Жажжи кўнгиллар чароғбони

Инсон ҳаётда яшар экан, унинг бирор бир касб-ҳунарни эгаллашида муносиб ҳисса қўшган устозлари бўлади. Шу сабабдан устоз отадек улуғланади, қадрланади. Кўпчилик биринчи устозига ҳавас қилиб унга ўхшаб мураббий бўлиш истагини қалбига жо қилади. Лавҳамиз қаҳрамони Олимжон Бимбетов ҳам шу сабаб ўқитувчилик касбини танлади.

– Ўқитувчилик дунёдаги энг шарафли ва масъулиятли касблардан бири. Ҳар бир ўғил-қизни чуқур билимли, интеллектуал салоҳиятли комил инсон этиб вояга етказишда устозлардан мустаҳкам билим, масъулият ҳамда фидойилик талаб этилади. Келажак авлод қалбига зиё нурларини таратиш, уларни она Ватанга садоқатли, меҳнатсевар этиб тарбиялаш ва вақти келиб ана шу меҳнатлари маҳсулидан фахрланиш ҳар бир устознинг эзгу ниятидир, – деган эди Олимжоннинг мактабдаги устози Хожаназар ака Жумағулов. Бу сўзлар болаликдан ўқитувчилик касбига унда меҳр уйғотди ва унинг ёдида бир умрга муҳрланиб қолди.

Қаттиққўл, талабчан Ўтарбой ака ўғлига жуда кўп китоб совға қиларди. Бунинг учун Олимжон отасидан ниҳоятда миннатдор. Уй кутубхонаси унинг севимли маскани бўлиб, болалик шўхликларидан ортиб “Ўзбек халқ эртаклари”, “Гулливернинг саёҳати” ва бошқа турли миллат эртак китобларини, кейинчалик “Ибн Сино ўгитлари” ва табобатга доир кўпгина китобларни қайта-қайта ўқирди. Ана шу асарлардан у одамийлик, яхшилик каби фазилатларни олиб вояга етди.

Олимжон Бимбетов 2005 йили Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтига грант асосида ўқишга кирди. Талабалик йилларида таълим масканида ҳамда республика миқёсида ўтказиладиган турли танловларда фаол иштирок этди, институтда ташкил этилган “Зиёли ёшлар” клубининг фаол аъзоси, “Ёш олимлар” клубининг етакчиси сифатида фаолият олиб борди.

Ўзининг юксак салоҳиятини намоён этиб “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази томонидан ташкил этилган “Биз бир жамоамиз” акцияларининг фаол иштирокчисига айланди. Кейинчалик марказ қошида ташкил этилган “Интеллектуал клуб” координатори бўлиб фаолият олиб борди. Шунингдек, 2006-2007 йиллар давомида Қорақалопоғистон Республикаси Репродуктив саломатлик марказида ёшлар қўмитасига етакчилик қилиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиб, қатор лойиҳаларда иштирок этди.

2005 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан ташкил этилган “Силга қарши кураш” лойиҳасида фаол иштирок этиб, Қораўзак, Шуманай, Тахтакўпир каби чекка туманларидаги қишлоқ аҳолисига мазкур касаллик ҳақида тўлиқроқ маълумот бериш, касалликнинг олдини олиш профилактикаси борасида аҳолининг тушунчасини мустаҳкамлашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

Яна ўқинг:  “Kampirdevor” bitiklari

Ўқишни муваффақиятли тугатгач, Нукус шаҳридаги Қизкеткен посёлкасида жойлашган 20-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчилик фаолиятини бошлади. 2013 йили К.Убайдуллаев номидаги Қорақалпоғистон Республикаси педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида малака ошириб бошланғич таълим фанидан дарс бериш имконини қўлга киритди.

Бугунги кун ўқитувчиси доимо ўз устида ишлаши, изланиш ва ўрганишдан тўхтамаслиги керак. Чунки, ҳозирги замон ўқувчисида билимга, янгиликка интилувчанлик юқори. Шу боис ўқитувчилардан дарсларни илғор педагогик технологиялар, инновацион усуллар, интерактив усуллардан фойдаланган ҳолда ташкил этиш талаб этилади. Бу эса таълим муҳитининг қулай ва қизиқарли бўлишини таъминлайди. Ёш педагогнинг ҳар бир фан бўйича ўтадиган дарслари ана шундай қизиқарли.

– Олимжон Бимбетов педагогик фаолияти давомида ташкилотчилик ва янгиликка интилувчанлик қобилияти билан жамоа ҳурматини қозонган. О.Бимбетов ўтадиган “Очиқ дарс”га кирсангиз болалар билан биргаликда эртаклар оламига саёҳат қиласиз. У ўзига ва ўқувчиларга талабчан. Бошланғич синф ўқувчиси билан тил топишиш анча мушкул. Аммо, бизнинг Олимжон буни жуда яхши эплайди. Педагогик кенгашларда фаол ўқитувчиларни мукофотлаш мактабимизда одат тусига кирган. О.Бимбетов ана шундай кенгашларда “болажон” номини олган, – дейди мактаб директори, Ўзбекистон халқ таълими аълочиси Диляра Маткаримова.

У ҳар бир дарс жараёнида ўтилаётган мавзуга имкон қадар ўқувчиларнинг эътиборини жалб қилишга ҳаракат қилади. Ўйин ва бошқа қизиқарли услубларга таянган ҳолда ўтилган машғулотлар жажжи ўғил-қизлар қалбида катта таассурот қолдираётгани ота-оналарнинг фикридан ҳам маълум:

– Ўғлим мактабдан қайтгач кўчага шошилар, уйда дарс тайёрлашга унчалик рўйхуш бермасди. Аста-секин устози ўгитлари унга таъсир этиб, уйда дарс қилишга ўрганди. Чунки, Олимжон Бимбетов болаларнинг қалбига йўл топа оладиган устозлардан. У ҳаттоки болаларимизни мактаб олдидаги йўлдан етаклаб ўтиб, машинага чиқариб қўяди, – дейди ўқувчилардан бирининг онаси ёш педагог ҳақида гапирар экан.

Олимжон турмуш ўртоғи Бибижан билан жажжи қизи Жанияни вояга етказмоқда. Бу ёш оилага маҳалладагилар ҳам ҳар томонлама ҳавас қилишади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: