«Доктор, тиззамда туз борми?»

Тизза бўғими оғриқларининг асосий сабабчиси бўлган артроз касаллиги кенг тарқалган ортопедик патологиялардан бири бўлиб, халқимиз орасида «бўғимимда туз бор экан», «бўғимимда емирилиш бор экан» деган тушунчалар билан машҳур.

Аслида бўғимларда туз деб атаётганимиз, бўғим юзасини қоплаб турувчи тоғай қатламда, бўғим капсуласида ва суякларда турли сабаблар оқибатида юзага келадиган патологик ўзгаришлар бўлиб, бунда асосан бўғим суюқлигини ишлаб чиқарувчи тўқималар (хондроцитлар, синовиал қобиқ)нинг нобуд бўлиши кузатилади.
Табиийки, бўғим суюқлигини ишлаб чиқарувчи тўқималарнинг нобуд бўлиши, бўғим ичида механик таъсирни камайтирадиган бўғим суюқлиги миқдорининг камайишига олиб келади, бунинг оқибатида бўғим ичидаги жароҳат ўчоқлари йиллар давомида кенгайиб бориб, ўлган тўқима қолдиқларининг бўғим ичида йиғилиши кейинчалик бўғимларда ҳаракат вақтида эшитиладиган «хруст»ларни юзага келтиради.

Келиб чиқиш сабаблари:
– генетик мойиллик;
– шикастланишлар;
– инсон ёшига мос келмайдиган жисмоний зўриқишлар;
– ортиқча вазн ва семириш;
– тизза бўғими яллиғланишлари;
– метоболик касалликлар;
– ортопедик касалликлар;
– доимий стресс
.


Даво чоралари: табиийки даволаш чоралари касалликни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этишдан бошланади.
Касалликнинг биринчи босқичида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оёқ кийимни тўғри танлаш, тана вазнини нормаллаштириш суяк ва тоғай тўқималари таркибини асосини ташкил қилувчи препаратлар (кальций, хондроитин сульфат, глюкозамин сульфат)ни қабул қилиш билан ижобий натижаларга эришса бўлади.
Хасталикнинг II босқичида юқорида кўрсатилган даво турларига қўшимча ортобиология (PRP, SVF,BMAC), глюкозамин сульфатларни тўғридан-тўғри бўғим ичига юбориш, физиотерапевтик муолажалар, оғриқларда эса ностероид яллиғланишга қарши дори воситаларини қўллаш яхши самара беради.
III-IV босқичларида эса дори воситаларининг самараси анча пасайиб, беморни доимий оғриқлар безовта қилади, бундай ҳолатда ҳозирги кунда бутун дунёда беморларга артропластика ва бўғимларни сунъий бўғимга алмаштириш, яъни эндопротезлаш тавсия этилади.
Тизза артрозини даволаш кенг қамровли бўлиши керак. Муваффақиятли даволашнинг муҳим шартларидан бири ўз вақтида ташхис қўйиш ва эрта даволашни бошлаш. Бу ремиссия муддатини узайтиради, тоғай ва суяк шикастланиши ҳамда тизза бўғимининг деформациясининг олдини олади.
Айтиш керакки, бугунги кунда ушбу касалликдан бутунлай халос бўлишнинг имкони йўқ. Фақат юқорида айтиб ўтилган ўзгаришларни камайтириш мумкин.

Яна ўқинг:  Пашшалар меъда саратонига сабабчи

Касалликнинг олдини олиш учун аввало соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, кам ҳаракатлик ва оғир жисмоний зўриқиш­лардан сақланиш, тана вазни нормадан ошишига йўл қўймаслик, тўғри оёқ кийим танлаш тавсия этилади.

Ёдда тутинг. Тиззангизда оғриқлар пайдо бўлса, аввало шифокор қабулига мурожаат қилишни унутманг.

Шерзод ОТАҚУЛОВ,
травматолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: