Ёзги оромгоҳлар мавсумга шайми?
Юртимизда ёшларни билимли, зукко шу билан бир бирга соғлом вояга етиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Жумладан, ёзги таътилни мароқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларидаги болалар оромгоҳларида бу йилги соғломлаштириш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди.
Оромгоҳларда болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси талаблари асосида жорий мавсум аввалида 1313 та оромгоҳ фаолият кўрсатади. Шундан 206 таси стационар, 978 таси кундузги ва 129 таси “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳларидир. Мавсум давомида 301 589 нафар бола соғломлаштирилади. Уларнинг 153 мингдан ортиғи стационар, 148 мингдан зиёди эса кундузги оромгоҳларга жалб этилади.
Оролбўйи минтақасиДАГИ 4,5 минг нафар кам таъминланган оилаларНИНГ ФАРЗАНДЛАРИ, ота-она қарамоғисиз қолган болалар (Қорақалпоғистон – 3 000 нафар, Хоразм – 1 500 нафар) Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган 12 та энг намунали оромгоҳларда бепул дам олИШАДИ.
700 нафар кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари ва ота-онасиз болалар “Маҳалла” жамоат фонди ҳисобидан бепул соғломлаштирилади. Навоий кон-металлургия комбинати билан ҳамкорликда вилоятдаги Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманларидаги 500 нафар, “Жиззах аккумулятор заводи” АЖ томонидан 100 нафар эҳтиёжманд оила фарзандлари ҳам бепул ҳордиқ чиқаришади.
– Бу йил ҳам Ўзбекистон Касаба уюшмалар Федерацияси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида мактабларда турли фанлар бўйича ўтказилган “Билимлар беллашуви” ғолиблари учун Тошкент вилоятидаги “Қуёшли” оромгоҳида “Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи” ташкил этилади, – дейди “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи директори Йўлчибой Раҳимжонов. – Бу ерда болаларнинг билим ва салоҳиятини янада ошириш мақсадида турли интеллектуал ўйинлар уюштирилиб, оромгоҳ миқёсида билимдонлар мусобақалари ҳам ташкил этилади.
Бундан ташқари болаларнинг қизиқишини инобатга олган ҳолда жорий йилда 206 та ихтисослаштирилган оромгоҳ ташкил этилади (14 та интеллектуал ривожлантириш, 14 та ҳарбий-спорт, 7 та ижтимоий-мослашув, 14 та экологик-биологик, 14 та техник ижодкорлик, 14 та бадиий ижодкорлик, 129 та меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари).
– Катта ўғлим Бекзод 8-синфда ўқийди. У бу йилги “Билимлар беллашуви”да фахрли 2-ўринни эгаллади, – дейди Сирғали туманидан Ҳусния Холиқова. – Бугунги кунда юртимизда билимли ва зукко болалар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлардан биз, ота-оналар бениҳоя мамнунмиз. Эндиликда шу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда биз ҳам ўғлимизни “Қуёшли” оромгоҳига юборишни ният қилганмиз.
Мавсум давомида оромгоҳларда сифатли тиббий хизмат ва санитария-гигиена талабларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилади. Бунга зарур дори-дармон воситалари билан таъминланган тиббиёт ходимлари бириктирилди. Озиқ-овқат хавфсизлиги, санитария-гигиена қоидалари, жалб этилаётган ходимлар, қабул қилинаётган ҳар бир бола тиббий кўрикдан ўтказилгани, уларга малакали тиббий-хизмат кўрсатиш ишлари доимий назоратга олинади. Малакали педагог ходимлар жалб этилиб, уларга ўқув-услубий қўлланмалар етказиб берилади, кутубхоналар етарли адабиётлар билан бойитилади. Шунингдек, болалар кўнглини шод этиш, уларни руҳан ҳамда жисмонан чиниқтириш мақсадида ҳар бир масканда маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.
Сулаймон АРЗИҚУЛ ўғли