Янги қонун кучга кирди

Маълумки, Юртбошимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисида “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш масаласи инсоннинг ахборот олиш, ахборотни ва ўз шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи, эркинлигини ўзида мужассам этган бўлиб, бу Ўзбекистонда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шарти, таъбир жоиз бўлса, тамал тоши ҳисоблананишини таъкидлаган эди. Ва бу борада “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилиш ташаббусини илгари сурганди.

Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2014 йил 11 мартда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2014 йил 10 апрелда маъқулланган эди. Жорий йилнинг 5 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 мартдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақида”ги Фармойишига мувофиқ, 2013 йилнинг март-декабрь ойларида Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳуқуқий эксперимент ўтказилиб, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда бошқа ахборотдан фойдаланувчилар билан ҳамкорликда қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Айтиш жоизки, мазкур қонун юридик ва жисмоний шахсларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан кенг кўламда фойдаланишни таъминлаш, фуқароларнинг ахборотга бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш шаклларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш тартиб-қоидаларини белгилаш, маҳаллий ҳокимият органларининг қабул қилинадиган қарорлари юзасидан жавобгарлигини оширишнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишига хизмат қилади.

Қонуннинг 12-моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш (чоп этиш) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий нашрлари, расмий веб-сайтлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилади.

Қонуннинг 19-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан 15 кун, ОАВнинг ахборот олиш, шунингдек, мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этишга доир сўрови кўпи билан 7 кунлик муддатда кўриб чиқилиши белгиланган.

Яна ўқинг:  Оила бир чаманзор гулистон ичинда

Эндиги олдимизда турган асосий вазифалардан бири мазкур қонуннинг ижроси бўйича ҳуқуқий механизмни ривожлантириш учун давлат секторига қарашли турли хил соҳа хусусиятларидан келиб чиқиб, очиқликни таъминлашга қаратилган қонун ости ҳужжатларини қабул қилиш эҳтиёжи туғилади.

Биринчидан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизмати бўлимларига малакали кадрларни жалб қилиш талаб этилади. Чунки ахборот хизмати давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг “кўзгу”си сифатида намоён бўлиб, ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тайёрлаш, тарқатиш вазифаларини бажарувчи ҳамда оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни таъминловчи-воситачи ҳисобланади.

Иккинчидан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари интернет тармоғидаги веб-сайтига ахборотни жойлаштиришга доир йўриқнома ишлаб чиқиб, унда ахборотни веб-сайтда жойлаштириш тартиби ва уларга қўйиладиган талаблар аниқ кўрсатилиши керак.

Учинчидан, маҳаллий ҳокимият органларининг очиқ йиғилишларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг бевосита қатнашишини таъминлаш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиб, унда йиғилишлар ўтказиш тўғрисида ахборотдан фойдаланувчиларни хабардор қилиш, йиғилишларда қатнашишни ташкил қилиш ва қатнашиш тартиби белгилаб қўйилиши лозим.

Тўртинчидан, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида фаолият юритувчи давлат хизматчиларининг ахборот олиш, узатиш ва тарқатишдаги ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш зарур.

Мухтасар қилиб айтганда, фуқаролик жамияти ривожланган демократик давлатда фуқаролар давлат ҳокимияти бошқаруви органлари ва мансабдор шахслар фаолияти ҳақида танишиб бориши, уларнинг халқ фаровонлиги ва жамият тараққиёти йўлида олиб бораётган ишлари тўғрисида хабардор бўлиши талаб этилади. Чунки фуқаролар қонунлар билан тақиқланмаган ҳукумат ахборотидан эркин фойдаланиш ва тарқатиш имкониятига ҳеч қандай тўсиқ ва тазйиқларсиз эга бўлиши лозим. Бу орқали давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб, том маънодаги кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш мумкин бўлади. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни эса ушбу мақсадни амалга оширишда улуғвор аҳамиятга эгадир.

Адҳамжон Усмонов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: