Оила бир чаманзор гулистон ичинда

Дарвоқе, бу мўъжазгина бахт кошонасини бир чаманзор гулистон ичинда, – дея таърифлашимизга Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний шаҳридан таҳририятимизга келган бир мактуб сабаб бўлди. Келинг, ушбу мактубни қисқача ҳукмингизга ҳавола қиламиз:

“Ассалому алайкум, “Соғлом авлод” газетаси таҳририяти!

Мен Малахат Нуриддиноваман, ёшим 35 да. Бир нафар қиз фарзандим бор. Сизларга мактуб йўллашимдан мақсад, шифокорлар менга бошқа фарзанд кўрмаслигимни айтишди. Ҳар бир ота ўғил фарзанд кўришни хоҳлайди. Турмуш ўртоғим иложи бўлса, ўғил бола боқиб олайлик, деб маслаҳат қилган эди, у кишининг таклифи маъқул келди. Даромадимиз етарли, деҳқончилик билан шуғулланамиз. Сизлардан илтимос, фарзанд боқиб олишимиз учун кимга мурожаат қилишимиз ва қандай ҳужжатлар тақдим этишимиз борасида батафсил маълумот берсангиз”.

Ўғилми, қизми фарзанднинг бори яхши. Аммо, мактуб эгаси оиласининг мустаҳкам ва тўкис бўлиши учун яна бир фарзанднинг бошини силашни ният қилганига қувонмоқ керак.

Ким билсин, балки яна қайси бир оила шу каби эзгу ишга бел боғлагандир. Ахир бағрикенглик халқимизга хос фазилат эмасми?!

Биз эса мактуб эгасининг саволига жавоб излаб, мутасадди идоралар томон ошиқамиз. Мутахассислар бу борада нима дейди?

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро суди раиси Баҳодир Сотволдиев болани фарзандликка олиш қай тартибда амалга оширилади ва кимлар бола асраб олиш ҳуқуқига эга, деган илк саволимизга қуйидагича жавоб берди:

– Айни вақтда мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни эртамизнинг муносиб ворислари қилиб тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, бу борада кўплаб қонунлар, кодекслар ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 151-моддасига мувофиқ фарзандликка олиш фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилади. Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар алоҳида иш юритиш тартибида фарзандликка олувчилар (олувчи), васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари, шунингдек прокурор иштирокида суд томонидан кўриб чиқилади. Ака-укалар ва опа сингилларни турли шахслар томонидан фарзандликка олишга йўл қўйилмайди, фарзандликка олиш болаларнинг манфаатларига мувофиқ келган ҳоллар бундан мустасно.

Яна ўқинг:  Ажрашаётган эр-хотиннинг фарзанди номидаги мулк кимга тегади?

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар фарзандликка олиш тўғрисидаги аризани фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судига, фуқаролик ишлари бўйича вилоят ёки Тошкент шаҳар судига беради.

Сўнгра судга тақдим этиш учун (суд томонидан берилади) талаб қилинган рўйхат бўйича қуйидаги ҳужжатлар аризага илова қилинади:

Никоҳда турган шахслар(шахс) томонидан фарзандликка олинганда – фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасининг кўчирма нусхаси;

эр-хотиндан бири томонидан фарзандликка олинганда – бошқасининг розилиги. Агар эр-хотин оилавий муносабатларни тугатган, бир йилдан ортиқ бирга яшамаётган бўлса ва эрнинг (хотиннинг) яшаш (турган) жойи номаълум бўлса, шунингдек бу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, фарзандликка олишда унинг розилиги талаб қилинмайди;

никоҳда турмаган шахс томонидан фарзандликка олинганда – фарзандликка олувчи паспортининг кўчирма нусхаси ва никоҳда турмаслиги ҳақидаги маълумотнома; фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) соғлиғи ҳолати ҳақида тиббий хулоса ( руҳий асаб касалликлари, сил касалликлари, наркология диспанцери, шунингдек ОИТСга қарши кураш диспанцерининг маълумотномалари); фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) иш жойидан эгаллаб турган лавозими ва иш ҳақи тўғрисида маълумотнома ёки бошқа даромад манбалари тўғрисида маълумотнома; турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат; фуқаро фарзандликка олишга номзод сифатида ҳисобга қўйилганлиги ҳақидаги ҳужжат.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг бошқа давлат фуқароси бўлган болани фарзандликка олиш тўғрисидаги аризасига Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 185-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари бола қонуний вакилининг розилиги ва бола қайси давлат фуқароси бўлса, ўша давлат ваколатли органининг розилиги илова қилинади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган болани фарзандликка олиш тўғрисидаги аризасига мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек фарзандликка олувчи қайси давлат фуқароси бўлса, ўша давлат (бола Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан фарзандликка олинаётганда – ушбу шахслар қайси давлатда доимий яшаш жойига эга бўлса, ўша давлат) ваколатли органининг уларнинг яшаш шароитлари ҳақида ва фарзандликка олувчилар бўла олиш имкониятлари ҳақидаги хулосаси, тегишли давлат ваколатли органининг фарзандликка олинаётган боланинг ушбу давлатга кириши ва мазкур давлат ҳудудида доимий яшаши учун рухсатномаси, фарзандликка олувчиларнинг (олувчининг) Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси вакилларига фарзандликка олинган бола ҳақида ахборот бериш ва бола билан мулоқот қилиш имкониятини бериш тўғрисидаги нотариал тасдиқланган мажбурияти илова қилинади. Чет эл фуқаролиги бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган фарзандликка олувчи шахслар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар белгиланган тартибда легализация қилиниши ёхуд уларга белгиланган тартибда апостиль қўйилган бўлиши керак. Бунда тақдим этиладиган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат тилига таржима қилинган ва нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Яна ўқинг:  ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК

Судья ишни судда кўришга тайёрлашда ажрим чиқаради, унга кўра фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги васийлик ва ҳомийлик органлари зиммасига фарзандликка олиш асосли эканлиги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатларига мувофиқлиги тўғрисида судга хулоса тақдим этиш мажбурияти юкланади. Васийлик ва ҳомийлик органининг фарзандликка олиш асосли эканлиги тўғрисидаги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатларига мувофиқлиги ҳақидаги хулосасига тегишли тартибдаги ҳужжатлар илова қилинади.

Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ишни мазмунан кўриб чиқиб, фарзандликка олиш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш тўғрисида ёхуд уни қаноатлантиришни бутунлай ёки қисман рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради. Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни суднинг ёпиқ мажлисида кўриб чиқади.

Фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинади.

Вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин, қўйидаги шахслар бундан мустасно: ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар. Қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар. Асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар, қонун асосида белгиланган тартибда фарзандликка олганлиги бекор қилинган собиқ фарзандликка олувчилар.

Фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўлмаслиги шарт, ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳоллари бундан мустаснодир.

– Кимлар фарзандликка олишда устунлик ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳисобланади?

– Турар жойидан қатъий назар фарзандликка олинувчининг қариндошлари, фарзандликка олинувчи бола оиласида яшаётган шахс. Ака-ука, опа-сингилларни улар ўртасидаги қариндошлик алоқаларини бузмасдан фарзандликка олаётган шахслар. Ўгай ота ва ўгай она. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари. Касаллик, бахтсиз ҳодиса оқибатида фарзандларидан ажралган шахслар фарзандликка олишда устунлик ҳуқуқига эга бўлади.

Болани васийликка ёки патронатга олишда қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Нилуфар Умарова, Тошкент шаҳар Олмазор туман Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими қошидаги Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича мутахассис:

Болани васийликка ёки патронатга олиш учун Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига ариза билан мурожаат қилинганда худди фарзандликка олиш каби белгиланган тартибда ҳужжатлар йиғмаси аризага илова қилинади.

Яна ўқинг:  Нотариуслар нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этишга ҳақлими?

Шунингдек, болани патронатга олишда белгиланган тартибда маълум муддатга шартнома имзоланади.

Ота-онанинг ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаши қандай тартибда амалга оширилади?

Шаҳноза Мирзабоева, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани 5-сонли Давлат нотариал идораси нотариуси:

– Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги (№ 364 2014. 02.01.) Қонуни 26-моддасига асосан ота-онанинг ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақидаги аризаси болаларнинг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига берилади. Ушбу ариза ёзилган сана кўрсатилган ҳолда уларнинг ўз қўли билан имзоланган ва нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак.

– “Меҳрибонлик уйи” ёки “Гўдаклар уйи”дан фарзандликка олиш тартиби ҳақида билмоқчи эдик?

Бахтиёр Қўчқоров, Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 24-меҳрибонлик уйи директори:

– Ушбу масканларда тарбияланаётган болани фарзандликка олиш суд қарори асосида амалга оширилади.

Ҳа, боланинг ёмони бўлмаганидек унинг бегонаси ҳам бўлмайди. Шундай экан, оила чаманини гуллатувчи беғубор қалб эгалари болажонларимиз омон бўлсин. Уларга меҳр улашиш ниятида узатилган қўллар эгалари қалби асло завол билмасин, деймиз.

Таҳририятимизга дилига эзгу истакни тугиб, мактуб йўллаган қорақалпоғистонлик юртдошимиз Малахатхон сиймосида юртимиз аёлларининг гўзал фазилатлари, меҳри ва матонати акс этади. Зеро, аёл – Она. Онанинг меҳри билан биёбон гулистонга айланади.

Жамила Ҳайдарова,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: