Соғлом авлод – миллат келажаги

Тошкентда “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси ташкил этилганининг 20 йиллигига бағишланган “Соғлом авлод – миллат келажаги” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон парламенти аъзолари, вазирлик ва идоралар, жамоат бирлашмалари раҳбарлари, “Соғлом авлод учун” жамғармаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари, мамлакатимиз ва бошқа давлатлар тиббиёт муассасалари мутахассислари, жамғарманинг ҳамкорлари – халқаро ташкилотлар вакиллари, юртимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатлар иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси ташкил этилганининг 20 йиллигига бағишланган “Соғлом авлод – миллат келажаги” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция иштирокчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Давлатимиз раҳбарининг “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси ташкил этилганининг 20 йиллиги муносабати билан 2013 йил 23 апрелда қабул қилинган фармонига мувофиқ бир гуруҳ ходимлар давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Тадбирда Ватанимизнинг ана шу юксак мукофотлари топширилди.

Ўзбекистон истиқлолга эришгач, ўз тараққиёти ва аниқ ижтимоий йўналтирилгани билан ажралиб турадиган кенг кўламли ислоҳотлар йўлини танлади. Мамлакатимизда аҳолининг 40 фоизини 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ташкил этади. Шу боис жисмонан соғлом, маънавий етук, ақл-заковати юксак, мустақил фикрлайдиган ва келажакка ишонч билан қарайдиган баркамол авлодни тарбиялаш ҳақида ғамхўрлик қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов таъкидлаганидек, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

Бу борадаги хайрли ишларда давлат тузилмалари қатори мамлакатимизнинг кўплаб жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар орасида Президентимиз Ислом Каримовнинг 1993 йил 23 апрелда қабул қилинган фармонига биноан ташкил этилган “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси алоҳида ўрин тутади. Жамғарма хотин-қизлар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолига санитария-гигиена қоидаларини етказиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Жамғарма давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этиш билан бирга, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялашдек муҳим вазифаларга тўлиқ жавоб берадиган ўзининг кўплаб лойиҳаларини ҳам ҳаётга татбиқ этмоқда.

Анжуманда “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси бошқаруви раиси С.Иномова жамғарма фаолияти тўғрисида ҳисобот берди.

Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини, жумладан, фаровон, соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси мамлакатимиз ратификация қилган дастлабки халқаро ҳужжатлардан биридир. Истиқлол йилларида бу соҳага тааллуқли 14 қонун, шу жумлдан, 2008 йил 7 январда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун, давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ҳамда қарорлари, юздан ортиқ бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Яна ўқинг:  Жажжи кўнгиллар чароғбони

Соғлом болалар туғилиши ва вояга етиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида қатор давлат дастурлари амалга оширилмоқда. Аҳолининг репродуктив саломатлик сифатини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишни янада яхшилаш, оила институтини мустаҳкамлашга доир самарали чоралар кўрилмоқда. Мамлакатимизда болалар соғлом туғилиб вояга етиши, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида жадал амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиши учун муҳим ишлар бажарилмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш доирасида жаҳон ҳамжамияти томонидан бошқа мамлакатлар учун намуна сифатида эътироф этилган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш миллий модели яратилди. Бугун кўплаб давлатлар Ўзбекистонда яратилган моделни ҳисобга олган ҳолда, соғлиқни сақлаш соҳасида ўз ислоҳотлар стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Ўзбекистоннинг жаҳон рейтингида болалар саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатилаётган ўн давлат қаторидан жой олгани ҳам мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган улкан ишлар ўзининг юксак самараларини бераётганидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари А.Комиловнинг таъкидлашича, том маънода умуммиллий ҳаракатга айланган “Соғлом она – соғ­лом бола” дастурини ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда энг чекка туманлардаги хотин-қизлар ва болаларга ҳам малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Замонавий аппаратура билан жиҳозланган қарийб 3200 қишлоқ врачлик пункти ташкил этилди. Давлат томонидан кафолатланган бепул шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича мутлақо янги тизим ташкил этилиб, самарали фаолият кўрсатмоқда. Туғруқхона комплекслари ва болалар тиббиёт муассасаларининг фаолияти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига жавоб берадиган илғор ташхис қўйиш, профилатика ва даволаш технологияларига асосланган. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида скрининг-марказлар тармоғининг ташкил этилиши ҳисобидан ирсий касалликлар ва ривожланишда туғма нуқсонлари бор болаларнинг туғилиши сезиларли даражада камайди. Перинатал марказлар тармоғида янги тиббий услублар кўмагида энг мураккаб ҳолатларда ҳам болаларнинг соғлом туғилишида ёрдам кўрсатилмоқда. Барча тиббиёт муассасалари халқаро стандартлар асосида тайёрланган юқори малакали кадрлар билан таъминланган. Ҳар йили туғиш ёшидаги аёллар ва болаларни оммавий профилактика кўригидан ўтказиш йўлга қўйилган. Витаминлар ва микроэлементлар етишмаслигини, хусусан, унни тўйинтириш ҳамда тузни йодлаш орқали олдини олиш бўйича дастурлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Икки ёшгача бўлган болаларнинг барчаси эмланмоқда. Ушбу чора-тадбирлар натижасида хотин-қизлар ҳамда болалар ва умуман, мамлакатимиз аҳолисининг касалланиш даражаси анча камайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 22 февралдаги қарорига асосан “Соғлом авлод учун” жамғармаси томонидан ноёб тиббий-ижтимоий патронаж тизими ташкил этилди. Бу вазифани мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида шакллантирилган сайёр бригадалар мутахассислари амалга оширмоқда. Улар оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий шароити, улардаги психологик муҳит ва оила аъзоларининг саломатлигини ўрганмоқда. Бундай патронаж тизими фаолият кўрсатишни бошлагандан буён замонавий ташхис қўйиш ва даволаш услубларидан фойдаланган ҳолда, 3 миллион нафардан ортиқ киши, асосан олис аҳоли пунктларида яшайдиган хотин-қизлар ҳамда болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилди. Кўмакка муҳтож оилаларга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари бир пайтнинг ўзида оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришга қаратилган кенг санитария-маърифат ишларини ҳам амалга оширмоқда. Шу мақсадда маҳаллалар, таълим муассасаларида мутахассислар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари уюштирилмоқда.

Яна ўқинг:  Устувор, улуғвор мақсад

Сўнгги икки йилда жамғарма томонидан ўсиб келаётган ёш авлодни соғломлаштириш ва баркамол тарбиялашга қаратилган давлат дастурларини амалга ошириш борасида ўнлаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси иштирокида Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига саккиз марта “Саломатлик” поезди ташкил этилди. Бу поездларнинг шифокорлар бригадалари таркибига мамлакатимиз етакчи клиникаларининг ташхис қўйиш ва даволаш билан шуғулланадиган турли соҳа мутахассислари киритилган бўлиб, улар аҳолига тиббий маслаҳатлар бермоқда, даволаш ва профилактик ёрдам кўрсатмоқда. Бундан ташқари, жойларда аҳоли, биринчи навбатда, кўп болали ва кам таъминланган оилаларга хайрия ёрдами кўрсатилмоқда, дори-дармонлар, витаминлар ва гигиена воситалари берилмоқда.

Конференцияда Ўзбекистон хотин-қизлар ва болаларни бепул скрининг-текширувдан ўтказиш бўйича тизим фаолият кўрсатаётган дунёдаги кам сонли ва МДҲдаги ягона мамлакат экани таъкидланди. “Она ва бола скрининги” Давлат дастури ижросини таъминлаш доирасида сўнгги икки йилда мамлакатимиз скрининг марказларида қарийб уч миллион неонатал тадқиқот ўтказилди. Хавфли гуруҳга кирадиган чақалоқларда ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида зарур препаратлар ва махсус болалар озуқалари бепул берилмоқда.

Соғлиқни сақлаш муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий даволаш-ташхис қўйиш асбоб-ускуналари, инвентарь ва дори-дармонлар билан таъминлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги болалар шифохонаси, Нукус шаҳридаги туғруқхона комплекси, “Чортоқ” болалар санаторийси, бошқа тиббиёт ҳамда соғломлаштириш муассасаларига шундай манзилли ёрдам кўрсатилди. Тошкентда “Соғлом авлод учун” жамғармаси Тиббий-ижтимоий марказининг янги биноси қурилиб, тўлиқ жиҳозланди. Жамғарма мамлакатимиз ҳудудларидаги шифокорларнинг хорижий тиббиёт марказларида малакасини оширишга ҳам кўмаклашмоқда.

Жамғарма хорижий шериклар ёрдамида туғма касалликлари ва ривожланишда нуқсонлари бор болаларни мамлакатимиздаги, Австрия, Германия ва Жанубий Кореядаги энг яхши клиникаларда бепул ва тезкорлик билан даволашни йўлга қўйди.

Хайрия фаолиятига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Меҳрибонлик уйлари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар тарбияланувчилари, ногирон болалар, серфарзанд ва кам таъминланган оилаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда.

Шубҳасиз, соғлом турмуш тарзини таъминлашда энг яхши восита — бу жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришдир. Шунинг учун хотин-қизлар ва болалар, айниқса, қизларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш жамғарма фаолиятида муҳим ўрин тутади. Бу борада спортнинг теннис ва стол тенниси, бадиий гимнастика, синхрон сузиш, бадминтон, волейбол каби кўплаб турлари бўйича турли мусобақалар ташкил этилмоқда. Баркамол авлодни тарбиялашда болаларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш ҳам муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда ҳар йили ёш мусиқачилар, хонандалар, раққос ва рассомларнинг республика ҳамда ҳудудий кўрик-танловлари ўтказилмоқда.

Яна ўқинг:  Онгни фақат мия бошқарадими?

Жамғарма томонидан мамлакатимиз давлат ва жамоат тузилмалари, халқаро шерик-ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу хайрли ишлар, аввало, узоқ муддатли самарага эришиш — миллат генофондини сақлаш ҳамда яхшилаш, аҳолининг умр кўриш давомийлиги ва сифатини ошириш мақсадида соғлом авлод туғилиши ва вояга етиши учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган.

Мамлакатимизда Обод турмуш йили деб эълон қилинган 2013 йилда “Соғлом авлод учун” жамғармаси болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг саломатлик сифатини ошириш бўйича ўзининг инсонпарварлик ҳамда хайрия миссиясини бажаришни янада фаоллаштириши таъкидланди.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида оналар ва болалар ўлими уч баравар камайганида “Соғлом авлод учун” жамғармасининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Конференцияда хорижий иштирокчилар Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама ривожланган ёш авлодни тарбиялаш борасида қўлланилаётган янгича ёндашув улкан натижалар бераётганини, бу дунёнинг бошқа кўплаб давлатлари учун намуна бўлиб хизмат қилиши ҳамда мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсат юксак самаралар бераётганидан далолат эканини таъкидлади.

Тадбирда сўзга чиққан “Прибори Ой” компаниясининг тижорат директори Мария Кивисто (Финляндия), “Фриеденсдорф интернейшнл” халқаро ташкилоти директори Томас Якобс (Германия), Корея халқаро соғлиқни сақлаш фонди вице-президенти (KOFIH) Пак Пёнг Рёль (Корея Республикаси), Туркия халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлигининг (TIKA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Явуз Жорух, Россия Тиббиёт фанлари академиясининг тиббий-генетика илмий маркази лабораторияси мудири Екатерина Захарова ва бошқалар шу ҳақида гапирди.

Муҳокама якунлари бўйича қабул қилинган тавсияларда Ўзбекистонда соғлом болалар туғилиши ва ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги ишлар сифатини тубдан яхшилаш, бу борадаги ишларда жамоат ташкилотларининг кенг иштирокини таъминлаш ҳамда уларнинг салоҳиятидан ҳар томонлама фойдаланиш бўйича тўпланган бой тажрибани ўрганиш ва кенг қўллаш зарурлиги қайд этилди.

“Туркистон” саройида меҳрибонлик уйлари болалар ижодий жамоалари иштирокида “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси ташкил этилганининг 20 йиллигига бағишланган байрам концерти бўлиб ўтди.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.

Анна ИВАНОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: