“Наврўз садолари” фестивали янги номларни кашф этди

Мамлакатимизда мусиқа таълими тизимини тубдан яхшилаш, ёш истеъдод эгаларини кашф этиш, уларни миллий ва жаҳон мусиқа санъати дурдоналаридан баҳраманд бўлиши учун қулай шароит яратиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Истиқлол берган улкан имкониятлар туфайли кўплаб фарзандларимиз нуфузли халқаро танловлар, фестивалларда ўз иқтидори билан ўзбек мусиқа санъатининг бетакрор жозибасини намойиш этиб келаётир.

Куни кеча Ўзбекистон давлат консерваториясида ўтказилган кўп овозли халқ чолғулари ансамбл ва оркестрларининг “Наврўз садолари” халқаро мусиқа кўрик-танлови ҳам фарзандларимиз орасидан кўплаб ёш истеъдод эгаларини кашф этди. Анъанавий тарзда ўтказилаётган мазкур фестивал Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Бастакорлар уюшмаси, “Сўғдиёна” халқ чолғулари камер оркестри ҳамда Швейцария ҳамкорлик бюроси томонидан ташкил этилиб, унда Ўзбекистондаги маданият, мусиқа ва санъатга ихтисослашган лицей ва коллежлардаги оркестрлар, ансамбллар ҳамда профессионал жамоалардан ташқари Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистон Республикасидан келган ёш мусиқачилар иштирок этди.

Фестивалнинг очилишида сўзга чиққанлар Президентимиз раҳнамолигида юртимизда мусиқий таълимни ривожлантириш, соҳа моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидладилар. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 20 ноябрдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016–2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори миллий мусиқа санъатимиз ривожи йўлидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлётгани айтиб ўтилди.

Бу йилги фестивалда юртимиз номидан 50 дан зиёд миллий чолғу ансамбл ва оркестрлари, профессионал жамоалар иштирок этди. Улар миллий мусиқа ва қўшиқларимизни, жаҳон мумтоз бастакорларининг машҳур асарларини маромига етказиб ижро этишди.

– Жамоамиз билан фестивалда биринчи бор қатнашдик, – дейди “Умид” соврини ғолиби, Бекобод санъат коллежи ўқувчиси Азиз Мамараҳимов. – Танловда “Ёшлик таронаси”, “Баҳчакурт” каби куйларни ижро этиб, ўз истеъдодимизни йиғилганларга намойиш этдик. Кўплаб дўстлар орттириб, улар билан ўзаро фикр алмашдик.

Шунингдек, фестивал доирасида мусиқа чолғулари кўргазмаси, халқ чолғулари ижросида ўрта мусиқий таълимнинг амалий ва услубий вазифаларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ҳамда маҳорат сабоқлари ташкил этилди.

Яна ўқинг:  Сокин замин осуда ҳаёт кафолатидир

Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Н. НОРБОБОЕВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: