Аёл – оилада ҳақиқий бека, фарзандларига меҳрибон она ҳамда турмуш ўртоғига садоқатли бўлса, ана шу оилада тўкин-сочинлик, қут-барака бўлади. Бундан инсоннинг кўнгли тўқ бўлиб, шу хотиржамлик ва ҳаловат ила унинг ҳар тарафлама ишлари юришиб кетади. Натижада бундай оила маҳалла ва қўни-қўшнилар орасида намунали ҳисобланиб, ижтимоий ҳаётда ўз нуфузига эга бўлади.
Диёрбек ва Ёрқинойларнинг оиласи ана шундай аҳил оилалардан десак, муболаға эмас. Ёрқиной талабалик даврида келинчак бўлди. У уй юмушларини бажариб бўларди-да, турмуш ўртоғига бугун университетда тадбир ўтказилаётгани, рухсат берса, боришини айтади. Буни эшитган қайнонаси Гулбаҳор опа келинини қўллаб-қувватлайди:
– Майли, бора қолинг қизим! Биз ота-онангизга рўзғорни ҳам, ўқишини ҳам тенг олиб боришига кўмаклашамиз, илмий иш қилишига ҳам шароит яратамиз деб сўз берганмиз, – деди. Қайнонасининг бу сўзлари келинчакка қанот бахш этди. У зиёлилар оиласига келин бўлганидан, мамнун ҳолда университетга отланади. Йиллар ўтиб, у орзуларига бирин-кетин эриша бошлади.
Ҳа, “Мен Ватанимга нима бердим, халқим учун қандай фойдали иш қилмоқдаман”, деб ёниб яшаётган ёшларни кўрганимда уларга ҳавасим янада ортади. Хоразмлик Ёрқиной Эрназарова ана шундай эзгу мақсад ва улкан масъулиятни олдига қўйиб, орзу-ниятларига эришиш йўлида изланаётган ёшлардан.
Янгиариқ туманидаги зиёлилар оиласида дунёга келган Ёрқинойнинг қалбида адабиётга бўлган қизиқиш ўқувчилик даврларидаёқ уйғонган эди. Бунда у таълим олган тумандаги 27-сон умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Комилжон ака Худойбергановнинг ўзига хос ўрни бор. Мактабда турли байрам саналарига бағишланган тадбирларда Ёрқиной ўзи севган Зулфияхоним, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф каби Ўзбекистон халқ шоирларининг шеърларини мароқ билан ифодали ўқир, баъзан ўқиганларидан илҳомланиб, ўзи ёзган шеърларидан туҳфа этиб устозлари ҳамда тенгдошлари олқишига сазовор бўларди. Аъло ўқиши ва намунали ҳулқи билан тенгдошларига ўрнак бўлган салоҳиятли қиз кейинчалик Янгиариқ туманидаги иқтидорли ўқувчилар мактаб-интернатида таҳсил олди. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Муҳаббат Матқурбонова унинг ижодий ишларига ўз мулоҳазаларини билдириб, яқиндан устозлик қилди.
Ижодининг дебочаси сифатида 2003-2004 йилларда унинг “Қалб садоси” ва “Хаёл қуши” номли шеърий тўпламлари чоп этилди. Кейинчалик шеърлари, публицистик мақолалари республика газета ва журналларида чоп этилди. У ёшларга таълим-тарбия беришдек эзгу ниятига эришиш йўлида астойдил изланди.
2006-йилда унинг камтарона ижодий ишлари, таълим соҳасидаги ютуқлари юксак баҳоланди. Юртбошимиз томонидан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таълим йўналиши бўйича совриндори бўлди. Натижада Урганч Давлат университетига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди. У тарих факултетининг “Миллий истиқлол ғояси, ҳуқуқ ва маънавият асослари” бўлимида таҳсил олди. Талабалик даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиясига муносиб деб топилди.
Й.Эрназарованинг ижодига билдирилган бундай катта ишонч ва эътибор унинг кейинги ижодий изланишларида катта масъулият юклади. У турли кўрик-танловларга, илмий-амалий конференсияларга қатнашиб, малакасини оширишга интилди. Республика талабалар фан олимпиадасида “Миллий ғоя” фани бўйича қатнашиб, “Энг яхши нотиқлик қобилияти” номинацияси совриндори бўлди. Ютуқлар уни яна изланишга чорлади. “Миллий истиқлол ғояси, ҳуқуқ ва маънавият асослари” йўналиши бўйича изланишда давом этиб, “Глобаллашув шароитида миллий ғояни ёшлар онгига сингдиришнинг долзарб муаммолари” мавзусидаги илмий-тадқиқот ишига астойдил киришди ва ушбу мавзуни битирув малакавий иш сифатида давом етдирди. Ана шу мавзу юзасидан республика илмий-услубий журналларида қатор мақолалари чоп этилди. Ўзи танлаган соҳа бўйича илмий-тадқиқот ишини давом эттириш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети “Фалсафа” факултети магистратура бўлимининг “Миллий ғоянинг фалсафий масалалари” мутухассислигига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди. Бу борада оиласи уни яна қўллаб-қувватлади.
Кейинчалик “Ғоявий таҳдидларнинг “оммавий маданият” шаклида намоён бўлиш хусусиятлари” деб номланган магистрлик иши юзасидан тадқиқот олиб борди ва диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилди. Барча эришган ютуқлари учун устозлари – тарих фанлари номзоди, доцент Санжарбек Давлетов, фалсафа фанлари доктори, профессор Мукаррам опа Нурматова, фалсафа фанлари доктори Бердиқул Тўйчиуевлардан миннатдор эканлигини қаҳрамонимиз алоҳида таъкидлаб ўтади.
Қайнотаси Улуғбек Қўчқоровнинг педагоглик тажрибасидан, қайнонаси Гулбаҳор Ортиқовадан эса уй-рўзғор юмушларини режалаштириш, оилада аёл кишининг ўрни ва турмуш ўртоғига ҳурмат, фарзанд тарбиясини ўрганди.
Ёрқиной турмуш ўртоғи Диёрбек билан аҳил оила қуришган. Ўғли Беҳрузбек уларнинг қувончи. Уни мактабга тайёрлаш мақсадида ҳар куни биргаликда дарс қилишади. Бир-биридан қизиқарли эртаклар айтиб, фарзандини маънавий баркамол, билимли ва соғлом бўлиб вояга етказишга ҳаракат қиладилар.
Бугунги кунда ёш тадқиқотчи Ўзбекистон Миллий университети қошидаги С.Сирожиддинов номли академик лицейнинг “Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедрасида катта ўқитувчи сифатида фаолиятини давом эттирмоқда. Бундан ташқари докторлик ишини ёзишга тайёрланмоқда. Бу йўлда унга академик лицей директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, “Шуҳрат” медали совриндори Марҳабо Исломова устозлик қиляпти.
Ёрқиной Эрназарова мустақил Ўзбекистонимизнинг янада гуллаб-яшнаши ҳамда келажагимиз бўлган ёш авлодни аждодларга муносиб ворислар этиб вояга етказишга ўз ҳиссасини қўшишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ана шу ойдин йўлда унга омад тилаб қоламиз.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
Карьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
Жамият“ИФТИХОР”ЛИКЛАР ИШЛИ БЎЛМОҚДАМИ?
Чирчиқ шаҳар “Ифтихор” маҳалласидаги 7-мактабда ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Маҳалладаги 278 нафар ишсиз фуқаронинг и
ЖамиятCалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талаби
Таълим масканига кирарканман бир гуруҳ оқ халатли ўқувчи қизлар салом беришиб, раҳбарият биноси томонга бошлашди: – Юринг, сизга йўлни кўрсатиб юборамиз. Биз ҳам дарсга киряпмиз.
