Ифторликдан сўнг бобо невараларига қадим ривоятлардан сўзлаб турган маҳал кўча эшиги ортидан ёш болаларнинг овози эшитилди. Тўнғич набира тезда бориб эшикни очди. Шу пайт болалар “Рамазон айтиб келдик эшигингизга, қўчқордай ўғил берсин бешигингизга. Ўчоқда кул, кармонда пул, чиқара қолинг минг сўм пул…” дея қўшиқ айта бошлашди. Рамазоннинг сўзларини эшитган Хушвақт бобо бироз таажжубга тушиб, уларни ёнига чорлади.
– Эй болаларим, бу қўшиқни қандай айтилишини билмайсизларми? – деди. Болалар эса уялганидан “Сен биласанми, сен биласанми?” дегандай бир-бирини турткилай бошлади. Бобо эса меҳмонларни хижолат қилиб қўйганидан ўзи ҳам бироз мулзам бўлиб, уларни уйга чорлади.
– Қани, олдин ҳамма жойлашиб ўтириб олсинчи, кейин менинг ортимдан бирма-бир такрорлайсизлар. Сизларга “Ё, Рамазон” қўшиғи қандай айтилиши кераклигини ўргатаман.
– Рамазон айтиб келдик эшигингизга,
Худойим ўғил берсин бешигингизга.
Маккада бир ёғоч бор ғадир-будур,
Худойим ўғил берсин мулла Хидир.
Ё, рабибай, ё, рабибай ё, Рамазон,
Муҳаммад умматига моҳи Рамазон…
Хушвақт бува шу тарзда Рамазон қўшиғининг аслида қандай айтилишини чиройли оҳангдорлик билан болаларга ҳиргойи қилиб берди. Улар ҳам икки-уч такрордан кейин қўшиқни ёд олишди, сўнг, биргаликда такрорлашди. Бундан ҳурсанд бўлган бобо болаларни турли ҳадялар билан сийлади.
Рамазон ойи охирлаб, Хушвақт бобо қишлоққа қайтиш тадоригини кўраркан ифторлик пайти кўчадан болаларнинг шўх-шодон овози эшитилди. Улар жўр бўлиб бобо ўргатган “Ё, Рамазон” қўшиғини айтишарди. Буни эшитган отахоннинг кўнгли ёришиб, юзига табассум югурди…
Майна ҲАСАНОВА