ФАВВОРАЛАР фаровонлик тимсоли

Инсон табиатнинг бир бўлаги деб бежиз айтишмаган. Турмуш ташвишларидан ҳориган пайтингиз дашту адирда, лолазорлар бағрида ёки бирор-бир шарқироқ сой ёнида дам олсангиз, уфққа термулиб хаёл сурсангиз барча ташвишларни бир зум бўлса-да унутиб, қалбингиз ором олади. Тошдан-тошга урилиб оқаётган сув оҳангига қулоқ солсангиз, майин наво сасидан завқланасиз. Тинчлик, осудалик замонида яшаётганингизга шукроналар айтасиз!

Ҳаётимиз манбаи бўлган сувга бежиз тўхталмадик. Аҳамият берган бўлсангиз, сўнгги йилларда юртимизнинг деярли барча ҳудудларида бир-биридан мўъжизакор фавворалар барпо этилмоқда. Бу фавворалар тинчлигимиз, сувдек тиниқ ҳаётимиз рамзидир. Пойтахтимизнинг юраги ҳисобланган Мустақиллик майдонида ана шундай “ўйноқи” cувлар куй ҳамроҳлигида рақсга тушаётганининг гувоҳи бўласиз. Айниқса, кечки сайр пайтида фаввора атрофи гавжум бўлади. Етти ёшдан етмиш ёшгача барча сув сеҳридан баҳра олади.

Мамлакатимизда бунёдкорлик, кўча ва гузарларни миллий андозалар асосида обод қилиш яхши анъанага айланди. Истиқлолнинг илк кунларидан бошланган бу ишлар бугунги кунда янги сифат даражасига кўтарилди. Хиёбонлар манзарали дарахт ва гулларга бурканди. Айниқса, фавворалар шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда. Жорий йилда Тошкентдаги Хадра майдонидан жой олган 12 метрли рангларга ҳамоҳанг ҳаракатланувчи фаввора пойтахт аҳолиси учун ажойиб совға бўлди.

Шунингдек, ёз фасли кириб келиши арафасида тантанали “Фавворалар сайли” байрам тарзда ўтказилди. Пойтахтимизнинг Маърифат маркази ва Симпозиумлар саройининг кириш жойида, Сайилгоҳ майдонида, “International Tashkent” меҳмонхонасининг кириш қисмида, Хадра майдонида янги қурилган ҳамда Цирк биносининг олд майдонида, Мирзо Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғининг кириш қисмида, Бобур кўчаси, Енгил саноат уюшмаси олд кириш қисмида, “Истиқлол” санъат саройи орқа майдонида, “Локомотив” маданият ва истироҳат боғида, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳудудида, Тошкент Ирригация ва мелиорация институти ҳудудида, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳудудида бир-биридан мўъжизакор фавворалар барпо этилган. Бундай гўзал манзараларни биргина пойтахт ҳудудида эмас, балки вилоят ва туман марказларида, амфитеатрларда ҳам кўриш мумкин.

Айни пайтда пойтахтимизда олтмишдан ортиқ фавворалар мавжуд, албатта уларнинг салмоқли қисми мустақиллик йилларида қурилди. Бу борада “Тошкент фаввораси” давлат унитар корхонаси техник хизмат бўлими бошлиғи Николай Шпулин биз билан суҳбатда шундай дейди:

– Тошкент фавворалари пойтахтнинг диққатга сазовор жойларидан бирига айланиб улгурган. Ёзнинг иссиқ кунларида бу ерлар шаҳар аҳолиси ва меҳмонлар билан гавжум бўлади. Бизнинг корхона шаҳар фаввораларининг техник хизмати ва таъмирлаш ишлари билан шуғулланади. Мустақиллик майдонида жойлашган энг катта фаввора бир неча йиллардан буён юртдошларимизнинг қалбига хушнудлик бағишлаб келмоқда. Айнан ўша фаввора сиғими 10 минг куб метрни, узунлиги эса 120 метрни ташкил этади.

Яна ўқинг:  Kuz

Ҳа, айни пайтда фавворалар атрофи пойтахт аҳолиси ва меҳмонлар билан гавжум. Дарвоқе, бугунги кунда анъанавий турғун фавворалар ўрнини юқори технологиялар ёрдамида рангларга ва мусиқага ҳамоҳанг ҳаракатланувчи фавворалар эгалламоқда. Сув оқими ва мусиқа жўрлигида ажиб рақс дастурлаштирилади. Ҳар бир мусиқа парчасига ўзига хос дастур ёзилади. Буларнинг барчаси компьютерда бошқарилади.

2009 йилдан пойтахтимизда янги фавворалар қурила бошланди. Замонавий андозалар асосида янги таъмирланган “Саёҳат” меҳмонхонаси олдида илк бор ана шундай “мусиқали” фаввора қад ростлади. Мумтоз оҳанглар орқали бошқарилаётган ушбу фаввора қалбингизга ўзгача шукуҳ олиб киради. Иккинчи “мусиқали” фаввора Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри атрофидаги фаввора бўлиб, унинг марказий қисмига ўзгартириш киритилмаган. Фақат атрофига кичик-кичик “рақсга тушаётган” фавворачалар гуруҳи ўрнатилган.

Мухтасар айтганда, борлиғимизни ўраб турган оламнинг ўзи мўъжизадир. Инсон тафаккури билан яратилаётган фавворалар эса ўша борлиқнинг бир зарраси. Қайси элда чексиз ўзгаришлар рўй бераётган бўлса, демак, шу халқнинг турмуши фаровон, келажаги порлоқ бўлади. Таъкидлаш жоизки, юртимизга кўрк бағишлаб турган рангин фавворалар ҳам халқимиз фаровонлиги тимсолидир.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: