Кўҳна сардоба тарихи

Ўзбекистон минг йиллик тарихга эга. Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон каби гўзал шаҳарларимиз ўзининг бетакрор обидалари, тарихий қадамжолари билан дунё саёҳларини ўзига мафтун этиб келмоқда. Бу эса шу юртда туғилган ҳар бир инсон қалбини фахр-у ифтихорга тўлдиради.

Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани ҳам ана шундай қадимий масканлардан саналади. Туманимизнинг Сардоба дея номланиши ва унинг қандай маънони англатиши кўпчилик учун қизиқ бўлса керак. Бу хусусда бобом, ҳудудда минг йиллик тарихга эга сардоба мавжудлигини, шу сабаб, туманимиз мазкур ном билан аталишини сўзлаб берди.

Ўзбекистон энциклопедик луғатида “Сардоба” сўзи форс тилидан кириб келган. У Марказий Осиё ва Шарқда ёзда иссиқдан сақланиш учун бунёд этилган жой ёки сув сақлаш учун махсус қурилган гумбазли ҳовуз”, дея таърифланган. Сардобалар Шарқда кенг тарқалган сув иншоотлари бўлиб, улар асосан қадимги карвон йўллари бўйлаб қурилган. Хуросон ва Шимолий Эронда бундай иншоотлар “Обанбар”, Озарбойжонда эса “Авдон” номлари билан юритилган.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ва унинг атрофида 44 та сардоба мавжуд. Уларнинг 29 таси Қарши чўлида, 3 таси Тошкент-Фарғона ўртасидаги қадимги савдо йўлида ҳамда 1 таси Кармана (Навоий вилояти) яқинида жойлашган. Булар шубҳасиз, саҳроларда бекат – карвонларнинг тўхташ жойи вазифасини ўтаган.

Мирзачўл ҳудуди ҳам қадимги оқар сувлардан маҳрум бўлган чўлдир. Самарқанддан Тошкентга борувчи карвон учун унинг ҳудудидан ўтиш энг қисқа йўл ҳисобланган. Шу боисдан Бухоро амири Ушбу ҳукмдор II даврида бу масалага алоҳида ёндашилган. Ушбу ҳукмдор II Амир Темурдан кейин Марказий Осиё давлатчилиги тарихида марказлашган давлат барпо эта олган. Унинг даврида илм-у маърифат, меъморчилик, ҳунармандчилик, суғорма деҳқончилик ва савдо-сотиққа катта эътибор қаратилган. Айниқса, бу даврда атрофдаги қўшни давлатлар билан олиб борилган савдо ва дипломатик алоқалар кучайган. Бундай муносабатлар асосини эса бир неча юзлаб от ва туялардан иборат карвонлар ташкил этган. Карвонлар учун кимсасиз биёбонларда қишнинг совуғи ва ёзнинг жазирамасидан сақловчи, ҳимоя қиладиган қўналғалар керак эди.

Тарихий манбалар асосида таҳлил қилиш мумкинки, туманимиз ҳудудидаги “Ёғочли Сардоба” номи билан машҳур бўлган тарихий обида Абдуллахон II даврида бунёд этилган бўлиши мумкин. Ҳикоя қилинишича, иншоотнинг қурилишида кўплаб қурувчилар қатнашган. Ғиштлар Ғаллаорол тумани ҳудудида қуйилиб, пиширилиб, олиб келинган.

Яна ўқинг:  Асосий мақсад аҳолини сифатли, арзон дори-дармон билан таъминлаш

Яна бир ривоятда ушбу ёдгорлик Амир Темур буйруғи билан қурилганлиги, унинг бунёд этилиши учун зарур бўлган қурилиш материаллари (ғишт ва бошқалар)ни ёнма-ён турган одамлар қўлма-қўл қилиб, Самарқанддан ташиб келтирганликлари, сардоба ҳовузи эса Соҳибқироннинг фармони билан қурилган, Сирдарёдан сув олувчи Ўринбояриқ ташламаси ёрдамида тўлдирилганлиги айтилган.

Сардоба қурилиши жиҳатидан анчагина мураккаб. Мазкур иншоот ота-боболаримизнинг архитектура соҳасидаги билимларининг юксак намуналаридан бири ҳисобланади. У маҳорат билан бунёд этилгани боис, мана неча юз йиллардан буён бус-бутунлигича сақланиб келинмоқда.

 

Сардоба ичидаги ҳовузнинг чуқурлиги 10-15 метр, диаметри 12-16 метрни ташкил этади. Шуниси ажойибки, ҳовуздаги сувнинг мазаси ҳам, ранги ҳам ҳеч қачон бузилмаган – доимо муздек ва тоза.

 

Чунки, уни лойиҳалаштирган бинокор-ирригаторлар иншоотдаги сувнинг сифати бузилмаслиги чорасини усталик билан ҳал этишган. Бунинг учун иншоот гумбазининг уч томонига бир нечта равоқсимон вентиляцияловчи дарчалар ва тепасига битта мўри ишланган. Ҳавони янгилаб турувчи мўри ва дарчалар доимо иншоот ичидаги ҳавони тозалаб, унга салқинлик бериб турган.

Ёғочли сардобанинг уч томонида учта дарча бўлиб, унинг ташқарисида баландлиги 2 метр, эни 80 смга тенг бўлган ҳовузга қуйиладиган махсус сув йўли қурилган. Унда сув олиб чиқадиган пештоқли кириш йўлаги бўлиб, йўлакдан зинапоялар орқали ҳовуз ичига тушилган.

“Ёғочли Сардоба” пештоқли дарвозасининг эни 3 метр, баландлиги 2,80 метр бўлган. Сардоба ҳовузи лойқаланиб, иншоотни ишдан чиқармаслиги учун унинг олдида каттагина сув тиндиргич – очиқ ҳовуз қурилган. Атрофдан оқиб келган қор ва ёмғир сувлари аввал сув тиндиргичда тўпланиб, ундан лойқа ҳовуз тубига чўккан, сўнгра тоза сув сардобага қуйилган. Сув тиндиргичга чорва моллари кириб, ифлосламаслиги учун унинг атрофи пахса девор билан ўралган.

Сардобага шимол тарафдан, ғиштли зинапоя орқали кирилган. Кириш қисмида ўзига хос йўлак мавжуд. ХIХ аср тарихчиларининг ёзишича, унинг тепасида хизматчилар ва қўриқчилар учун махсус хона бўлган. Унга иншоот ташқарисида қурилган зинапоя орқали кўтарилган.

Бизнинг тарихларга гувоҳ сардобамиз, минглаб инсонлар ташналигини қондирган муқаддас иншоотлардан саналади.

 

Азиза АБИЕРҚУЛОВА,

Сирдарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: