Реклама

Ўғил боланинг “нега”ларини жавобсиз қолдирманг

Ўғил болани тарбиялаш мураккаб жараён. Бундан қиз бола тарбияси осон экан-да, деган хулоса келиб чиқмаслиги лозим. Шунчаки, ўғил болалар психологияси, уларнинг тарбиясидаги айрим ўзига хос жиҳатларга барча ота-оналар жиддий эътибор қаратиши зарур:

1

Фарзандингизни ҳислари ҳақида гапиришга ўргатинг.

У сирларини ҳаммага эмас фақат ўз ота-онасига айтсин. Ана шу инсонлар сиз бўлинг. Шундагина у атрофидаги одамларга ишонади, ўз туйғуларини чуқурроқ англайди ва юрак хасталикларидан узоқроқ юради.

2

Нимаики янги иш бошламасин, уни албатта қўллаб туринг.

Ўғил боланинг энг катта бойлиги ва ютуғи – ўзига ишонч туйғуси. Ҳозирча у ўзига ишончни сиз орқали олади, қилаётган ишларига ота-онасининг назари билан баҳо беради.

3

Меҳнатга ўргатинг.

Ҳозир уларда ғайрат кўп, бекор ўтиргандан иш қилсин. Майли, уйда иш топилмаса, қўшнисига қарашсин.

4

Биргаликда китоб ўқинг.

Бу китобни ўқигансиз, энди ўғлингиз ўқиб чиқишини истаяпсиз. Аммо сиз истаганингиз учунгина ўқимайди у. Китобга қизиқиши керак. Бирга ўқиймиз, десангиз, албатта қизиқади.

5

Қизиқишларини сўндирманг.

Майли, у “кетка”лар йиғиб, бутун уйга сочиб ташласин ёки тўп ўрнига “баклажка” тепиб, қулоқни қоматга келтирсин. Ким билади, сиз бўлажак устомон брокер ёки машҳур футбол юлдузини тарбиялаётгандирсиз?!

6

Эркаклардан кимгадир тақлид қилишига қўйиб беринг.

Отаси, футболчи Одил Аҳмедов ёки боксчи Ҳасанбой Дўстматовми – фарқи йўқ. Алпомишга тақлид қилдира олсангиз қани эди… Бу зотлар ўғлингиз олдига қўйган маррадир.

7

Аёлларни ҳурмат қилишга ўргатинг.

Синглисини туртиш, боғчасидаги қизларнинг сочидан тортиш – буларнинг бари мумкин эмаслигини аввал тушунтириш, бу иш бермаса, жазолаш орқали боланинг онгига сингдириш керак.

8

Ўзингиз ҳурматга лойиқ аёл бўлинг.

Болани қарғаш, унга бақириш, бировларни ёмонлаш, номақбул сўзларни айтиш, алдаш… Хуллас, буларнинг баридан тийилишга ҳаракат қилинг. Унутманг, сиз унинг учун дунёдаги энг меҳрибон ва чиройли аёлсиз. Шу мартабадан ўзингизни ўзингиз тушириб қўйманг.

9

Одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатинг.

Дастурхонга катталардан аввал қўл узатмаслик, ўзидан катталарга жой бериш, қошиқни тўғри ушлаш – бу майда-чуйдаларни беэътибор қолдирмасангиз келажакда халқдан дуо олиб келадиган ўғилнинг онасига айланасиз.

10

Бирон нарсага ишонса, ишончини синдиришга шошилманг.

Масалан, Қорбобога, хизр бувага, сеҳрли таёқча ёки қалпоқчага… Буларнинг барии эзгуликка хизмат қиладиган образлардир, аслида.

Яна ўқинг:  ИНГИЧКА ТОЛАЛИ СОЧЛАР ПАРВАРИШИ

11

Баъзан мулойим бўлиш ҳам керак…

Ўғил бола юмшоқ супурги эмас, бу тўғри. Бироқ, ўрни келганда мулойимлик, яъни дипломатик йўл билан ишини битиришни ҳам у билсин.

12

Кийимларини ифлос қилишга ҳаққи борлигини унутманг.

Ахир, у ўғил бола! Бўлмаса, қандай копток тепади, қумдан чиройли уйлар қуради ёки велосипед учишни ўрганади?

13

Бирга тез-тез сайрга чиқинг.

Уйдан ташқарида, юмушлардан холи она-бола бир-бирингиз билан суҳбатлашасиз, унинг саволлари ҳам бошқача тус олади.

14

Бошқаларга ёрдам беришга ўргатинг.

“Сен бировга ёрдам берсанг, бошқалар кун келиб, сенга ҳам ёрдам беришади.” Шу ақидани боланинг онгига сингдиринг. Ана шундагина унда одамларга яхшилик, савоб ишлар қилишга эҳтиёж пайдо бўлади.

15

Тажриба вақт ўтиши билан ҳар ишда қўл келишини тушунтиринг.

Бирон нарсани уддалай олмаса, бу билмасликдан эмас, тажрибасизликдан. Вақти билан унда тажриба пайдо бўлади ва у ишни эплаб кетади. Асосийси, тажриба орттиришдан чарчамасин.

16

Болангизни “Нега?”ларини жавобсиз қолдирманг.

Баъзан болажонлар шу сўзни ўйинчоқдек ўйнашаётган ва сизнинг сабрингизни синаётгандек туюлиши мумкин. Аслида, ундай эмас. Савол бермай қўйишидан Яратганнинг ўзи асрасин. Бу кичкинтойнинг онги ривожланмаётгани белгисидир.

17

Отаси билан тез-тез холи қолдиринг.

Ўғил бола эмоционал жиҳатдан кўпроқ онага боғланган бўлса-да, руҳан ва маънан отаси таъсирида бўлади. Отаси билан ёлғиз қолган ўғлингиз ўзини бўлажак эркак сифатида ҳис қилади.

18

Биргаликда қасрлар қуринг.

Майли қумдан ёки хаёлий. Бунёдкорлик, яратувчанлик, ихтироларга интилиш айнан ана шу кичик ёшдаги “қурувчилик”дан бошланади.

19

Фарзандингизни вақти-вақти билан бир қучиб, яхши кўришингизни айтиб қўйинг.

20

Доим ундан мадад олишига эришинг. Шунда “Кўча хандон – уй зиндон” эркакка айланмайди

 

Бу маслаҳатларнинг барчаси келажакда фарзандингизни ақлли ва баркамол бўлиб вояга етишига имкон беради. Шунда сиз орзудаги ўғил фарзанд тарбиялашга эришасиз.

 

Психолог

Азиза ТОШХЎЖАЕВА

тавсиялари асосида

Дилфуза АЗИМОВА тайёрлади.

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: