Реклама

Ижтимоий ҳимоя – устувор вазифа

Пенсия тайинлаш қандай мезонларга асосланади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 30 декабрдаги “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг республикамизнинг шаҳар ва туманларида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари ташкил этилган.

Пенсия таъминотини расмийлаштириш борасидаги саволлар барчани қизиқтириши табиий. Уларга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Олмазор туман бўлими бошлиғи ўринбосари Зайниддин Аралов билан суҳбатлашдик.

– Ўзбекистонда фуқароларнинг пенсия ёши қандай белгиланган ҳамда талаб этиладиган ҳужжатлар йиғмаси ва иш стажи неча йил бўлиши ҳақида бизга маълумот берсангиз.

– “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддасига мувофиқ ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига: эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил, аёллар эса – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 12-бандига асосан ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши белгилаб қўйилган:

– иш стажини, шу жумладан, махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

– иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома;

– ариза берувчининг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси нусхаси (2005 йил 1 январдан кейин).

Бундан ташқари зарур ҳолларда қуйидаги маълумотномалар тақдим этилади.

Яъни, тегишли орган томонидан берилган ҳарбий хизматни, партизан отрядлари ва қўшилмаларда бўлганликни, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилганликни тасдиқлайдиган маълумотнома топширилади.

Тегишли орган томонидан берилган, идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва кон-қутқарув қисмларидаги хизматни тасдиқлайдиган маълумотнома ҳам берилиши шарт.

Яна банд бўлган шахсга Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ органлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Пенсия жамғармаси бўлими томонидан берилган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганлигини тасдиқлайдиган маълумотнома ҳам зарур.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-профилактика муассасаси тиббий-маслаҳат комиссияси томонидан берилган ариза берувчининг боласи 16 ёшгача ногирон бола деб эътироф этилишини тасдиқлайдиган тиббиёт хулосаси ёки Тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган парвариш остидаги шахс I гуруҳ ногирони деб тан олинишини тасдиқлайдиган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг тегишли қисми ҳам ушбу ҳужжатлар тўпламига киради.

Яна ўқинг:  Ўзбекистон – сайёҳлар нигоҳида

Даволаш-профилактика муассасасининг хулосаси асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларга қараб турилган вақтни тасдиқлайдиган маълумотнома керак.

Олий таълим муассасаларида аспирантурада, докторантурада ва клиник ординатурада кундузги ўқишни, шу жумладан, чет элда ўқишни тасдиқлайдиган диплом ёки маълумотнома топширилади. Шунингдек, болани парвариш қилиш бўйича таътил берилганлиги ва таътилдан қайтилганлиги тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда аёл киши бола туғилгандан бошлаб у уч ёшга тўлгунгача бўлган даврда меҳнат муносабатларида бўлган ташкилот томонидан берилган бола уч ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома даркор.

Офицерлар таркибидан бўлган шахслар, прапоршчиклар, мичманлар ва муддатдан ташқари хизмат қилувчи ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақтни тасдиқлайдиган, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг хотини (эри) чет элда бўлган вақтини тасдиқлайдиган маълумотномалар ҳам пенсия жамғармасига тақдим этилади.

Ариза берувчи уруш қатнашчиси ёки унга тенглаштирилган шахс ҳисобланишини тасдиқлайдиган ҳужжат, даволаш-профилактика муассасасининг ариза берувчи гипофизар нанизм бемори (лилипут) ёхуд диспропорционал пакана эканлиги тўғрисидаги маълумотномаси, фамилияси, исми, отасининг исми ўзгартирилганлиги тўғрисидаги ҳужжат топширилади.

ТМЭКнинг ногиронлик тўғрисидаги маълумотномасининг тегишли қисми – меҳнатда ёки касб касаллигига чалинганлик оқибатида I ва II гуруҳлар ногирони бўлган вақт стажга ҳисобланадиган ҳолларда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган ногирон бола 8 ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома, шунингдек, бола 8 ёшгача ногирон бола деб эътироф этилишини тасдиқлайдиган ТМК томонидан берилган тиббиёт хулосаси, ёки ТМК томонидан берилган ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланадиган касаллик бўйича даволаш-профилактика муассасасида ҳисобда турганлик тўғрисидаги маълумотномалар пенсия ҳисоблашда катта аҳамиятга эга.

Оқлов ҳукми ёки иш тўхтатилганлиги тўғрисида суднинг ажрими ёки прокурор (терговчи)нинг иш тўхтатилганлиги тўғрисидаги қарори, шунингдек, олдини олиш чораси сифатида шахсни (тергов изолятори) қамоқда сақлаш, қамоқ ёки озодликдан маҳрум этиш шаклида жазони ўташ даври тўғрисида тергов органлари ёки ички ишлар органларининг маълумотномаси, яна, реабилитация тўғрисидаги ҳужжатлар (суд органлари, прокуратура органлари, суриштирув ва тергов органларининг оқлов ҳукми чиқарилганлиги тўғрисидаги маълумотномаси ёки реабилитация қилувчи асослар бўйича жиноят иши тўхтатилганлиги тўғрисидаги қарори (ажрими) зарур.

Яна ўқинг:  Жасорат ва матонат халқимизга хос азалий хислатдир

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги туман (шаҳар) Бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги тақдимномаси ҳам топширилади.

– Пенсия ёшига етган эркак ёки аёлнинг иш стажи талаб қилинган меъёрдан кам бўлган ҳолда пенсия қандай тайинланади?

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига асосан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсия, пенсия тайинлаш учун (7-модда) етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар ушбу қонун 37-моддаси биринчи қисмининг “а”, “б”, “в” ва “г” бандларида назарда тутилган камида 5 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.

– Ишлаётган пенсионерлар қай тартибда иш ҳақи ёки тайинланган пенсиянинг 50 фоизини олишга ҳақли ва ушбу тартиб II, III гуруҳ ногиронларига қандай ҳолатларда тўланади?

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 30 апрелда 2222-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан қуйидаги тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда (100 фоиз) тўланади. Уруш ногиронлари ва қатнашчиларига, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахсларга. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий хизматни ўтаган ёки фронт орқасида ишлаган фуқаролар, I ва II гуруҳ ногиронлари, Чернобиль атом электростанцияси ҳалокатидан зиён кўрган инсонлар, ушбу ҳалокатдан зиён кўрганлар доираси Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши раёсати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги 170-сонли “Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш ҳақида”ги қарорида белгиланган тартибда пенсия оладилар. Фуқаролар йиғинлари ва маҳаллаларнинг раисларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишловчи пенсионер аёлларга – ёшга доир пенсияни олганда, қолган барча ишловчи пенсионерларга уларга тайинланган пенсиянинг 50 фоиз миқдорида пенсиялар тўланади.

2014 йил 1 январидан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тарзидаги шартномалар бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган ёшга доир пенсияларнинг минимал миқдоридан паст даромад (гонорар, мукофот ва бошқалар) оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.

– Кимларга ногиронлик пенсияси тайинланади?

– Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларга ногиронлик пенсияси тайинланади.

Яна ўқинг:  Ака

– 16 ёшдан катта ва 16 ёшгача бўлган болаликдан ногиронлик нафақаларини кимлар олиш ҳуқуқига эга?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сонли қарори билан тасдиқланган болаликдан ногиронларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом 16 ёшдан катта болаликдан ногиронларга ва 16 ёшгача ногирон болаларга ҳар ойлик нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди. Нафақа олиш ҳуқуқига тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан болаликдан I гуруҳ ногиронлари, болаликдан II гуруҳ ногиронлари деб эътироф этилган 16 ёшдан катта шахслар, шунингдек, нафақа олиш ҳуқуқини берадиган тиббий хулоса мавжуд бўлган тақдирда 16 ёшгача бўлган ногирон болалар эгадирлар.

– “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан туман Пенсия жамғармаси бўлимида қандай ишлар амалга оширилиши режалаштирилган?

“Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури доирасида Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 ёшга тўлган нуроний фуқароларимиз учун энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида мукофот пуллари берилиши, 75 ёшдан ошган фуқароларга текширишларда ҳисобланган ортиқча тўловлардан воз кечиш режалаштирилган.

Шу билан бирга 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уруш даврида мамлакат ичкарисида хизмат қилган ватандошларимиз учун уй-жой коммунал хизматлари учун бериладиган компенсация тўловлари миқдорларини ошириш белгиланган. Мавжуд расмий веб-сайтимиздаги пенсия калькулятори орқали фуқаролар ўзлари ҳам дастлабки пенсияни ҳисоблаб чиқиш имкониятлари яратилди.

Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Олмазор туман бўлимида ёш кадрлар малакали ходимларга бириктирилиб, улар ўртасида устоз-шогирд анъаналари йўлга қўйилган.

Дарҳақиқат, мазкур бўлимда олиб борилаётган ишлар юксак талаб даражасида ташкил этилган. Биз эса фаровонлик, тўкинлик ва тараққиёт, тинчлик ҳамда осойишталик юртимизни асло тарк этмасин, умр довонларидан ошиб пенсия ёшига етиш ҳар бир юртдошимизга насиб этсин деймиз.

Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Жамила ХАЙДАРОВА суҳбатлашди

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: