Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: жабрланувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида

Мустақиллик йилларида ҳокимиятнинг учинчи тармоғи суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга ва янада либераллаштиришга алоҳида аҳамият берилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизими қурилишининг мутлақ янги концепцияси вужудга келди.

Юртбошимиз раҳбарлигида мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари барча соҳалардаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси, муҳим омили ҳисобланади. Чунки барча соҳалардаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш ҳамда инсонга яхши турмуш шароити яратишдан иборат.

Маълумки, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ қонунчилигида жиноий жазолар либераллаштирилди ва енгиллаштирилди. Жиноий ҳуқуқий соҳадаги сиёсатни такомиллаштириш инсонпарварлик урф-одатларимиз, миллий қадриятларимизнинг ёрқин намунаси бўлди, десак арзийди.

Президентимиз раҳбарлигида мустақилликнинг дастлабки даврларидан бошлаб олиб борилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг натижаси ўлароқ, 2001 йилда жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг “Жиноят, Жиноят процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан жиноятларнинг таснифи ўзгартирилди. Бунинг натижасида оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг қарийб 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди. Жиноий жазо тизимидан инсонпарварлик тамойилларига мутлоқо зид бўлган мол-мулкни мусодара қилиш тарзидаги жазо тури чиқариб ташланди. Жиноят кодексининг 11 та моддасига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланмаслиги ҳақидаги қоидалар киритилди.

Жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги бундай чоралар натижасида мамлакатимизда бугунги кунда қамоқдагилар сони 2010 йил маълумотига кўра жаҳон миқёсида энг паст кўрсаткични, яъни ҳар 100 минг нафар аҳолига 166 кишини ташкил этади.

Россияда бу кўрсаткич 611 кишини, АҚШда 738 кишини ташкил этади. Бу соҳада олиб борилаётган ишларнинг ижобий натижасини яна шунда кўриш мумкинки, мамлакатимизда сўнгги ўн йилда озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётганлар сони икки баробардан кўпроққа камайган.

2008 йил 1 январдан бошлаб мамлакатда ўлим жазоси бекор қилинди, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди. Бу мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў эътиборини юксалтирибгина қолмасдан, балки Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси талабларини ҳам амалда татбиқ этишга имкон яратди. Дунёдаги энг демократик давлатларда ҳам фавқулодда жазо тури ҳисобланган ўлим жазоси юз йиллар давомида катта курашлар билан бекор қилинганлигини ёки жуда кўп давлатларда ҳозир ҳам ўлим жазоси асосий жазо тури сифатида сақланиб келаётганлигини яхши биламиз.

Яна ўқинг:  “Инсон ўз ОНА тилини яхши билмай туриб, бошқа тилни мукаммал ўргана олмас экан...”

Ўзбекистонда умрбод озодликдан маҳрум қилиш фавқулодда жазо чораси бўлиб, фақат 2 турдаги жиноят – қасддан одам ўлдириш ва терроризм учун тайинланади. Ушбу жазо тури бизнинг мамлакатимизда хотин-қизларга, 18 ёшга тўлмаган шахсларга ва 60дан ошган эркакларга нисбатан қўлланилмайди. Хориж билан қиёсласак, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси Германия ва Польшада 5 та, Бельгия ва Россияда 6 та, Данияда 9 та, Францияда 18 та, Голландияда 19 та жиноят тури бўйича тайинланади.

Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокуратурадан судга ўтказилиши, демократиянинг энг катта ютуқларидан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Президентимизнинг 2005 йил 8 августдаги “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида”ги Фармонлари суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш йўлидаги яна бир дадил қадам, яна бир пиллапоя деса бўлади.

“Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 2008 йил 1 январдан кучга кирди.

Қонунда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини суд томонидан қўллашнинг процессуал тартиби белгиланиб, бу эҳтиёт чораси қайси ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда қўлланилиши аниқлаштириб қўйилди.

Суд амалиётига 2001 йилдан бошлаб ярашув институти киритилди ва у самарали фаолият кўрсатмоқда.

Ярашув институтининг талабига кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноий қилмиш содир этган шахс жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаб берган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилмайди. Мазкур институт ўзбек халқининг раҳмдиллик, кечиримлилик каби миллий қадриятларимизга тўла мос келади. Ушбу ҳуқуқий норманинг жорий этилиши натижасида дастлабки икки йилда 100 минг нафарга яқин фуқаро жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Қайси бир мамлакатда қонунларга қанчалик оғишмай амал қилинса, қонун устуворлиги таъминланса, демак шу мамлакатда ҳуқуқий давлатнинг пойдеворига асос солинади, шу давлатда эркинлик ва фаровонлик бўлади.

Д. ДАВЛАТОВ,

ҳуқуқшунос

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: