“Биз буюк юрт фарзандларимиз!”

анъанавий фестивали мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан барча ҳудудларда юқори кайфиятда ўтказилмоқда.

Юртимизнинг олис ҳудудларида аҳоли, хусусан, ёш ўғил-қизлар учун яратилган шароитлар кишини ҳайратга солади.

Мамлакатимизда ёшларни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “Биз буюк юрт фарзандларимиз” фестивали ана шундай хайрли тадбирлардан биридир.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этилган мазкур анъанавий фестивалда ёшларни юртимизда истиқлол йилларида амалга оширилган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, бу жараёнларга нисбатан дахлдорлик ва шукроналик туйғусини шакллантириш, ёшларни “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан асраш, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишга ундаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда ёшларнинг таклиф ва истакларини инобатга олган ҳолда ушбу йирик тадбир дастуридан бир қатор янги лойиҳалар ўрин олди. Жумладан, “Бу менинг Ватаним!” шиори остида мамлакатимиз раҳбарининг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли китобининг мазмун-моҳиятини ўрганишга қаратилган тақдимотлар, “Марра бизники!” лойиҳаси асосида мустақиллик марафони ўтказилаяпти. “Кичик фильмдан катта кинога”, “Талабалар театр студиялари”, “Ватаним – менинг фахрим!”, “Ёшлар – жонли ижро тарафдори” каби лойиҳалар доирасида ўтказилаётган тадбирларда ҳам ёшлар катта қизиқиш билан иштирок этмоқда.

Бу йилги фестивал Сурхондарё вилоятида старт олди. Навқирон авлодни мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, улар қалбида юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш орқали ижтимоий фаоллигини юксалтириш, ёшларни “оммавий маданият” ва бошқа иллатлар таъсиридан асраш мақсадида ташкил этилган фестиваль доирасидаги тарғибот тадбирларида депутатлар, маданият ҳамда санъат намояндалари, таниқли спортчилар, ижодкорлар, жамоатчилик вакиллари, халқаро фан олимпиадаларида юртимиз довруғини дунёга ёйиб келаётган иқтидорли ёшлар қатнашди.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан уюштирилган ушбу анъанавий анжуманнинг биринчи кунида пойтахтдан ташриф буюрган тарғибот гуруҳи аъзолари даставвал Қумқўрғон туманида бўлишди. Бу ерда ташкил этилган “Сиз севган қаҳрамонлар”, “Камолот” кутубхонаси” каби лойиҳалар воҳа ёшларига унутилмас онларни тақдим этди.

Яна ўқинг:  Билимлар беллашуви: изланганга илм ёр

“Меҳрибонлик” уйлари ва махсус мактаб-интернатлар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, спорт мажмуалари ҳамда бошқа масканларда ўтказилган “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас”, “Нуронийлар эъзозимизда”, “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти” сингари тадбирларда ҳам ёшлар фаол иштирок этди.

– Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўсиб келаётган ёш авлодни мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий-маънавий, ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, демократик ўзгаришлар билан таништириш, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш, уларни “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан асраш каби мақсадларни ўз олдига қўйган фестивалнинг мазмун-моҳияти йил сайин бойиб бормоқда, – дейди “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши бўлим мудири Маъмур Баёнов. – Учрашувларда давлатимиз раҳбарининг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китоби, 2014 йил май ойида Самарқандда “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида ўтказилган халқаро конференцияда сўзлаган нутқининг мазмун-моҳияти ҳақида навқирон авлод вакиллари билан мулоқот қилинди.

Вилоятнинг барча ҳудудида ўтказилган концерт дастурлари ёшларда катта таассурот қолдирди. Пойтахтдан келган ҳамда вилоятнинг истеъдодли хонандалари ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлар рақсларга уланди.

Уч кун давомида уюштирилган ёшлар фестивали доирасида тарғибот гуруҳлари томонидан вилоятнинг Шўрчи, Олтинсой, Узун, Денов, Сариосиё, Бойсун, Қизириқ, Музработ, Жарқўрғон, Ангор, Шеробод, Термиз туманлари ва Термиз шаҳрида ҳам ўғил-қизлар билан дилдан суҳбатлар, учрашувлар бўлиб ўтди.

“Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” ёшлар фестивали Термиз шаҳридаги “Сурхон” спорт мажмуида ташкил этилган гала-концерт билан ниҳоясига етди. Ушбу тадбирда сурхондарёлик бир гуруҳ фаол ёшларга қатор номинациялар бўйича “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

28-29-30 март кунлари эса фестиваль Қашқадарё вилоятида давом этди. Қарши шаҳри ва барча туманларда қатор тадбирлар уюштирилди. Хусусан, “Сиз севган қаҳрамонлар”, “Замонамиз қаҳрамонлари” мавзусида таниқли ёзувчи, шоир ва адиблар, кино ва театр актёрлари ҳамда эл ардоғидаги эстрада хонандалари билан учрашувлар, “Депутат ва ёшлар” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилди. Шунингдек, ёшларда “оммавий маданият” ғояларига қарши иммунитетни шакллантириш, унинг асл моҳиятини, келиб чиқишини уларга тушунтириш кўзда тутилган “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти” лойиҳаси, уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ва ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш, уларнинг уй юмушларига кўмаклашиш учун ишлаб чиқилган “Нуронийлар эъзозимизда” лойиҳаси, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида ўтказилаётган “Виждонли сотувчи” акциялари барчага бирдек манзур бўлмоқда.

Яна ўқинг:  Профилактика – саломатлик омили

– Лойиҳа доирасида вилоятнинг кўпгина қишлоқларига сафар қилдик, ёшлар билан суҳбатлашдик. Юртимизнинг олис ҳудудларида аҳоли, хусусан, ёш ўғил-қизлар учун яратилган шароитлар кишини ҳайратга солади, – дейди “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори Саъдулла Бадалов. – Истироҳат боғлари, дам олиш масканлари, замонавий кўринишдаги мактабу коллежлар халқимизнинг буюк бунёдкорлик қудратидан далолат бериб турибди. Албатта, бундай имкониятларга жавобан ёшлар ҳам бор куч-ғайратини юрт ривожи, Ватан тараққиёти йўлида сафарбар этиши, шубҳасиз. Қарши шаҳридаги “Насаф” марказий ўйингоҳида эса катта гала концерт ташкил этилди. Унда элимизнинг суюкли санъаткорлари, иқтидорли ёшлар иштирок этишди.

Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган фестиваль Элликқалъа, Чимбой, Қўнғирот ва Нукус шаҳарларида ўтказилди. Фестивалда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, таниқли санъат ва маданият арбоблари, “Камолот” ЁИҲ вакилларидан иборат тарғибот гуруҳлари иштирок этди.

Элликқалъа Санъат саройида ташкил қилинган амалий ва бадиий кўргазмалар намойишидан сўнг тарғибот гуруҳи “Сиз севган қахрамонлар” лойиҳасида қатнашди. Элликқалъага ташриф буюрган тарғибот гуруҳида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов, Муқимий номидаги мусиқали драма театри актёри Одилбек Хақбердиев, ёш истеъдод соҳиблари Женисбек Пиязов, “Дурдона” гуруҳи вакиллари иштирок этди. Қолаверса, фестиваль доирасида Бўстон шаҳридаги амфитеатрда гала концерт ташкиллаштирилди.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги олдидан “Биз буюк юрт юрт фарзандларимиз” анъанавий фестивали, шунингдек, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Хоразм, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди. Ушбу тадбирларда мамлакатимиздаги ҳар бир ёш қамраб олиниши кўзда тутилган.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: