Қош қўяман деб, кўз чиқараётганлар

Ҳукм фақат қонунга биноан чиқарилади

Қишлоғимизда Бувражаб исмли аёл бўларди. Онахоннинг тўрт нафар фарзанди бор эди. Эрининг ялқовлиги сабаб рўзғор аравасини аёлнинг ўзи тортарди. Бир куни туманимиздаги Бўка савдо бозоридан қайтган қўшнимиз онамнинг ёнига югургилаб келди-да, шоша-пиша сўзлай кетди:

– Бувражабни бозорда одамлар ушлаб олди. Оёқ кийим ўғирлаган экан кўриб қолишди. Бозордаги сотувчилар қўлларидан ушлаб, ўғирлаган нарсаси билан роса савалади.

– Сиз қаерда эдингиз, ёрдам бермадингизми?

– Вой опа, оломонни ичига аралашиб бўладими, шеригисан деб менга ҳам ташланиб қолишсачи?!

– Яхши иш бўлмапти. Баъмани аёл эди, нима жин урди экан-а?…

Суҳбат узоқ давом этди. Ростдан ҳам Бувражаб опа яхши инсон эди. Рўзғор ташвишлари бир аёл зиммасига оғирлик қилдимикан ёки фарзандининг яланг оёқ юришига чидолмадимикин?!

Аёлнинг маҳаллада бош кўтариб юриши қийин бўлди. Балки, бозордаги сотувчилар бошқа чора кўришганида аёл иснодда қолмасмиди?!

Бу воқеага ҳам мана олти йил бўлди. Аммо халқ орасида “самосудлар” ҳануз давом этмоқда. Интернет оммалашгандан сўнг “самосудлар” акс этган видео тасвирлар тарқалмоқда. Жамиятда бундай ўзбошимчаликка қарши фикрлар, эътирозлар билдирилгач, ички ишлар ходимлари ҳам мазкур масалага жиддий ёндоша бошлади. Аммо бу ҳозирча ўз самарасини бергани йўқ. Масалан, “самосудлар”нинг аксарияти гавжум бозорларда содир этилаётгани сир эмас. Ажабланарлиси, ур-тўполон бўлаётган пайтда бозор назоратчилари, ички ишлар ходимлари бундан бехабар бўлишади. Балки бундан-да муҳимроқ ишлари бордир. Хуллас, видеотасвирларнинг бирортасида назоратчиларнинг аралашувини кўрмайсиз.

 

Оломон бирор шахсни мустақил равишда суд қилмоқчи бўлса, бозор назоратчилари дарҳол буни бартараф этиши ёки яқин орадаги ички ишлар бўлимига хабар бериши лозим, – дейди Юнусобод туман ИИБ терговчиси Рустам Одилов. – Айрим назоратчиларнинг ўз ишига лоқайдлиги сабаб биз тезкор чора кўришга улгурмаймиз. Вояга етмаган ёшларни назорат қилиш мақсадида бозорларни айланамиз. Одамларнинг даҳанаки тортишувларига гувоҳ бўламиз. Аммо бозор назоратчиларини учратмаймиз. Бу билан ўз вазифамизни бошқанинг зиммасига юкламоқчи эмасмиз, аммо уларнинг ёрдамида муаммони ўз вақтида бартараф этишимиз мумкин.

 

Мавзуни ўрганиш мақсадида пойтахтимиздаги “Бек барака” савдо комплексига борганимизда бирорта ҳам бозор назоратчисини учратмадик. Нозир ҳам ўз хонасида йўқ экан. Ички ишлар ходимлари эса асосий дарвозаларда хавфсизликни таъминлаш билан банд. Ҳар бир соҳа вакили ўз касбига масъулият билан ёндошса, муаммолар жиддий тус олмасди.

Яна ўқинг:  Дунёда муваффақият қозонган янгилик энди Ўзбекистонда

Халқимиз ўз маданияти, қадрияти билан жаҳонга ном таратган. Хўш, биз бунга муносиб бўляпмизми? Тарихдаги “самосудлар” зулм ва зўравонликка қарши исён ҳисобланган. Бугунги осуда замонимизда оммавий судловлар жоизмикан? “Тўқликка шўхлик” деганлари шудир, балки! Ёки айрим кимсалар қонун устувор юртда яшаётганини унутганми?

 

Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилинаётган шахсни ўзбошимчалик билан жазолаш тасвири туширилган видеолавҳалар кейинги вақтларда анчагина кўпайди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Зафар Мустафоқулов. – Бундай ҳаракатларни содир этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Конститутциямизнинг 19-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир. Шахсни ушбу эркинликлардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда ошкора кўриб чиқилиб, айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмайди. Ўзбошимчалик билан шахсни жазоламоқчи бўлган кишига Ўзбекистон Республикаси Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган жазолар тайинланиши мумкин.

 

Инсон билиб-билмай хато қилади. У оғир ёки енгил жиноятми бунга аниқлик киритиб, сўнг унинг пушаймонликлари, оилавий вазиятлари инобатга олинган ҳолда масъул ходимлар томонидан жазо тайинланади. Сўнгги пайтларда кўп тилга олинаётган меҳр-оқибат тушунчаси ёнига биродарлик сўзини ҳам қўшсак мақсадга мувофиқ бўларди. Сабаби ўзбек ўз халқига биродардек елка тутади, яқин инсонини мушкулотда ёлғизлатмайди. Жоиз бўлса, уни тўғри йўлга бошлайди.

“Самосуд” биродарлик тушунчасининг аксидир. Шундай экан одамлар ичида биродарингизга қўл узатинг. Зора, бошқалар сиздан ибрат олса. Алломаларимиздан бири “Одамийлик олий мақом” деган эди. Бу шарафга сазовор бўлиш ҳаммамизга насиб этсин.

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: