Толиққан ҳайдовчи ва унинг измидаги йўловчилар қисмати

0
21
марта кўрилган.

Ҳозирги тезкор ахборот асрида шу қадар кўп маълумотларни миямиз қабул қилиши қийин. Аммо, керак-нокерак турли ахборотлар билан уни тўлдириш ҳам фақат мияни зўриқтиради, холос.

Кимдир уйқу ҳисобига ярим кечагача кўзи қизариб, интернет оламига виртуал “саёҳат”га чиқса, яна кимдир тунги базмдан толиқиб қайтади. Айниқса, шаҳарлараро қатновчи такси ҳайдовчилари узоқ йўлдан қайтгач, тўйиб ухлаш ўрнига яна тезроқ йўловчи олиб сафарга отланади. Аммо, “Кўза кунда эмас, кунида синади”. Зеро, уйқусизликдан зўриққан мия ички биологик соат ритмига бўйсунади. У ухлаб қолади. Ҳайдовчининг кўзлари очиқ ҳолда қотиб, йўлга тикилиб кетаверади. Чунки у уйқусини қочириш учун аччиқ кофе ичиб олган ёки сигаретни босиб-босиб чекиб олган бўлиши мумкин. Аммо, бу вақтинчалик таъсир этувчи “қисқа муолажа”. Мутахассислар фикрига кўра энг кўп йўл-транспорт ҳодисалари ҳайдовчиларнинг ухлаб қолиши сабабли рўй берар экан.

Уйқуга ётишдан олдин илиқ душ қабул қилиш керак. Яна илиқ сутга асал аралаштириб ичиш ҳам фойдали. Ҳар бир инсон, аввало, тўйиб ухлаши зарур.

Узоқ йўлга чиқаётган йўловчилар ҳаётларининг хавфсизлигига ўзлари ҳам масъулдирлар. Шунинг учун сафарга отланганлар албатта, шофёрнинг руҳий ва жисмоний ҳолатига диққат билан эътибор қаратишлари зарур. Агар у кўринишидан толиққан, кўзлари қизариб, уйқусираб турган ёки кучли чарчоқ таъсирида зўр-базўр гапираётган ёҳуд бемор бўлса, асло у билан йўлга чиқа кўрманг. Ҳатто, бу ҳайдовчи ўз яқинингиз бўлиб, ишингиз жуда зарур бўлса ҳам уни дам олишга кўндиринг. Яна бир маслаҳат. Шофёрнинг ёнида ўтирган йўловчи эснаса, бу юқумли хомуза таъсирида ҳайдовчини ҳам уйқу босади. Шунингдек, унинг ёнида кетаётган мижоз мумкин қадар ухламасликка ҳаракат қилиши керак. Зеро, ҳамроҳ йўловчи ухлаб кетса шофёр ҳам ўзи билмаган ҳолда аста-секин мудрай бошлайди. Бу эса жуда хавфли. Германияда нейрофизиолог мутахассислар ҳайдовчиларнинг бошига махсус тиббий кичикроқ ускуна кийдириб бош мия фаолиятини ўрганишган. Шунда юқорида таъкидлаганимиздек, улар чарчаган ҳолатларда кўзлари очиқ бўлсада, шофёрнинг мияси ухлаб қолганини кузатишган. Йўловчи ташувчи енгил машиналарнинг орқа қаторида ўтирган йўловчи диққат билан машина ойначасига қараб ҳайдовчининг физиологик ҳолатига эътибор қаратиши зарур. Агар уни уйқу босаётганини сезса, дарҳол шофёрни огоҳлантириб, чеккароққа тўхтаб, бир оз ухлаб олишига имкон яратиши керак. Манзилга кечроқ бўлсада тинч-омон етиб боришга нима етсин. Баъзан ҳайдовчининг совуқлиги ошиб кетиб, танада совуқ балғам ҳосил бўлса ҳам уни уйқу босади.

Яна ўқинг:  Кариес – тиш кушандаси

Бундай ҳолатда ҳайдовчига фаслга қараб иссиқ мижозли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишни тавсия этамиз. Ушбу маҳсулотларга қўй, от гўшти, қази-қарта, думба, шолғом, нўхат, ясмиқ, мош, қизил, қора, оқ ловия, қалампир, мурч, хантал (горчица), долчинли ёки занжабилли чой, қора шоколад, аччиқ қора кофе, асал, ёнғоқ, майиз, ерёнғоқ, ҳинд ёнғоғи, ўрмон ёнғоғи, хандон писта, бодом, қора чой киради. Мабодо одамнинг қони қуюқ бўлса ҳам қон томирларида қон айланиши қийинлашади. Ушбу салбий ҳолатда ҳам шофёр ўзини оғир ҳис этиб, диққатини жамлай олмайди. Қуюқ қонни кўпроқ сархил мева-сабзавотлар ва полиз экинларини истеъмол қилиш билан бартараф этиш мумкин.

Айниқса, узум ва қизил лавлаги қонни суюлтириб, уни тозалайди. Баъзан узоқ ўтириб ишлаш ва нотўғри овқатланиш туфайли ҳайдовчиларни қабзият асорати сифатида бавосил (геморрой) хасталиги безовта қилади. Агар бемор кундалик таомномасида ични равон келтирувчи озиқ-овқат маҳсулотларини тановул этиб, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиб турмаса аҳвол жарроҳлик столига ётишгача олиб келади. Давлат корхоналарида фаолият юритувчи ҳайдовчилар тиббий кўрикдан ўтишга мажбурдирлар. Аммо, шахсий машина эгаларининг ўз ихтиёрлари ўзида. Уларга ҳам йилда икки марта ўз соғлиқлари ҳақида жиддий қайғуриб, тиббий кўрикдан ўтиб туришларини тавсия этамиз. Зеро, бу нафақат ўзлари учун, балки уларга ишониб узоқ сафарга отланган йўловчиларнинг хавфсизлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.