ТАНТИ ТАБИАТ НЕЪМАТИ
Равоч ва унинг фойдали хусусиятлари ҳақида
Равоч ўсимлигини кўпчилик севиб истеъмол қилади. Унинг пўстини арчиш жараёнида ўсимликдан ажиб бир ифор таралади.Нордон мазаси эса иштаҳани қитиқлайди. Бундан ташқари равочнинг кўпчиликка номаълум бир қанча хусусиятлари ҳам бор.
Ўзимизнинг тоғдан
Равочнинг 150 га яқин тури мавжуд. Ушбу маданийлашган ўсимлик марказий Хитойда полиз экини сифатида етиштирилади. Унинг барглари сариқ-яшил ва қизил кўринишга эга. Узунлиги эса 20 см.дан – 40 см.гача бўлади. Равоч Ўзбекистоннинг тоғли ва тоғ олди ҳудудларида ҳамда қир-адирларда ёввойи ҳолда ўсади.
Ўсимликнинг ёш, қалин, серсув барглари хушхўр ва иштаҳаочар десерт сифатида истеъмол қилинади. Баргларининг мазаси нордон бўлиб, иштаҳани очиш хусусиятига эга. Унинг таркибида олма ва лимон кислотаси ҳам учрайди.
Равоч парҳез маҳсулоти ҳисобланади. Ундан ҳеч қандай ёғ моддасини топмайсиз. 100 грамм равоч танаси бор-йўғи 116 килокалориядан иборат. Мазкур ўсимлик таркибида жуда кўп миқдорда пектин, озиқ толалари, органик кислота ва минерал моддалар мавжуд. Шунингдек, С, В витаминлари, каротин, моддалари ва калий, фосфор, магний тузлари ҳам бор. Равоч меъда-ичак фаолияти ва ҳазм жараёнини яхшилашда самарали натижа беради. Ундан сафро ҳайдовчи восита сифатида ҳам фойдаланишади.
Мазкур ўсимликнинг илдизи ҳам шифобахш саналади. Унинг барги жуда серэт ва серсувлиги сабаб истеъмол қилинади. Даво мақсадида илдизи ва илдизпоясидан фойдаланиш мумкин. Равочдан тиндирма ва шарбат ҳам тайёрланади.
Фойдадан холи эмас
Равоч меъда-ичак фаолияти бузилишида жуда фойдали. Магний, калий, фосфор каби моддалар равоч таркибида жуда кўп миқдорда учрайди. Бу эса камқонликнинг олдини олишда айни муддао. У қон яратиш тизими фаолиятини яхшилайди. Равоч қонни ҳам кўпайтиради.
Ўсимликнинг фойдали хусусиятлари бу билан кифояланмайди. У авитаминозни даволашда умумий қувват берувчи доривор восита саналади.
Айниқса, ўпка касалликлари билан хасталанган беморлар учун равоч истеъмол қилиш фойдалидир.
Бу маҳсулотни тери, тирноқ ва соч фаолиятини яхшилаш мақсадида ҳам қўллаш мумкин. У соч ва тери рангини ялтиратиш хусусиятига эга.
Нега истеъмол
қилмаймиз?
Панкреатит (меъда ости бези яллиғланиши) ва гастрит(меъда шиллиқ қавати яллиғланиши) ҳамда меъда ва ўн икки бармоқли ичак касалликларидан азият чекаётган беморларга ушбу доривор ўсимликни истеъмол қилиш мумкин эмас.
Равоч таркибида жуда кўп миқдорда органик кислоталар мавжудлиги боис у буйрак, пешоб ва ўт пуфагида тошлар йиғилишига сабаб бўлади. Шу боисдан равочни пешоб-тош ва ўт-тош касаллиги билан оғриган беморларнинг овқат рационидан чиқариш зарур.
Халқ табобатида
Равоч халқ табобатида бир қанча касалликларни даволовчи ва олдини олувчи хусусиятга эга. У юрак, ўпка ва жигар касалликлари ҳамда камқонликда даво саналади. Мазкур ўсимликнинг баргига қараганда унинг илдизи фойдалироқдир.
Қабзиятда: 2 ош қошиқ равоч илдизи яхшилаб тўғралади. 1 стакан қайнаган сувга аралаштирилиб, худди чой сингари дамланади. Тайёр дамлама ухлашдан олдин стаканнинг учдан бир қисми миқдорида ичилади. Мазкур дамлама дори маҳсулотларига қараганда самаралидир.
Гипертония (қон босимининг кўтарилиши)да: Равочдан тайёрланган дамлама қон босимининг кўтарилишида ҳам фойдали. Дамламани тайёрлаш учун 2 ош қошиқ қуритилган равочни майдалаб, 1,5 стакан қайноқ сувга солиб аралаштирамиз. Ушбу аралашма 30 дақиқа давомида паст оловда қайнатилади. Тайёр бўлгач оловдан олиб совутилади. 1,5 стакан дамламани истеъмол қилиш, кун давомида артериал қон босимини меъёрига келтириш учун етарли саналади.
Авитаминоз (витамин етишмаслиги)да: Авитаминознинг олдини олиш ва даволашда равоч самарали натижа беради. Уни тайёрлаш учун ўсимликнинг баргларидан ва пўстлоғидан тозаланган серэт шохлари шакар (ёки асал) керак бўлади. Равоч совуқ сувда ювилиб, пахмоқ тоза сочиқ ёрдамида қуритилади. Унинг шарбати сиқиб олинади. Таъбга кўра шакар ёки асал аралаштирилади. Кун давомида 1,5 стакан нордон-ширин таъмли шарбатни истеъмол қилиш, иммунитетни кўтариш ва организмда витаминлар танқислигини тўлдириш учун етарли саналади.
Хуршида ҲУСЕНОВА