Бу бир элким, қуёш ҳар тонг кулиб боққай

Баҳорда саёҳатга чиқишнинг гашти ўзгача. Руҳинг яйрайди. Танинг тоза ҳаводан тўйинади. Асабларинг тинчланиб, хотиржам тортасан. Турфа ўй-фикрли кишиларни учратасан, суҳбатига гувоҳ бўласан. Бирини кўриб шукр қиласан, бирини кўриб фикр. Энг муҳими эса жонажон Ватанимизнинг жаннатмонанд тароватига, гўзал табиатига ҳайрат билан боқасан. Шу азиз юртнинг фарзанди бўлганингдан фахрланасан. Азим пойтахтимиздан водий гавҳари, қадимий ва мафтункор Қўқон шаҳри томон сафар қиларканман, хаёлимдан беихтиёр шу ўй-фикрлар ўтади.

Йўл-йўлакай атрофга разм соламан. Тўпиқни кўмар даражада бўй бераётган майсаларнинг шивири, қушларнинг хониши, япроқларнинг шитири майин ва ёқимли шабоданинг “ҳур-ҳур” овозига уланиб, автомобиль ойнасидан бизни сўроқлайди. Руҳим масрурлик ҳиссини туяди. Ахир, бу насим озодлик, тинчлик, бирдамлик ва аҳиллик насими. Юрти, маҳалласи, қўни-қўшниси, оиласи осойишта кишиларнинг қалбигина гўзалликдан баҳра олади. Ҳар бир кунига шукроналар айтади.

Далада тер тўкиб кетмон чопаётган, адирда сурув-сурув қўйини ҳайдаб кетаётган деҳқону чўпонларни кузатаман. Улар рўзғор бутлиги, болаларининг келажаги учун тер тўкиб меҳнат қилишмоқда. Ҳар бирининг кўнглида ягона умид бор: “Фарзандим илму ҳунар ўргансин, шу Ватаннинг равнақига ҳисса қўшсин”. Аслида инсон учун бундан яхши орзу-ният борми?! Мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш, юрт келажаги учун қайғуриш нафақат ўз олдимиздаги, балки келажак авлод олдида ҳам улкан масъулиятимиз, фарзимиз ва қарзимиздир.

Юртбошимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар биздан ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни ҳис қилган ҳолда фақат ва фақат олға интилишни, азми қатъий, шижоатли ҳамда тадбирли бўлишимизни талаб этади. Зеро, жонажон Ўзбекистонимизда ҳар бир ислоҳот инсон омилига хизмат қилади. Кишиларнинг манфаати, уларнинг ижтимоий шарт-шароити ҳар қандай долзарб масаладан устун туради.

Тоғни ёрар шиддатимиз бор

Қамчиқ довонига яқинлашарканмиз, бизни гўзал манзарали тоғлар қарши ола бошлайди. Бошида ҳамон қишнинг зийнати бўлмиш оппоқ қорларни баланд тутиб турган қоялар диққатимизни тортади. Кўзимизни қувнатади. Гўё бу юртнинг ҳар бир қаричи азиз авлиёю, анбиёларнинг хокидан бунёд бўлгани, дину диёнатли эл эканидан дарак беради. Ҳа, бу юртнинг тоғлари ҳам халқимизнинг имон-эътиқоди каби қадимий. Нуроний отахонларимиз каби файзли. Салла ўрашни канда қилмайди.

Яна ўқинг:  Санъатсевар болажонлар саҳнада

Автомобиль йўли билан ёнма-ён илдамлаётган, бунёдкорлик ишлари ҳали давом этаётган темир йўл эътиборимни тортади. Беихтиёр, хотирамда ўзбек халқ оғзаки ижодининг нодир дурдонаси, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизни ўзида мукаммал ифода этган “Алпомиш” достони воқеалари гавдаланади. Ўн тўрт ботмонли ёйни шаҳд билан тутган Алпомишнинг биргина пайкон билан “Асқартоғ”нинг мустаҳкам қоясини қулатганини эслайман. Улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”ида Фарҳоднинг тоғу тошларни талқондек майдалаб, халқ учун сув чиқарганини ўйлайман ва қалбим фахр-ифтихор туйғуларидан жўш уради. “Тоғни ёрар шиддатимиз бор-а”, дея севинаман. Ўзбекистон фуқароси эканимдан, шундай юртда, шундай осойишта замонда яшаётганимдан қувонаман. Юртбошимиз таъкидлаган, обод ва озод Ватанимизнинг келажаги бўлмиш тенгдошларим – ёшларнинг онгу-шууридан чуқур жой эгаллаган бир ҳақиқатни ҳайқириб айтгим келади. “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз ҳам”.

Дарҳақиқат, мазкур темир йўл ўн миллион нафардан зиёд аҳолиси бор Фарғона водийсини қулай транспорт-коммуникация тизими билан таъминлайди. Соҳадаги хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини кенгайтиради. Энг муҳими, мамлакатимиз яхлит ички темир йўл тизимига эга бўлади. Дунёдаги йирик лойиҳалардан бири сифатида баҳоланаётган ушбу қурилиш-бунёдкорлик ишига миллиардлаб маблағ ажратилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу сарф-харажатлар эса яна бир бор юртимизда инсон омили қадрият даражасига кўтарилганидан дарак бериб турибди. Тоғлар орасида бунёд этилган шинам ва гўзал темир йўл вокзали эса “Орзу” деб номланибди. Ҳақиқатда ушбу темир йўл “Олтин водий” аҳлининг асрий орзуси эди. Истиқлол туфайли эса у рўёбга чиқаётир.

Шаҳармисан, шаҳар

Қўқон. Ўтмиш ва бугунни ўзида ифода этган шаҳар. Қарийб бир юз етмиш йиллик тарихга эга Қўқон хонлигининг пойтахти. Илму-маърифат, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ривож топган, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган муаззам гўша. Шаҳарни айланар эканмиз истиқлол йилларида у миллий ва замонавий шаҳарсозлик анъаналари асосида қайта бунёд этилганига гувоҳ бўламиз. Кўчалари кенг ва равон. Шинам ва кўркам бинолар кўзни қувнатади. Хиёбону кўчаларни айланарканмиз, келин-куёвлар, ёш оилалар, болалар, нуроний отахону онахонларни учратамиз. Уларнинг бахтиёр қиёфаси, эртанги кунга ишончи тинч ва осойишта замондан мамнунлик ҳиссини кўз-кўз этади.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2009 йил 15 апрелдаги “Қўқон шаҳрининг архитектура қиёфаси ва шаҳар инфратузилмасини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан шаҳар буткул ўзгача қиёфа касб этди.

Яна ўқинг:  Китобхон набиралар

Қарорга асосан болалар ва ёшларга мўлжалланган ҳудудлар ташкил этилди. У ерда маънавият марказлари, кутубхоналар, спорт иншоотлари қурилди. “Ўрда”, “Чорсу” ҳамда “Озодлик” майдонларини ўз ичига олган шаҳарнинг марказий қисми барпо қилинди. Тарихий ёдгорликлар қайта таъмирланди. Саноат ва аҳоли объектлари, якка тартибдаги уй-жойлар юксак савияда бунёд этилди. Аҳолининг турмуши ва дам олиши учун қулай шароит яратилди. Атроф-муҳит кўкаламзорлаштирилиб, экология ва инсон саломатлиги учун муҳим бўлган дарахт кўчатлари экилди. 2010-2012 йиллар давомида олиб борилган бунёдкорлик, кўкаламзорлаштириш ишлари натижасида ҳозирда Қўқон шаҳри ўзининг тарихий салоҳияти ва замонавий салобатини намоён этаётир.

Бозорлари арзон эл – бой эл

Шаҳарни сайр этарканмиз “Қўқон” буюм бозорига кириб ўтишни канда қилмадик. Қадимдан маълумки, бозор эл маъмурчилигининг кўзгуси ҳисобланган. Аҳолининг ижтимоий ҳаётидан дарак берган. Юртдаги тинчлик, осойишталик, кишиларнинг маданияти, дунёқараши, ўй-фикрларидан сўзлаган. Буюм бозорини айланарканмиз ҳудуднинг озодалиги маҳаллий аҳолининг тозаликка, ободончилик ва бунёдкорликка азалдан катта эътибор қаратиб келганининг амалий ифодаси сифатида таассурот уйғотди.

Бир-биридан бежирим ва сифатли кийим-кечаклар билан тўла расталар харидорлар билан гавжумлигини кўрдик. Энг муҳими эса маҳсулотлар арзон, чўнтакбоп. Ҳамма ўзининг дидидан, дунёқараши ва касбидан келиб чиқиб хоҳлаган кийим-кечагини харид қилиши мумкин. Сотувга чиқарилган маҳсулотларнинг аксарияти Фарғона водийси аҳолисининг меҳнати маҳсули экани қувонарли ҳол. Биргина бозор “Олтин водий”да ишлаб чиқариш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, жамики инсон салоҳиятини намойиш этадиган барча соҳалар ривож топганидан далолат берарди.

Сафар давомида Риштон, Учкўприк, Данғара туманларида ҳам бўлдик. У ердаги оламшумул ўзгаришларнинг гувоҳига айландик. Юртимизнинг барча ҳудудлари каби Фарғона водийси ҳам кўркам қиёфа касб этгани, одамлари изланувчан, тиришқоқ ва ғайратли эканидан мамнуният ҳиссини туйдик.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

Тошкент – Қўқон – Тошкент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: