БОЛАЛАРДАГИ ҚИЗҒАНИШ ҲИССИ

бунинг боиси нимада?

Болалар орасидаги бир-бирини қизғанишлар кўпчилик оилалар учун муаммоли вазиятларни юзага келтиради. Юқорида таъкидлаб ўтилган бундай ҳолатлар ҳар бир даврда мавжуд бўлган, у бизга бир қанча эртаклар орқали ҳам етиб келган. Болалар ўз укасидан ёки синглисидан ота-онасини қизғаниши натижасида, ҳатто тери қуриши, иммунитетнинг пасайиб кетиши натижасида, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг асоратли кечиши), қайт қилиш каби ҳолатлар ҳам рўй бериши мумкин экан. Бу хусусда психологларнинг фикри қандай? Саволларимизга психолог Севара Матқурбонова жавоб беради.

Болаларнинг ота-онасини қизғана бошлашига асосий сабаб ота-она ўз меҳрини бошқа бировга ёки оилага ташриф буюрган янги меҳмонга кўрсатиши билан тўнғич фарзандларнинг феъл-атворида салбий ўзгаришлар юзага кела бошлайди. Чунки, шу пайтгача бор диққат эътибор унга қаратилган, унинг хоҳиш истаклари доимо инобатга олинган эди. Энди эса оилада унинг “рақиби” пайдо бўлди. Ота-онаси кўпроқ унга эътибор қарата бошлади, бу вазиятни кўрган болада ука ёки синглисига нисбатан қизғаниш ҳисси уйғонади. Ушбу муаммо айниқса, болалардан бирининг касал бўлиб қолиши, унга ота-онанинг диққати кўп қаратилиши натижасида кучая боради.

Қизғаниш сабабли боланинг хулқ-атворида кескин ўзгаришлар юз беради. Гапга кўнадиган, мулойим болакай энди инжиқлик қила бошлайди. Шундай ҳоллар бўладики, яқинлари тугул, унинг ўзи ҳам нима хоҳлаётганини билмайди. У учун энг асосийси ота-онаси, яқинлари эътиборини шу йўл билан ўзига қаратиш. Шуни унутмаслик керакки, болалардаги сурункали касалликларнинг пайдо бўлишига қизғанишлар сабаб бўлишини психологлар исботлашган. Яна шундай вазиятлар бўладики, она туғруқдан сўнг ўзини ёмон ҳис қилса ёки депрессия (тушкунлик) ҳолатида бўлса, тўнғич фарзанд қийин ҳолатдаги қизғаниш туйғусини бошдан ўтказади. Унга кўра онасининг бу ҳолати чақалоқ билан боғлиқ. Демак, онасининг ташвишига шу гўдак сабабчилиги хусусида тўнғич фарзандда салбий таассурот юзага келиши мумкин.

Туғруқлар оралиғидаги яқин фарқ ҳам болаларда рашк ҳиссини уйғотади. Психологларнинг кузатишларича, болалар ўртасидаги салбий келишмовчиликларга улар орасида 5 ёш фарқ бўлганда, айниқса, яққол кўзга ташланади. Кенжатой тўнғич фарзандга ҳавас қилади, сабаби тўнғич фарзанд бироз кеч ухлаши, кечки фильмларни томоша қилиши, кўчада кўпроқ ўйнаб келиши мумкин. Тўнғич фарзандга эса кенжатой кичкина бўлганлиги сабабли онаси унга кўпроқ ғамхўрлик қилаётгандек туюлади. Шу билан биргаликда кичик фарзанднинг уйда ҳеч қандай мажбуриятга эга эмаслиги уни ҳавасини келтиради. Оилада шундай ички тартиб-интизом яратилиши керакки, унда оиладаги ҳар бир боланинг имтиёзлари билан биргаликда мажбуриятлари ҳам мавжуд бўлсин. Шунда кенжа фарзанд вақт ўтиши билан акаси каби имкониятларга эга бўлиши баробарида қилиниши керак бўлган мажбуриятлар ҳам борлигини тушуна боради. Энг муҳими фарзандлар қилинган ҳар бир салбий хатти-ҳаракати учун жавоб беришга мажбур эканликларини тушуниб етишади. Яна шундай оилалар борки, ота-оналарнинг болаларга нисбатан ёмон муносабати, зарда, ноҳақлик, таъқиқлар натижасида қизғаниш юзага келади.

Яна ўқинг:  ҒОЛИБ БИЛИМДОНЛАР

Буни олдини олиш чораси бор. Болани оилада яна бир ширинтой туғилишига тайёрлаб бориш зарур. Унга кичкинтойга бўлган муносабат нафақат ўзига, балки бутун оилага салбий таъсир қилишини болага тушунарли тилда таъкидлаб бориш мақсадга мувофиқ. Асосийси болага эътиборли бўлиш даркор, унинг ука ёки синглисига бўлган қизғанишига, оиладаги катталарнинг узоқ вақт эътиборсиз бўлишлари сабабли салбий натижаларга олиб келиши мумкинлигини унутманг. Тўнғич фарзанд чақалоқ билан гаплашиб, у билан ўйнаб бўлмаслигини тушунгач ундан ҳафсаласи пир бўлади. Шундай вазиятда ота-оналар фарзандига чақалоққа катталарнинг ғамхўрлиги ва ёрдами зарур эканлиги тушунтириши керак. Иложи борича янги меҳмон туғилгандан сўнг тўнғич фарзандга бўлган эътиборни камайтирманг. Агар имконингиз бўлса, тўнғич фарзандингизни бувиси, холаси ёки қўшнининг уйига жўнатманг. Болакай буни ота-онамга кераксизлигим сабабли мени бошқа болага алмашишди, деб тушунади. Оиладаги барча ўзгаришларни секин-асталик билан амалга оширинг.

Ота-оналар болалар билан сайрга чиқишлари, қизиқарли ўйинлар ўйнашлари ёки уларга севимли китобларни ўқиб беришлари болалар ўртасидаги муносабатларни яхшиловчи энг яхши усул бўлиб ҳисобланади. Қизғанишга қарши энг асосий восита бу – ота-онанинг болаларга бўлган кайноқ меҳри. Агар фарзандлар ота-оналари уларни ўзига хос тарзда севишларини ҳис қилишса бир-бирларидан қизғаниш учун ҳеч қандай важ топа олмайдилар.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: