Қиз боланинг ўн бармоғидан ўн ҳунар томсин

Сизга кимдир “гиламни чаппа қилиб тўшанг”, деса, ҳайрон қоласиз. Чунки, бизда ҳар нарсанинг ўнги кўримли деб баҳоланган. Чироқчилик ёш ҳунарманд, гиламдўз Ҳулкар Тўқбоеванинг айтишича, гилам турларининг сараси, машаққати бисёри бўлган “Қизгилам” худди шундай ҳолатда – чап томони билан ҳам “юзлашаркан”.

– “Қизгилам” миллийлигимиз билан уйғунлашган, – дейди ёш ҳунарманд. – Унда тизилган гуллардан тортиб, номида ҳам ўзлигимиз акс этган. Азалдан ўзбек қизларининг ташқи кўриниши, ички дунёси билан уйғунлашиб ибо-ҳаё, одоб каби инсоний гўзал туйғуларни янада ёрқинроқ акс эттирган. Бу гилам ҳам шундай: ўнг томони чиройли, чап томони эса ундан-да гўзал. Шу сабаб бу гилам турига “Қизгилам” деб ном берилган.

Юртимизда қадимий урф-одатларимиз, анъаналаримиздан сабоқ берувчи соҳа – ҳунарманд­чиликнинг ривожи учун кенг имкониятлар яратилган. Жумладан, оилавий тадбиркорлик, касаначилик, устоз-шогирд мактаблари, турли тўгараклар воситасида момомерос гиламдўзлик сайқал топиб, эски усуллари ҳам тикланмоқда. Вилоятимизнинг кўпгина қишлоқларида қиз бола турмушга чиқишдан олдин, албатта, ўз қўли билан тўқиган “Шоҳгилам”, “Араби”, “Қоқма”, “Довруғ” каби гиламлар унинг сепини безаб туриши лозим, деб топилган. Айнан шу урф-одат замон тараққий этиб, турли сунъий хом ашёдан ишланган гиламлар истеъмолга кирган бўлса-да, бардавом яшамоқда.

– Табиийликка қизиқиш – нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам кучли, – дейди Ҳулкар. – Табиий гиламларда бир кичик муаммо бор – оз миқдорда бўлса ҳам унинг ранги чиқади. Бу, албатта, гиламнинг кўринишига таъсир қилади. Шуни ҳисобга олган ҳолда табиий жун ранглари: қора, кулранг, сариқ, оқ, кўк кабилардан ўринли фойдаланиб, бежирим гилам яратишни мақсад қилдим. Бунинг учун дизайнерлик қобилияти, ранглар уйғунлигини тасаввур қила олиш, “чиқишадиган” рангларни танлай ола билиш лозим. Бу борада устозим Салтанат Қўлдошева билан маслаҳатлашиб, йўл-йўриқ олдим ва буни уддаладим. Табиий жундан тўқилган гиламлар, аввало, соғлиқ учун фойдали. Мутахассислар тўқима гиламлар оёқларни доимий массаж қилишини, нам ўтказмаслигини ва оёқлардаги турли хасталикларнинг олдини олишини таъкидлашади. Ҳатто, туя жунидан тўқилган гилам бўғимдаги тузларни эритиш хусусиятига эга экан. Табиий жун рангларидан фойдаланиш эса гиламларнинг сифатини ҳам бекаму кўст ҳолга келтирди. Энди улар қанча ювилса, шунча “очилади”. Навбатдаги ишим – турли ноанъанавий шакллар: қалдирғоч, арслон, товус кабиларни гиламларда гавдалантирдим. Бу маҳсулотимни янада харидоргир қилди.

Яна ўқинг:  ОЛИС МАНЗИЛЛАРДА: САЛОМАТЛИК ВА ИНСОНПАРВАРЛИК КАРВОНИ

Дастгоҳ, тўқмоқ ва қайирма. Биргина гилам тайёр ҳолга келгунича ўртача бир ой кетади, деб ҳисобласак, ана шу бир ой давомида бу иш қуроллари билан тиллашилади. Асосийси, гиламдўз бундан зерикмайди. Ҳар сафар бу иш қуролларини қўлига олиб буюм тўқир экан, вақтнинг ҳисобини эсдан чиқаради. Сабрини синовдан ўтказиб, иродасини меҳнатда тоблайди. Гиламдўз гиламга кўз нури билан бирга қалб қўрини қўшиб тўқийди ва маҳсулот ҳам кўзни қувнатувчи, дилларни яйратувчи бўлади.

– Момомнинг айтганлари бор: қиз боланинг ўн бармоғидан ўн ҳунар томсин, – дейди Ҳулкар. – Гиламдўзликдан ташқари, бисер, каштачилик, қуроқ тикиш каби ҳунарларни ҳам яхшигина ўзлаштирдим. Бундан ташқари, дастгоҳимда телефон учун ғилоф, ойнахалта, қошиқхалта, утовнинг барча ашёларини тўқийман.

Коллежда ахборот технологияларини ўрганаяпман, бу билимни эгаллаш ҳозир замон талабига айланди. Агар компьютерни яхши билсам, гиламларим кўргазмасини дунё миқёсида ташкил қилиш ва сотиш имконияти туғилади. Қолаверса, ҳунар юзасидан тажриба алмашиш учун интернет тармоғининг ҳам имконияти катта.

Ўн тўққиз ёшли гиламдўзнинг йигирмага яқин шогирди бор. Бундан ташқари, у “Ташаб­бус”, “Қўли гулдир ўзбек аёлин!”, “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” ва бошқа кўргазма, танловлар, фестивалларнинг фаол қатнашчиси.

Чироқчининг чекка қишлоқларидан бири – Бешчашмада ижод қилаётган Ҳулкар каби ёшлар эришаётган ютуқлар юртимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати чекка-чекка ҳудудларни ҳам қамраб олганлиги самараси. Танловларда ёшларимиз эришаётган муваффаққиятлар эса ижодга рағбат ва яратилган имкониятларнинг мевасидир.

Замира РЎЗИЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: