Ақл майдончаси

Шахмат инсон мия фаолиятини тинчлантирувчи, диққатни жамловчи, эстетик завқ улашувчи машғулот ҳисобланади. Бу ўйин киши ақлий салоҳиятини ривожлантириши фанда исботланган.

“Шахмат” сўзи форсча “шох-ўлди” маъносини билдиради. Тахминан икки минг йил аввал вужудга келган бу ўйин тури “чатуранка” деб номланган. Луғавий жиҳатдан тўрт хил армия – от арава, отлиқ аскарлар, фил минган аскарлар ва пиёда аскарлар, деган маънони англатади. Марказий Осиё давлатларида эса бу ўйин “шатранж” деб номланади. Бунда ўйин қоидалари ва сипоҳларнинг юриши ҳам ўзгаради. Сўнгра Араб ярим оролига тарқалади. Арабистондан Испания орқали Европа мамлакатларига кенг ёйилади. Шу билан бизнинг минтақамизга “шахмат” номи билан кириб келади.

Ушбу ўйин Ўзбекистонда ХХ асрнинг 20 йилларига келиб, тез ривожлана бошлайди. Асрнинг иккинчи ярмида мамлакатимизда шахмат-шашка тўгараклари фаолият бошлайди. Соҳага оид китоблар нашр этилиб, телевидение орқали оммага кенг тарғиб қилинди. Спортнинг бу турига халқимизнинг қизиқиши янада ортиб, йиллар ўтган сайин кучайиб борди.

Ҳозирда республикамизнинг барча вилоятларида кўплаб ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ташкил этилган бўлиб, унда шахмат бўйича алоҳида тўгараклар мавжуд. Бунинг самарасида мамлакатимизда шахмат бўйича кўплаб жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиқмоқда. Шунингдек, дунё тан олган ёш гроссмейстерлар сафи ҳам кенгаймоқда.

“Мамлакатни ҳеч бир нарса спортчалик дунёга тез танита олмайди”, деган сўз бежиз айтилмаган, – дейди Тошкент республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар шахмат мактаби мураббийси Бахтиёр Жумаев. – Бугунги кунда жаҳон ареналарида юртимиз байроғини юксакка кўтараётган ёш спортчиларимиз сони кун сайин ортиб бормоқда. Хусусан, шахмат билан шуғулланиш болалар ўртасида оммалашмоқда. Сабаби спортнинг бу тури болада мустақил фикрлашни ва ўзига нисбатан ишончни шакллантиради. Мактабимизга ўқувчилар олти ёшдан қабул қилинади. Аммо лаёқати ва салоҳиятига қараб, уч-тўрт ёшдан ҳам дарсларга қатнишиши мумкин. Бу ерда болалар қобилиятига кўра гуруҳларга ажратилади. Дарсларни шахмат бўйича малакали мураббийлар олиб боради.

Мактабнинг очилганига кўп бўлмаган бўлса-да, ўқувчилар Осиё ва республика миқиёсидаги мусобақаларда қатнашиб, фахрли ўринларга сазовор бўлмоқда.

Дарҳақиқат, мураббий айтганидек шахмат билан мунтазам шуғулланган инсоннинг зеҳни ўткирлашиб бораверади. Тарихдан маълумки, буюк саркарда Амир Темур доим бу ўйин билан машғул бўлган ва бундаги тактик ҳолатларни жанг майдонларида ҳам кенг қўллагани ҳеч кимга сир эмас. Бундан ташқари ўйин орқали руҳий хотиржамлик ва мия фаолиятини маромлаштиришга эришган.

Яна ўқинг:  Ёзувчининг китоб чоп этиш ва тарқатиш масаласига муносабати

Республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар шахмат мактабида жорий йилдан бошлаб, кундузги болалар оромгоҳи очилган бўлиб, у ерда фарзандларимизнинг дам олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Болаларни турли саёҳатларга олиб бориш билан бирга уларга ақл чархи – шахмат билан доимий шуғулланишлари учун қулай имконият яратилган.

 

Дилфуза АЗИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: