Сокин замин осуда ҳаёт кафолатидир
Хотира инсонларни ўтмиш ва бугуни билан боғлайдиган кечмишдир. Биргина бевақт йўқотган азиз инсонимизни қанчалик ўкинч ва меҳр билан ёдга олсак, Ватан тинчлиги, унинг осойишталиги йўлида жасорат кўрсатган, жон фидо қилган ватандошларимизни эса ўзгача бир туйғу билан эслаймиз, уларга нисабатан фахр ҳиссини туямиз.
Чунки, хотира ота-боболаримиз, яқинларимизга нисбатан меҳр-муҳаббат, мурувват туйғуларини шакллантиради. Шу сабаб ҳам ҳар йили кенг нишонланадиган 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида Иккинчи жаҳон урушида мардановор ҳалок бўлган юртдошларимиз ёдга олинади, балки, ёнимиздаги яқинларимиз холидан ҳам хабар олиниб, улар яна бир бор қадрланади. Қолаверса, ушбу санада халқимиз бошига тушган оғир кулфатлар, нохуш воқеаларни хотирлаш ҳам ўринлидир. Жумладан, бундан 50 йил муқаддам, аниқроғи, 1966 йил 26 апрелда юз берган Тошкент зилзиласи қурбонлари ҳам шу кунларда ёдга олинмоқда. Ўша машъум зилзила натижасида шаҳарнинг 1, 5 млн. аҳолисидан 300 минг нафари бошпанасиз қолган, пойтахтни қайта қурилишига эса уч ярим йил вақт керак бўлган. Бу эзгу ишларда эса қанчадан-қанча юртдошларимиз жасорат кўрсатган.
Шу муносабат билан Фуқаро муҳофазаси институтида маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури ҳамкорлигида бўлиб ўтган семинарда ҳам ўша машъум сана яна бир бор ёдга олинди. Шунингдек, ер силкинишларининг келиб чиқиш сабаблари, уларни башоратлаш, юртимизда сейсмология соҳасининг ривожланиши, фавқулодда вазиятлар профилактикасига доир бир қатор маълумотлар бериб ўтилди. Айниқса, Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Зилзилани симуляция қилиш марказига уюштирилган саёҳат орқали оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзлари учун қимматли маълумотларга эга бўлди.
Таъкидлаш лозим, дунё миқёсида 20 дан ортиқ давлатда зилзилани симуляция қилиш қурилмалари мавжуд бўлиб, юртимиздаги каби мажмуа фақат Япониядагина бор. Марказни барпо этишда жаҳон тажрибаси ўрганиб чиқилган ва Япония тажрибаси асос қилиб олинган. Зилзила симулятори Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ва Гуманитар ёрдам бўйича Европа Комиссияси Департаменти кўмагида барпо этилган.
Ушбу марказ “Зилзила тарихи” музейи, релаксация, тиббиёт хоналари, экспозиция, конференция заллари, ўқув синфи, симуляция хоналарини ўз ичига олади. Уларнинг ҳар бири аҳоли билим ва малакасини оширишда маълум бир вазифани бажаради. Жумладан, “Зилзила тарихи” музейи зилзила, уни ўрганиш тарихи, юз бериш сабаблари, прогнозлаш соҳасида олиб борилаётган ишлар, республикамизда юз берган кучли зилзилалар, ушбу табиий офат кучини ўлчаш ва қайд қилиш қурилмалари тўғрисида маълумот беради.
Тиббиёт хонаси эса тингловчиларни тайёрлашда икки мақсадни кўзда тутади. Биринчиси, тингловчиларни иқтисодиёт объектларида ташкиллаштирилиши лозим бўлган тиббий пункт ва уни жиҳозлашга бўлган минимал талаблар билан таништиришдан иборат бўлса, иккинчи мақсад тингловчилар билан “Гоша” тренажерида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий машғулот ўтказилади.
Шунингдек, Релаксация хонасида стрессни назорат қилиш, ўзини қўлга ола билиш, тезлик билан кучни тиклаш ва сафарбар қила олишлик, яъни экстремал вазиятларда ўзини бошқара олиш қобилияти ривожлантирилади. Қолаверса, бу хонада бўшаштирувчи мусиқа тинглаш, эфир мойлари ифоридан баҳра олиш, табиат манзараларини томоша қилиш мумкин. Ушбу стимул берувчи омилларнинг биргаликда таъсирида инсон стрессдан халос бўлади, бўшашади. Сокин ранглар кишини хотиржам қилади, ярим қоронғу хона дам олишга ундайди.
Экспозиция залида эса зилзила вақтида вайрон бўлган уйлар ва хавфли кимёвий объектларнинг макетлари, табиий офат вақтида ва ундан сўнг керак бўладиган заҳира намуналари, институт профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган илмий-услубий қўлланмалар ўрин олган. Аҳолининг зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятларга доир билим ва малакасини оширувчи воситалардан бири сифатида зилзилани симуляция қилувчи қурилма алоҳида ўрин эгаллайди. Бу эса марказнинг айнан симуляция хонасида мавжуд.
Ушбу қурилма табиий офатга тенглаштирилган, магнитудаси Рихтер шкаласи бўйича 7, 7 гача, кучланиши MSK-64 шкаласи бўйича IX-X баллгача бўлган зилзилани ҳосил қила олади. У вертикал силкиниш ва горизонтал тебранма ҳаракатларни амалга оширади. Зилзила симулятори аҳолини тайёрлашда бир неча вазифани бажаради, яъни, ер силкиниши вақтида аҳоли паноҳ топиши мумкин бўлган хавфсиз жойларни топишни ўргатади.
Фуқароларни ер силкиниши вақтида тўғри ҳаракат қилишга тайёрлашнинг бундай изчил усули ўз самарасини бермай қолмайди. Зеро, марказда ўтказиладиган машғулотлар амалий бўлиб, бунда аҳоли фавқулодда вазият билан боғлиқ ҳолатларда шахсан иштирок этади ва олинган амалий кўникма, унинг хотирасида бир умр муҳрланиб қолади.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда ер силкиниши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, талафотларини камайтириш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, республиканинг турли ҳудудларида турли куч билан ер силкинишини кўрсатувчи умумий сейсмик районлаштириш харитаси 2011 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Фанлар Академияси Сейсмология институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан 2011 йил декабрда тасдиқланган қурилиш меъёр ва қоидаларига асосан, сейсмобардошли иморатлар ва иншоотлар қурилмоқда.
Сейсмобардошли иморат қандай бўлади?
Республикамизнинг турар жой фондининг катта қисмини маҳаллий материаллардан қурилган хусусий уйлар ташкил этади. Уларни қуришда деворбоп материал сифатида пишиқ ва хом ғишт, пахса ва синчдан кенг фойдаланилади.
– Ҳозирги кунда қурилаётган уй-жойлар, айниқса, намунали турар жой биноларини бемалол зилзилага бардошли дейиш мумкин. Хонадон эгалари ўзлари яшаб турган хонадонда хоналарни кенгайтириш бўйича қилаётган ўзгаришларга жиддий аҳамият бериши керак. Билиб-билмай қилинган ҳаракат иморатнинг бардошлилигини йўқотишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, янги ҳовли-жой қурилаётганда иморатнинг пойдевори ва устки қисмини ёпишда белгиланган қонун-қоидаларга амал қилиш лозим бўлади, – дейди Ўзбекистон Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси академиги Шамиль Ҳакимов.
Зилзила вақтида инсон ўзини қандай тутиши лозим?
Зилзила содир бўлган пайтда сизда ўзингиз ва яқинларингизнинг хавфсизлигингизни таъминлаш учун сония ёки 2-3 дақиқа вақтингиз бўлиши мумкин. Бу ҳолат эса кўпчиликни саросимага солади. Лекин ер силкинишининг қачон тугашини кутиб тура олмайсиз. Бундай ҳолларда асло қўрқувга тушмаслик, аксинча, хотиржамлик ва ўзини ўзи идора қила олишлик лозим.
Агар сиз биринчи қаватда истиқомат қилсангиз, зудлик билан уйни тарк этинг, имкон борича бинодан узоқроққа, очиқ майдонга чиқинг. Агар кўп қаватли уйда турсангиз, деворнинг ички жойида, уй бурчаклари, эшик ёни ва стол ости сиз учун хавфсиз жой ҳисобланади. Бундай вазиятларда уй йўлаклари, лифт, дераза ёнларида асло турманг. Бундан ташқари ҳар бир хонадонда хавфсизлик қутиси бўлиши ҳам мақсадга мувофиқдир. Ундан шахсий ҳужжат, зарур дори-дармон, бинт, фонарь, қўшимча қувватлагич, иссиқ кийим, сув, 2-3 кунга етарли қадоқланган енгил озиқ-овқат, шам, гугурт, синмайдиган идиш, батарейкали радиопрёмник мавжуд бўлиши керак.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Ўртаер денгизи – Осиё сейсмик камарида жойлашган бўлиб, ушбу минтақага дунё бўйича содир бўладиган зилзилаларнинг 15 фоизи тўғри келади. Шу туфайли ҳам аҳолининг ер силкиниши вақтида тўғри ҳаракатланиши борасида ўқув машғулотлар, суҳбатлар, айниқса, мактабгача таълим муассасаларида, оммавий ахборот воситаларида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш яхши самара беради.
Мухтасар қилиб айтганда инсон ҳамиша табиат олдида ожиздир. Ўзаро мутаносиблик, уйғунлик ҳар икки томоннинг манфаатига хизмат қилади. Бордию, борлиқ олдида инсон ҳукмронлик қилишга уринар экан, бунда табиат муқаррар ҳукмини ўтказиши тайин.
Заҳро ИЛЬЯСОВА,
Муҳиддин ТИНИБЕКОВ,
Фуқаро муҳофазаси институти ўқитувчилари
Майна ҲАСАНОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири