Хайрли ишнинг хосияти улуғвор

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ўз фаолияти давомида чекка ҳудудлардаги аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, фертиль ёшидаги аёллар ва болаларни чуқур тиббий кўрикдан ўтказиш ва зарур бўлганда даволаш муассасаларида соғломлаштириш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига моддий ёрдам кўрсатиш сингари кўплаб самарали ишларни амалга ошириб келмоқда.

Фонднинг минтақавий филиаллари орқали республикамизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли қатламларига малакали тиббий хизмат кўрсатиш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига мурувват ёрдамларини етказиб бериши янада енгиллашди.

– Жамоамиз билан ҳамкорликда биз ҳам юқорида таъкидлаб ўтилган давлат дастурларини амалга ошириш йўлида баҳоли қудрат ҳаракат қилаяпмиз, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Хоразм вилоят бўлими директори Наргиза Шарипова. – Жорий йилда ҳам 2013 йилда қабул қилинган “Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида аҳоли ўртасида кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширяпмиз. Бугунги кунда жамғармамиз УТТ (ультратовуш текшируви), ЭКГ, кольпоскопия, аудиометр, тезкор лаборатория каби тиббий ускуналар, дори-дармонлар, витаминлар билан таъминланган. Тиббий-ижтимоий патронаж бригадасига бириктирилган мобиль клиника малакали мутахассис-шифокорлари узоқ ва чекка қишлоқларга бориб кам таъминланган аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиб, улардаги касалликларни ўз вақтида аниқлаш, хасталикларни бартараф этишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Ҳа, қисқасини айтганда, жорий йилнинг биринчи чорагида тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси шифокорлари Урганч сержантлар мактабидаги ҳарбийларнинг оила аъзолари, ҳамда шу шаҳардаги “Мустақиллик”, “Юқори-боғ”, “Навбаҳор”, Феруз номидаги ва бошқа маҳаллалар аҳолиси ҳамда Хива, Ҳазорасп туманларидаги репродуктив ёшдаги хотин-қизлар, ногиронлар, қариялар, ўсмир ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Саломатлиги назоратдан ўтказилган 4 минг 351 нафар фуқаронинг 2 минг 529 нафари аёллар бўлиб, уларнинг 2 минг 302 нафарини фертиль ёшидаги аёллар ташкил этади. Шунингдек, тиббий-ижтимоий патронаж ходимлари томонидан маҳаллаларда мунтазам равишда соғломлаштириш ҳафталиклари ўтказилиши йўлга қўйилган. Навбатдаги ана шундай тадбирларнинг бирида 631та оиланинг турмуш тарзи, уларнинг саломатлиги мутахассислар томонидан ўрганилди. Скрининг маркази орқали 4 минг нафардан зиёд ҳомиладор аёл УТТ кўригидан ўтказилиб, аниқланган ташхис бўйича беморлар даволаш муассасаларида соғлиғини мустаҳкамлаб олишлари учун йўлланмаларга эга бўлдилар. Ҳомиладор аёлларнинг перинатал скрининг текширувларидан ўтказилиши ногиронлар туғилишининг олдини олиш, туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлашда муҳим омил бўлаётир.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2015-17)

Ўрта махсус касб-ҳунар ҳамда олий таълим муассасаларида ва маҳаллаларда соғлиқни сақлаш ҳамда ФҲДЁ бўлими ходимлари иштирокида мунтазам равишда ўтказилаётган “Исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш”, “Замонавий контрацепция воситалари”, “Оилавий ҳаётга тайёрмисиз?”, “Эрта турмуш қуриш ва унинг салбий оқибатлари”, “ОИВ ва ОИТС ҳақида тушунча”, “Камқонлик касаллиги нима?”, “Йод танқислиги касаллигининг сабаблари” мавзуларидаги кечалар, мутахассислар билан учрашув ва суҳбатлар, айниқса, интерфаол услубда ўтказилган давра суҳбатларида намойиш этиладиган видеофильмлар кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олаётирлар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” дастури ҳамда 2015 – “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг вилоят бўлими билан ҳамкорликда ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, минг нафарга яқин ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларга протез-ортопедик маҳсулотлар, реабилитация техник воситалари, 20 нафарига ногиронлик аравачалари тақдим этилди. Наврўз байрами муносабати билан Урганч шаҳридаги Кўзи ожизлар жамияти, Боғот, Ҳазорасп туманларида хайрия тадбири ўтказилди ва манзилли ёрдам кўрсатилди. Ҳазорасп туманининг “Мухомон”, “Овшар” маҳаллаларида ўтказилган “Сумалак сайли”да беш нафар 90 ёшдан ошган онахонларга хайрия совғалари тарқатилди. Ёлғиз кексалардан 18 нафари мобиль клиника бригадаси шифокорлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди ҳамда уларга дори-дармонлар тарқатилди.

Хива туман эркаклар “Мурувват уйи”да яшовчи ёлғиз кексаларга “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия фонди томонидан келтирилган дори-дармон, санитария ва гигиена воситалари ва ногиронлик аравачалари мурувват ёрдами сифатида топширилди.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: