Қандай ҳолатда ўт-тош касаллигини операциясиз даволаш мумкин?

Ўт пуфаги – овқат ҳазм қилиш тизимининг муҳим аъзоларидан бири. Шу сабабли унда кузатиладиган муаммолар организм фаолиятига салбий таъсир этади. Айниқса, ўт пуфагида ҳосил бўладиган тошларга ўз вақтида эътибор бермаслик, жиддий асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

Ўт пуфаги жигарга бириккан кичик қопча. У ўзида сафро йиғиб, овқатланиш пайти бу суюқликни 12 бармоқли ичакка ҳайдаб беради. Сафро эса танамизга озиқ-овқат билан кирадиган ёғларни қайта ишлаш ва ичак микрофлорасини меъёрлаштиришга ёрдам берувчи мураккаб суюқликдир.

 Агар у димланса ёки таркиби ўзгарса, ўт йўлларида турли нохушликлар юзага келиши ва тош пайдо бўлиши мумкин.

Бу касалликдан кўпроқ аёллар ва ортиқча вазнли инсонлар азоб чекади. Шунингдек, ўтириб ишлашга одатланган одамларда ҳам мазкур хасталик кўп учрайди. Сабаби, улар танасида бундай носоғлом ҳаёт тарзи туфайли моддалар алмашинуви сусаяди.

Қолаверса, пала-партиш овқатланадиган, ёғли ва таркибида холестерин миқдори юқори бўлган егуликларни хуш кўрувчилар ҳам асосий хавф гуруҳига киради. Чунки уларда кўпинча овқат ҳазм қилиш жараёни бузилади.

Ўнг қовурға остидаги оғирлик, оғизда аччиқ таъм сезиш, кўнгил айниши ўт пуфагида тош борлигидан огоҳ этувчи энг асосий белги ҳисобланади. Баъзида тош ўт қопидан чиқиб, сафро йўлида туриб қолса, бу хуружга олиб келиши ҳам мумкин.

Яъни ўнг қовурға ости ёки қориннинг юқори қисмида, шунингдек, ўнг елка, қўл ёки куракда қаттиқ оғриқ пайдо бўлади. Бундай вазиятда оғизда аччиқлик куча­йиб, кўнгил айнийди.

Ўт пуфагини даволаш усулини танлаш клиник белгилар ва тиббий таҳлил натижаларига боғлиқ. Беморга жарроҳлик муолажаси ёки касалликни бартараф этиш учун литолитик усуллар етарли эканини фақат шифокор ҳал қилади.

Ушбу хасталикни жарроҳлик амалиётисиз даволаш мумкин, албатта. Бунинг учун ўт пуфагидаги тошлар ҳажми 1 см.дан кам бўлиши лозим. Ана шунда ўт пуфаги ва унинг каналларини сақлаб қолиш мумкин. Бунинг учун махсус дори препаратлари ва тошларни махсус муолажа ёрдамида парчалаш усули қўлланилади.

Бу каби даво йўли фақат кичик ҳажмли тошларнигина эритиб юборади, холос. Қолаверса, сафро таркибини меъёрлаштиради.

Агар тошлар ҳажман катта ва ўт пуфагининг аксарият қисмини эгаллаган бўлса, кўп марталик хуружлар юз берса, ушбу тана аъзоси ўз вазифасини бажара олмаса ҳамда даволаш чоралари наф бермаса, операцияга мурожаат қилинади.

Махсуд НИШОНОВ,

Яна ўқинг:  Мутахассислар фикри: машина ҳайдаётганда мусиқа тингламаслик керак

тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: