Реклама

Оромгоҳга бормаган бола таътилни қандай ўтказади?

Ёз фасли ўзининг иссиқ тафти ва таровати билан бошқа фасллардан ажралиб туради. Бу пайтда тоғ ён-бағирларида жойлашган сўлим оромгоҳларда маза қилиб ҳордиқ чиқаришга, табиат манзараларини томоша қилиб, тоза ҳаводан тўйиб нафас олишга нима етсин.

Бироқ, барча ота-оналар ҳам ўз фарзандларини бундай масканларга юборишга имкони етмайди. Шу сабаб таътил вақтида болаларни зерикиб қолмасликлари учун ота-оналар уй шароитида ҳам уларга мароқли ҳордиқ онларини инъом этишлари мумкин. Бундан ташқари ҳозирда маҳалла ва таълим муассасаларида ҳам таътил мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш учун кенг имкониятлар яратилган. Жумладан, умумтаълим мактабларида турли фан тўгараклари ва спорт машғулотлари фаолияти йўлга қўйилган. Агар фарзандингиз спортга қизиқса, улар учун шароит яратиб беринг. Бу билан уларнинг спортга бўлган қизиқишини оширган бўласиз. Бундан ташқари фарзандларингизни сузиш ҳавзаларига олиб боринг. Агарда бунга имкониятингиз бўлмаса, уйда болаларнинг чўмилиши учун шароит яратиб беринг. Чунки чўмилиш болани жисмонан соғлом бўлишига ёрдам беради.

 

Дарсликни такрорлаш

Фарзандингиз таътил вақтида ўқишни эсдан чиқармаслиги учун унга турли мавзулардаги китобларни олиб беринг. Ёки дилбандингизга уларни ўзингиз ўқиб беринг. Мутоладан зерикмаслиги учун дарсларни ўйин тарзида олиб боринг. Эртак ўқиётганингизда образга кириб, китобдаги қаҳрамонларга нисбатан уларда қизиқиш уйғотинг.

 

Болани ёзишга ўргатиш

Кўпчилик болалар мустақил ёзишга қизиқмайди. Уларни бу машғулотга қизиқтириш учун рангли ручкалардан фойдаланинг. Сўзларни ёзаётганида унинг нечта бўғиндан иборат эканини сўраб туринг. Бу билан фарзандингизни мустақил ўқишга ва ёзишга ўргатган бўласиз. Ҳар бир тўғри ёзган сўзи учун уларни рағбатлантириб туринг. Машғулотлар вақти 10-15 дақиқадан ошмаслиги керак.

 

Кечки сайрнинг фойдаси

Кечки пайт болангиз билан сайрга чиқишга одатланинг. Бу ўзингиз учун ҳам жуда фойдали. Фарзандингиз учун тинч, қулай бўлган жойларни танланг. Сайр давомида қандай ўсимлик ва ҳайвонларни кўрганини ва уларнинг ранглари ҳақида сўранг. Ўлкамиз табиати ҳақида гапириб беринг. Сайр давомида тез айтиш машқларидан ҳам фойдаланиб туринг, бу боладаги фаолликни янада оширади. Болада қандайдир қизиқарли савол туғилса, албатта, жавоб беринг. Табиат ва мавжудотларга бўлган меҳрни унга болалигидан уйғотинг.

Ота-оналар шуни ёдда тутишлари керакки, ёзги таътил давомида болаларни машғулотларга мажбурламанг. Ўзи мустақил ўйнашига имконият яратинг. Шундагина фарзандингизни билимли ва соғлом вояга етишида, ёзги таътилни мароқли ўтказишда кўзлаган мақсадингизга эришасиз.

Яна ўқинг:  “SHODLIK” BAG‘RIDAGI SHODON BOLALAR

 

Дилфуза АЗИМОВА

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: