Мукофот, рағбат, масъулият
Сияре ДЖАМБЕКОВА,
“Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси тиббий-ижтимоий маркази шифокори, “Дўстлик” ордени соҳиби:
– Мен ушбу йўналишда деярли жамғарма ташкил қилинган вақтдан буён фаолият юритиб келмоқдаман. Мамлакатимиз раҳбарининг “Соғлом авлод учун” жамғармаси ташкил этилганлигининг 20 йиллигига бағишланган “Соғлом авлод – миллат келажаги” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция иштирокчиларига йўллаган табриги ва ундаги тиббий ижтимоий патронаж ҳақидаги самимий фикрларидан бағоят хурсанд бўлдим. Дарҳақиқат, Истиқлол йилларида юртимизда аҳоли саломатлигини сақлаш борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Жамғарма тасарруфидаги тиббий ижтимоий марказ фаолияти ҳам мустақилликнинг илк йилларида йўлга қўйилди. Бугунги кунда марказ мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, халқаро ташкилотлар кўмаги билан замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган янги ва кўркам бинода аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Ҳукуматимиз мени “Дўстлик” орденига муносиб деб билган экан, бу ишонч зиммамга янада катта масъулият юклайди.
Даврон ЮЛДОШЕВ,
“Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасининг Навоий вилояти Нурота тумани таянч пункти директори, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби:
– Бизнинг Нурота мамлакатимизнинг энг олис туманларидан биридир. Ана шу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, уларга малкали тиббий хизмат кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда жамғарма ташкил қилган автоамбуланс-мини поликлиникасининг ҳиссаси катта бўлди.
Мамлакатимиздаги улуғвор ўзгаришларда, жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишни ташкил этиш ишида муносиб ҳиссам борлигидан ва уни ҳукуматимиз муносиб тақдирланганидан бағоят хурсанд бўлдим. Инсон ўз меҳнатининг самарасини кўрса, кучига куч, қувончига қувонч қўшилади. Давлатимизнинг юксак мукофоти мени рағбатлантириш билан бирга, янада ғайрат билан ишлашга ундайди.
Раҳима РАҲМОНОВА,
“Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасининг Самарқанд вилояти минтақавий филиали директори:
– Боланинг бегонаси бўлмайди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти эса айнан тили, миллати, дини ва ирқидан қатъий назар юртимиздаги барча болалар ва оналарнинг соғлом ва баркамол бўлишларини таъминлашга қаратилган. Ана шундай аҳоли саломатлигига эътибор ва ғамхўрлик бор мамлакатнинг эса эртаси обод, фарзандлари соғлом бўлади. Президентимиз томонидан берилган «Дўстлик» ордени нафақат менга, балки оналик ва болаликни муҳофаза қилишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган барча жамоадошларимга билдирилган юксак эҳтиром намунаси, деб ўйлайман. Бундан кейинги фаолиятим давомида ҳам халқимиз саломатлигини сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўлида самарали меҳнат қилишга ваъда бераман.
Фирдавс ХОЛИҚОВ,
“Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси ташкилий-услубий бўлими бошлиғи, “Шуҳрат” медали соҳиби:
– Бугун мамлакатимизда соғлом авлодни тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Мана 20 йилдирки, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ана шу эзгу йўлда кўплаб хайрли ишларни амалга оширмоқда.
Президентимиз “Соғлом авлод учун” жамғармаси ташкил этилганининг 20 йиллигига бағишланган “Соғлом авлод — миллат келажаги” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция иштирокчиларига йўллаган табригида шундай дедилар: “Юртимизда шаклланган репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича миллий модель Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари учун энг яхши минтақавий дастур сифатида тавсия этилгани, ҳеч шубҳасиз, халқаро миқёсдаги юксак эътирофдир”. Дарҳақиқат, “Соғлом она — соғлом бола” дастурини ҳаётга жорий этишда жамғарманинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигидан қалбим чексиз шодликка тўлади.
Р.Зарипова ёзиб олди