Янги йил дастурхонига

ЯНГИ ЙИЛ ТОРТИ

Ушбу торт қиёмга бўктирилган шоколадли бисквитдан иборат. Уч қаватдан иборат бисквит орасига ёнғоқ ва қуруқ мева аралаштирилган сарёғли крем сурилади. Безатиш учун қирғичдан ўтказилган шоколад, кокос қириндиси ва мармалад керак бўлади.

Бисквит тайёрлаш учун:

5 дона тухум, 1 пиёла шакар, 1 пиёла ун ва икки ош қошиқ какао керак бўлади.

Тухум сариғини оқидан ажратиб алоҳида идишга олинади. Унинг оқига оз-оздан шакар қўшиб аралаштирилади, сариғига ҳам бир оз миқдорда шакар қўшиб аралаштирилади. Обдон чайилган тухум оқи билан сариғи аралаштирилади (миксер билан эмас!). Тайёр бўлган маҳсулотга какао аралаштирилган ун қўшилади ва обдон қошиқ ёрдамида аралаштирилади. Қуюқроқ бўтқа суюқлигидаги масаллиқни газ печида пишириб оламиз. Совиган бисквитни 2-3 бўлакка бўлиб қиёмга бўктирилади.

Кремига: 200 гр хона ҳароратида юмшаган сариёғ ва 0,5 банка қуюлтирилган сутни 10 дақиқа давомида (қумоқ-қумоқ бўлиб қолмаслиги керак) бир текис кўпиртирилади.

Мевали-ёнғоқли масаллиқ тайёрлаш:

50-70г қуритилган олхўри, майиз ва ёнғоқ майдаланади. Олхўри билан майизни буғда бир оз буғлатиб олинади.

Бисквит бўлакларига кремни бир текисда суриб, устидан қуруқ мева ва ёнғоқлар жойлаштирилади. Торт усти ва четларига крем суртилади. Четларига кокос ва устига шоколад қириндилари сепилади. Соат миллари ва сонлари (рим рақамида) мармаладдан ясалади.

“МОЙЧЕЧАК” САЛАТИ

Салатлар хуштаъм ва чиройли кўринишда бўлиши лозим. Шу билан бирга саломатлигингизни мустаҳкамлайдиган, фойдали бўлса янада яхши. “Мойчечак” ана шундай салатлардан бири бўлиб, У шубҳасиз байрам дастурхонингизни безайди. Байрамдан ташқари бошқа кунларда ҳам яқинларингизни ушбу салат билан сийлашингиз мумкин.

“Мойчечак” салатини тайёрлаш учун керак бўладиган маҳсулотлар:

балиқ гўшти — 300 гр.,

тухум — 3-4 дона,

гуруч — ярим пиёла,

бодринг — 2 дона,

сабзи — 3 дона,

бош пиёз — 2 дона,

салат барги — 1 боғ,

майонез — 3-4 ош қошиқ, таъбга кўра кўкат керак бўлади.

Тайёрланиши:

Гуруч ва тухумни сувда қайнатиб пишириб олгач, совутишга олиб қўясиз. Балиқ, пиёз ва бир дона сабзини ҳам қайнатиб пиширасиз, совиганидан кейин эса санчқи билан эзиб оласиз. Икки дона сабзини қирғичдан ўтказиб, ўсимлик ёғида қовуриб оласиз ва совутасиз. Сомонча шаклида тўғралган бодринг билан майда тўғралган пиёзга майонез солиб аралаштирасиз. Гуручга ҳам майонез аралаштирилади.

Яна ўқинг:  ЎЗИНИ ЭПЛАГАН ЭР

Катта хажмдаги ликопчага салат баргларини бир текис тахланади. Салат барглари устига майонезли гуручни ёйиб чиқасиз. Кейин балиқ, пиёз, сабзи қават-қават қилиб тахланади. Озроқ майонез суриб устига бодринг тахлайсиз. Устидан майда тўғралган кўкатни қалин қилиб сепилгач, сўнгра мойчечаклар билан безатасиз. Тухум оқини бўлак-бўлак сомонча шаклида кесиб мойчечакларнинг гулбаргига ўхшатиб тахлаб чиқилади. Тухум сариғи мойчечак гулининг ўртасига эзғилаб қўйилади.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: