Онкология истиқболи: энди шифо истаб хорижга боришга ҳожат йўқ

Онкологик касалликлар бугунги кунда бутун дунёда инсон саломатлигига жиддий таъсир этаётган долзарб тиббий-ижтимоий муаммодир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра бундай хасталиклар билан касалланиш кўрсаткичи йилдан йилга ўсиб бормоқда. Маълумки, ушбу дарднинг олдини олиш ва уни эрта босқичларда аниқлаш жуда муҳим омил ҳисобланади. Эрта босқичда самарали даволанса, ушбу хасталикдан тўлиқ фориғ бўлиши мумкин.

Бу борада сўнгги йилларда мамлакатимизда кўплаб ижобий саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелда қабул қилинган “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳолига ихтисослашган онкологик тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш ва унинг кўламини кенгайтириш, аҳолининг барча қатламини тўла қамраб олувчи ушбу тизимни шакллантириш ва ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур қарор асосида кўплаб ишлар амалга оширилмоқди. Жумладан, жорий йилнинг 28 август куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида “Elekta Infinity” фирмасининг замонавий чизиқли тезлаткич нур бериш ускунасининг ўрнатилганлиги муносабати билан унинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маълумки, нур терапия – онкологик беморларни даволашдаги асосий усуллардан бири ҳисобланади. У жарроҳлик усули билан бирга комбинирланган ва алоҳида шаклда қўлланилади. Ушбу усул паллиатив ва клиник белгига асосан ҳам қўлланилади. Ривожланган давлатларда нур терапия онкологик беморларнинг 60 фоиздан ортиғини даволашда қўлланилади. Марказнинг нур терапия ўтказувчи чизиқли тезлаткич билан таъминланиши эса йилдан йилга ривожланиб, янгиланиб бораётган янги технологияларни амалиётда қўллаш имконини беради ва нур терапия ўтказиладиган беморлар контингентининг ортишига, уларнинг ҳаёт сифати ва даволаш натижаларининг яхшиланишига олиб келади.

 

Алишер ШОДМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:

Ушбу ноёб ва замонавий ускуна жаҳоннинг етакчи клиникаларидагина мавжуд бўлиб, Ўзбекистонда ҳам илк бор онкологик беморларни мана шундай илғор нур терапия ёрдамида даволаш имкони яратилмоқда. Замонавий нур терапиянинг ўрни ва имкониятлари жуда кенг бўлиб, ушбу ускуна нишонга максимал аниқ даволовчи доза беради ва соғлом тўқима ҳамда аъзоларнинг зарарланиш эҳтимолини кескин камайтиради. Натижада даволаш самарадорлиги ортади. Хасталикнинг ремиссия даври узаяди. Беморнинг ҳаёт сифати яхшиланади. Организмга ножўя таъсирларнинг камайиши ҳисобига беморлар ногиронлиги камаяди. Онкологик беморларнинг шифохонада бўлиш даври қисқаради. Бундай самараларга эришиш учун нур терапиянинг ушбу замонавий ҳажмли (3D) конформациялаш усули дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам кенг қўлланилади.

 

Яна ўқинг:  Чиқинди – қимматли хомашё

IMRT/VMAT ускуналарининг қўшимча равишда йўлланилиши эса ҳаёт учун муҳим бўлган аъзоларга доза юкламасининг кескин камайишига, нурдан кейинги асоратлар хавфининг қисқаришига ва аниқ жараёнга нисбатан оптимал нур терапия ўтказишга имкон беради. Бугунги кунда бош-бўйин, кўкрак қафаси, қорин бўшлиғи ва кичик чаноқ аъзолари ўсма касалликларини даволашда ривожланган давлатларда ушбу технология олтин стандарт ҳисобланади. Бундан ташқари, нур терапиянинг ротацион услубда тутамлар интенсивлигини модуляция қилиш (VMAT) натижасида ускунанинг ўтказувчанлик қобилияти вақтининг 2-3 баробар қисқаришига эришилади. Бу эса ўз навбатида ўпка, простата бези каби ҳаракатчан аъзолардаги ўсма нишонларини даволашда жуда муҳимдир.

Бир сўз билан айтганда соғлиқни сақлаш тизимининг бундай юқори технологияга асосланган, инновацион ва замонавий ускуна билан таъминланиши Давлатимиз раҳбарининг халқимиз саломатлигини сақлаш йўлида олиб бораётган оқилона сиёсати маҳсулидир.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: