“ҚЎЗИЧОҚ” САЛАТИ

Ҳурматли уй бекалари! Сизни Янги йил дастурхонига нима тайёрласам экан, деган савол қизиқтиряптими? Ҳа, албатта. Тайёрлаган таомингиз энг аввало соғлиқ учун фойдали ва катта-ю кичикка бирдек маъқул бўлишини истайсиз, тўғрими?

Бу ёқимтой “қўзичоқ” барча меҳмонларингизни ҳайрон қолдириши, шубҳасиз. Айниқса, Янги йил байрами дастурхонига муносиб туҳфа бўлиши аниқ. Бу салатни тайёрлаш жудаям осон.

Салат тайёрлаш учун керакли масаллиқлар (6 киши учун): 2 дона картошка, 1 дона сабзи, 4 ош қошиғида гуруч, 3 дона тухум, 4 дона маринадланган бодринг, 180 гр. тунец балиғи консерваси, 1 дона пиёз, 5 ош қошиғида майонез, 10 дона тўқ рангдаги зайтун меваси.

Тайёрлаш: Пўсти билан картошка ва сабзини, шунингдек гуручни тайёр бўлгунича қайнатамиз. Тухумни ҳам қаттиқ қилиб пиширамиз. Кейин пўсти тозаланган картошка, сабзи ва тухумни қирғичдан ўтказамиз. Бодрингни сомонча шаклида, пиёзни тўртбурчак шаклда тўғраймиз.

Ликопчага биринчи картошкани жойлаштирамиз, ундан “қўзичоқ”нинг боши ва гавдасини ясаймиз. Устидан майонез сурамиз. Сўнгра тунец балиғини майдалаб иккинчи қаватга жойлаймиз. Ундан кейин устма-уст сабзи, бодрингчалар ва тухумни сепиб чиқамиз. (Ҳар бир масаллиқдан кейин майонез суриш эсдан чиқмасин).

“Қўзичоқ”нинг устки қисмига қайнатиб пиширилган гуручдан шуба қилиб ёпамиз. Бош қисмини майдаланган зайтун меваси билан қоплаймиз. Яримтадан бўлинган зайтун меваларидан “қўзичоқ”нинг туёқчалари, қулоқчалари ва кўзчаларини ясаймиз. “Қўзичоқ” салатини дастурхонга тортамиз. Ёқимли иштаҳа!

МЕҲРИБОНУ

Яна ўқинг:  ЎҚУВЧИЛАРНИ КАСБГА ЙЎНАЛТИРИШДА ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: