ҲУҚУҚШУНОС аёллар беллашди
Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси “Юксак маънавият – енгилмас куч” шиори остида пойтахтда фаолият юритаётган нотариус аёллар ўртасида танлов ташкил этди.
Тошкент шаҳрида юздан ортиқ нотариал идора бўлиб, уларнинг 70 фоизида ҳуқуқшунос аёллар етакчилик қилади. Танловнинг биринчи босқичида ана шу дилбар аёлларнинг ҳуқуқий билимлари, ижтимоий-сиёсий онги даражаси синовдан ўтказилди. Иккинчи босқичда эса иштирокчилар истеъдодларини намоён этди. Мазкур босқичда улар орасидан ғолибликка эришган беш нафар нотариал идора раҳбарлари танлаб олинди.
“Ўзбегим” ресторанида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлари ва сенаторлари, Олий суд судьялари, Адлия вазирлиги ходимлари иштирок этди.
Танлов иштирокчилари беш йўналишда беллашдилар. Аввало, ҳар бир қатнашчи ўзи, оиласи, иш фаолияти ҳақида ҳикоя қилди. Иккинчи йўналишда улар мамлакатимиз мустақиллиги тимсоли, рамзи – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари асосида ҳуқуқий билимларини синовдан ўтказишди. Кейинги йўналишда нотариат соҳасининг пойдевори бўлиб турган ҳуқуқий асосларга замон ва халқ истак-хоҳиши билан ўзгартиришлар киритилиши лозимлиги хусусида таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
У ҳаётда учраб турадиган ҳодисаларни, яъни нотариал идораларга мурожаат қилувчиларнинг қонунлар борасидаги мулоҳазаларини саҳна кўринишида ҳам ифодалаб берди.
Дарҳақиқат, энг аввало, халқ манфаатларини таъминлаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш давлат эътиборидаги энг муҳим вазифалардан биридир. Беллашувда Гулчеҳра Қўлдошевага биринчи ўрин насиб қилди.
Кейинги йўналишда беллашувчилар ижтимоий-сиёсий етуклигини намоён қилдилар.
Бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ОИВ ва таносил касалликлари ва гиёҳвандлик кенг тарқалишининг олдини олиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Одам савдоси ва терроризмга қарши курашда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарур ишлар амалга оширилаётир. Беллашувда ҳам ушбу мавзу ўз ифодасини топди. Яккасарой туман ҳуқуқшуноси Феруза Мусаева ана шу мавзуни ўзига хос ифодалаб берди ва иккинчи ўринга муносиб деб топилди. Миробод туман 9-сон нотариал идора нотариуси Азиза Шоназарова эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Шунингдек, вояга етмаган болаларнинг муаммоларини саҳна кўринишида мукаммал очиб бера олган, миллий қадриятларнинг халқимиз ҳаётида юксак аҳамиятга эгалигини маҳорат билан ифодалай олган беллашувнинг энг ёш иштирокчиси, Ҳамза тумани 9-сон нотариал идора нотариуси Шаҳло Хўжаева “Танловнинг энг ёш ижодкори” номига сазовор бўлди.
Юнусобод тумани 8-сон нотариал идора нотариуси Дилором Охунжонова миллий қадриятларни ифодалаб берган “Соғлом бола – юрт келажаги“ ғояси орқали таҳсинга сазовор бўлди.
Танлов жараёнида оиланинг муқаддаслиги, фарзанд тарбиясига юксак эътибор қаратиш муҳимлиги, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг нохуш оқибатлари, эр-хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик оила заволи, тиббий маданият соғлом авлод гарови экани, ногирон фарзандлар туғилишининг олдини олиш хусусидаги долзарб вазифалар савол-жавоблар, саҳна кўринишлари, суҳбатлар орқали очиб берилди.
Мамлакатимизнинг бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини эркинлаштириш, янгиланиш одимлари ва шиддатларини, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва бошқа соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни ўз вақтида амалга ошириш халқимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги, оилаларнинг маънавий-ахлоқий камолотига боғлиқ. Шунинг учун ҳам танловда ўзбек оиласига хос бўлган миллий қадриятлар асосида эзгулик энг муҳим фазилат сифатида тараннум этилди.
Жавлон САЪДУЛЛАЕВ