Замонавий тиббий хизмат: давр билан ҳамнафас

Истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизими тубдан ислоҳ қилиниб, юртимизнинг чекка-чекка ҳудудларида ҳам аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Эътиборлиси, мамлакатимизда мазкур соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугун бутун дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда. Сирдарё вилоятига қилган сафаримиз давомида бунга яна бир бор амин бўлдик.

Вилоят Соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Самариддин Тилавов аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишитириш мақсадида бизни қатор тиббиёт муассаларига йўллади.

Сирдарё вилоятидаги “Она ва бола скрининги” маркази ҳовлисига кираверишдаги тозалик ва ободликни кўриб дилингиз равшан тортади. Чор-атроф манзарали дарахт­лар ва гуллар билан бурканган ушбу маскан энг сўнгги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган. Бу ерда меҳнат қилаётган малакали шифокорлар ва ҳамшираларнинг беминнат хизматидан эса аҳоли мамнун.

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида Скрининг маркази томонидан вилоятнинг шаҳар ва туманларида истиқомат қилувчи 9 минг 356 нафар ҳомиладор аёл УТТ текширувидан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича зарурий чора-тадбирлар кўрилди.

Вилоят бўйича 2013 йилнинг ўтган даври мобайнида 10 минг 170 та туғруқ қайд этилган бўлиб, фенилкетонурия ва туғма гипотиреоз касаллигига қарши 1052 нафар чақалоқдан қон таҳлили олинган. Шулардан 14 нафар чақалоқда туғма гипотиреоз ҳамда 7 нафарида фенилкетонурия касаллиги аниқланиб, диспансер назоратига олинган.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида” ги қарори ижроси юзасидан вилоят “Она ва бола скрининги” маркази томонидан аҳоли ўртасида мунтазам равишда профилактик ишлар олиб борилмоқда. Туғма ва ирсий касалликларнинг бирламчи профилактикаси бўйича марказимиз ходимлари иштирокида маҳаллаларда давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, олий ўқув юртлари, коллежлар ва академик лицейларда таҳсил олаётган ёшлар ўртасида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ходимлари билан “Скрининг текширувларининг моҳияти”, “Ҳомила нуқсонларининг келиб чиқиш сабаблари” мавзуларида семинар-тренинглар ташкил этилди. Мақсуда Абдураҳмонова, Мавлуда Юнусова, Муҳаббат Ортиқова каби олий тоифали шифокорларнинг эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг хавфи, никоҳдан ўтувчи ёшларга тегишли маслаҳатлар, туғруқлар орасидаги энг мақбул муддатга риоя этиш борсидаги тавсиялари аҳолининг тиббий маданиятини ошириш борасида қўл келмоқда, – дейди марказ бош шифокори Турсуной Холбоева.

Яна ўқинг:  Музлатилган мевалар фойдалими?

БЕХАТАР ОНАЛИК ВА БОЛАЛИК МУҲОФАЗАСИ

Оилада чақалоқ туғилди. Хонадон эгаларининг қувончи чексиз. Шу миттигина вужудни соғлом вояга етказиб, келгусида эл корига ярайдиган инсон бўлишини ҳар бир ота-она орзу қилади.

Кўплаб хонадонларга ана шундай шодлик улашаётган Сирдарё вилоят Перинатал маркази шифокорлари ва ҳамширалар яратилган шароитлардан оқилона фойдаланган ҳолда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида сид­қидилдан меҳнат қилишмоқда. Мазкур шифо маскани 130 ўринга мўлжалланган бўлиб, лаборатор диагностикаси, ҳомиладорлар патологияси, гинекология, чақалоқларни жонлантириш каби бўлимларда беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Жорий йилда тўлиқ таъмирланган тиббиёт маскани ҳудудида вилоят ҳокимлиги томонидан сув ҳавзаси бунёд этилди. ЮНИСЕФ ташкилоти томонидан “Чақалоқларга дўстона муносабатда бўлган туғруқхона” номига муносиб топилган ушбу марказда перинатал хизматини яхшилаш, кўкрак сути билан эмизишни рағбатлантириш, онадан болага ОИВ ўтишининг олдини олиш, она ва болага туғруқ жараёнида ҳамда ундан сўнг дори-дармонларни мақсадли ишлатиш билан бехатар оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти талаби бўйича 22 ҳафтадан 27 ҳафтагача ҳамда кам вазнда туғилган чақалоқлар парваришига жуда катта эътибор берилмоқда, – дейди “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси, вилоят Перинатал маркази директор ўринбосари Маъмура Тошметова. – Шифокорларимиз она ва бола саломатлигига бирдек масъуллигини ҳис қилган ҳолда ўз билим малакаларини муттасил равишда ошириб боришмоқда. Бунда Республика Перинатал маркази, Республика ихтисослаштирилган Педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва бир қатор чет эл тиббиёт муассалари билан олиб бораётган ҳамкорлигимиз яхши самара бермоқда. Перинатал марказда меҳнат қилаётган олий тоифали акушер-гинекологлар Матлуба Мирзақулова, Гулбаҳор Қобулова, неонотолог Сайёра Абдуллаева, Назокат Давлатова каби шифокорларимизнинг бой тажрибаси ёш мутахассисларни касб сирларини пухта эгаллашлари учун хизмат қилмоқда.

Қаердаки ўзаро ҳамжиҳатлик бўлса, шу ерда эзгулик бўй чўзаверади. Вилоят Перинатал маркази раҳбари, олий тоифали акушер-гинеколог Ҳанифа Содиқованинг саъй-ҳаракати боис ходимларнинг нафақат ўз вазифасига сидқидилдан ёндошиши, балки маданий дам олишлари учун ҳам марказда етарлича шарт-шароитлар яратилган. Мунтазам равишда юртимизнинг диққатга сазовор жойларига уюштирилаётган саёҳатлар, республикамизнинг турли сиҳатгоҳларида дам олиш учун берилаётган йўлланмалар ходимлар меҳнатига муносиб рағбатдир.

Яна ўқинг:  Тарбиянинг икки палласи

ИЗЛАНИШЛАР САМАРАСИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 18 мартдаги “Ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаларининг ташкилий тузилмасини ва фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2008 йил 25 мартдаги буйруғига асосан Сирдарё вилоят болалар шифохонаси Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига айлантирилган. 155 ўринга мўлжалланган тиббиёт марказида кардиоревматология, пульмонология, хаста чақалоқлар, неврология, жонлантириш ва интенсив даволаш, гастроэнтрология бўлимлари фаолият кўрсатади. Шунингдек, бу ерда замонавий кўринишда қад ростлаган, барча қулайликларга эга бўлган консультатив поликлиника ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Шунингдек, тиббиёт маркази Германия давлатининг 680 минг евролик грант маблағи ҳисобидан энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди.

Марказда олиб борилаётган ишлар хусусида бош шифокор Акбар Мирзахонов бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Болалар шифокори ўз-ўзидан боланинг феъл-атворига мослашади. Баъзи болалар ўзидаги хасталикни тўлиқ айта олмайди. Бундай пайтда уларнинг дардини тезлик билан илғай олиш, хасталикка тўғри ташҳис қўйиш шифокордан катта маҳорат талаб қилади. Шифокор нафақат бор билими билан, балки бутун меҳри билан беморга ёндошсагина кўзлаган мақсадига эришади.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида меҳнат қилаётган Абдумажид Расулбердиев, Меҳринисо Қиличева, Сурайё Тешабоева, Назира Неъматова каби малакали шифокорларнинг болалар саломатлигини асраш борасидаги самарали меҳнатлари таҳсинга лойиқ.

Боланинг соғлом улғайишини таъминлаш нафақат шифокор, балки ота-оналар зиммасига ҳам катта масъулият юклашини унутмаслигимиз лозим. Кечагина ҳузуримга келган бемор боланинг онаси, “фарзандим тузалар деб фалон дорини ичирдим, аммо фойдаси бўлмади”, – дейди хомуш тортиб. Шифокор тавсия қилмаган дорини билиб-билмай беморга бериш акс таъсир этиши мумкинлигини айтганимда у афсус билан бош чайқаб қолди. Ота-оналарнинг бундай ишлари муд­ҳиш оқибатларга олиб келиши мумкин. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.

Аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш борасида мунтазам равишда суҳбатлар, учрашувлар ўтказмоқдамиз. “Педиатриянинг долзарб масалалари”, “Меъда ичак касалликлари” бўйича семинарлар ташкил этилди. Мутахассислар томонидан консультатив поликлиникага келган оналар билан “Болани тўғри парваришлаш”, “Гўдакни тўғри овқатлантириш”, “Ўта хавфли инфекциялар”, “Она сутининг аҳамияти” мавзусидаги давра суҳбатлари олиб борилди. Ҳар ойнинг охирги ҳафтасида тузилган жадвал асосида шифокорлар жойларга амалий ёрдамга чиқишади. Вилоят “Гўдаклар уйи”, Гулистон шаҳрида жойлашган “SOS” болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари малакали шифокорларимиз томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Яна ўқинг:  Кузнинг кўркам қаҳрабоси

Кейинги йилларда болалар ўртасида аллергик касалликларнинг кўпайиши соҳа ходимларидан тинимсиз изланишни талаб этмоқда. Бу борада шифо масканида фаолият юритаётган шифокорларнинг малакасини ошириш, тиббиёт соҳасидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, тиббиёт маскани кардиоревматология бўлими мудири Арипжон Кудратов вилоятда болаларга кўрсатилаётган стационар хизмати бўйича неврологик ва кардиоревматологик касалликларида замонавий диагностика ҳамда даволаш стандартларини амалиётга жорий этаётгани эътиборлидир. Унинг раҳбарлигида бўлим шифокорлари неврологик касалликларни даволашда замонавий усуллардан фойдаланиб, даволаш ишларини пухта ва асоратларсиз олиб бориб, профилактикага алоҳида эътибор қаратмоқда. Марказда бемор болаларни малакали тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида ҳар бир бўлимда мутахасислигига қараб даволаш диагностика стандартлари ишлаб чиқилди ва амалиётга тадбиқ этилди. Тажрибали шифокор вилоятда врачлар малакасини ошириш борасида ҳам фаол қатнашмоқда. Хусусан, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази базасида Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги, ЮНИСЕФ томонидан оналар ва болалар соғлиғини сақлаш мақсадида ўқув маркази ташкил этилди. Мазкур ўқув марказида ўтган давр мобайнида 14 та семинар-тренинг ўтказилиб, 49 нафар стационар, 124 та ҚВП шифокорлари ва 120 нафар қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникаларда фаолият юритадиган ўрта тиббиёт ходимлари ҳамда тиббиёт марказининг 23 нафар шифокор-педиатри ўқитилди.

Арипжан Кудратовнинг меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Мустақиллигимизнинг 22 йиллик байрами арафасида Юртбошимизнинг фармонига биноан “Эл-юрт ҳурмати” орденига сазовор бўлди. Бу мукофот эртамизиниг муносиб ворислари бўлмиш болажонларнинг соғлиғини сақлаш борасида самарали фаолият олиб бораётган Сирдарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорларига берилган муносиб баҳодир.

Жамила ҲАЙДАРОВА,

Сирдарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: