Реклама

Дов-дарахтлар табиатнинг кўркам жамоли

шу билан бирга соғлом ҳаётимизнинг кафолатидир

Она табиат – тириклик манбаи. Борлиқ – борлиғим менинг, – дея унга қанча эътибор қаратсак, эъзозласак шунча оз. Ҳар куни мўъжазгина ҳовлимизда гуркираб ўсаётган бир туп оқ ўрикнинг садаф каби меваларини ёки кенг шохлари билан қулоч ёзиб, супа сари соя ташлаган тут дарахтини кўриб, кўзимиз қувнайди. Шоҳсупадаги райҳонлару жамбилларни қўяверинг, дарвоза ёнидаги бир жуфт азим теракнинг шовуллаши дилимизга олам-олам шодлик улашади. Болажон халқимиз фарзанд туғилганида унга атаб бир жуфт терак экади. Ким билсин, балки ўша тераклар келажакда унинг учун қурилажак янги уйнинг синчи ёки устуни бўлишини кўзлаб амалга оширилган бундай хайрли ишларнинг адоғи йўқдек.

 

Ҳа, буюк неъмат Истиқлол туфайли бўлаётган бунёдкорлик ишларида инсон саломатлигининг асосий манбаи аталмиш соф ҳавони бизга етказиб бераётган яшил бойлигимиз, ризқу насиба улашаётган кўҳна заминимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди.

Ана шундай кенг кўламдаги эзгу ишлар дебочаси ўрмончиликни ривожлантириш ва унинг аҳамияти борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Искандар Азизов билан суҳбатлашдик.

Искандар ака, айни вақтда юртимизда ўрмончилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтсангиз.

– Давлатимиз Мустақиллигининг қарийб 23 йили мобайнида қай бир соҳага эътибор бермайлик фақат юксалишнинг гувоҳи бўламиз. Биргина ўрмончилик ривожига назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон ер ресурслари тўғрисидаги миллий ҳисобот бўйича 1990 йилда ўрмонзор ва бутазорлар майдони 1 миллион 410 минг гектарни ташкил этган бўлса, 2000 йилга келиб қарийиб 1 миллион 512 минг гектарни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2014 йилга келиб 3 миллион 453 минг гектарга етказилди. Ҳар йили республика бўйича 42 минг гектардан ортиқ майдонда чўлланишга, шамол ва сув эрозиясига қарши янги ўрмонзорлар барпо қилиш ишлари олиб борилади. Шунинг 80 фоизидан ортиғи Орол бўйи ҳудудида бажарилади.

Айни пайтда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш орқали инсон саломатлигини сақлаш борасида 30 га яқин муҳим қонунлар қабул қилинди ҳамда 150 га яқин қонун ости меъёрий ҳужжатларида атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш меъёрлари белгилаб қўйилганлиги том маънода соҳа ривожида муҳим бурилиш ясади.

Эндиликда ўрмон хўжаликлари кўчатхоналарида ўрмон ва мевали дарахт кўчатларини етиштириш билан бир қаторда манзарали дарахт кўчатларини парваришлаш ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Бу борада ҳукуматимизнинг “каштан ва япон сафораси” дарахти кўчатларини, “Лола дарахти ва қрим қарағайи” кўчатларини ҳамда “Унаби” дарахти кўчатларини етиштиришни кўпайтириш тўғрисидаги махсус фармойишлари қабул қилинган. Мазкур хўжаликлар томонидан нафақат ўрмон фонди ерларида ўрмонзорлар барпо этиш ишлари бажарилмоқда, балки шаҳар ва туманлар марказлари, маҳаллалар ҳудудлари, махсус объектлар ва саноат корхоналари ҳудудларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳар йили ўрмон хўжаликлари ташаббуси билан республикада кўчат экиш ойлиги ташкил этиб келинмоқда.

Яна ўқинг:  Қировда кўз очган гул

Ўрмончиликда тўпланган бой тажриба ҳамиша қўл келмоқда. Биргина Каттақўрғон сув омбори атрофида эрозияга қарши барпо этилган 3000 гектар ерда маданий пистазорлар ташкил этилган бўлса, суви қуриган Орол денгизи тубида заҳарли туз ва чанг заррачаларини ҳавога кўтарилишининг олдини олиш ва экологик муҳитни яхшилаш мақсадида 400 минг гектар ўрмонзорлар барпо этилди. Фарғона водийси ўрмон хўжаликларида ҳар йили 100 гектардан ёғочбоп дарахтлар плантацияларини ташкил қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар юқори самара бераётган бўлса, тоғ ва тоғолди ўрмон ерларида ҳар йили ўртача 500-600 гектардан ёнғоқзорлар барпо этиш тажрибаси оммалаштирилмоқда. Узун, Қўқон, Наманган, Косонсой, Жиззах марказий, Китоб, Навоий марказий давлат ўрмон хўжаликлари, Дарғом, Ўртаорол ўрмончилик ишлаб чиқариш корхоналари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Ўрмонларни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш ишларини тўғри ташкил этилганлиги боис юқоридаги ўрмон хўжаликларининг иш тажрибалари оммалаштирилиб борилмоқда. Хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадида Туркиянинг ТИКА ташкилоти кўмагида теракчилик илмий тадқиқот институти ва Жомбой ўрмон хўжалиги ҳамкорлигида Туркиядан келтирилган 70 турдаги теракнинг ҳар хил клонлари ва навлари 5 гектар майдонда кўчатхона ва плантацияда экилиб ўрганилмоқда. Улар республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам экиб, синаб кўрилмоқда. Шунингдек, Саройқўрғон давлат ўрмон хўжалигида маҳсулдор навларни кўпайтириш учун Туркиянинг Антеп писта нави маҳаллий писта навларига пайванд қилиниб, кўпайтириш устида иш олиб борилмоқда. Ушбу тажрибалар Зомин, Боботоғ, Хўжамушкент давлат ўрмон хўжаликларида ҳам олиб борилмоқда.

Тупроқ унумдорлигини ошириш юқори ҳосил гарови. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, ризқу насибамиз манбаини эрозиядан асраб-авайлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Дарахт ва бута турлари кучли ривожланган горизонтал илдиз тизимлари билан тупроқни мустаҳкамлаб эрозиянинг олдини олади. Натижада ер унумдорлиги ошади. Бунинг учун барча имкониятлардан унумли фойдаланиш йўлга қўйилган. Хусусан, ўрмон, айниқса, тоғ ўрмон ва қум саҳро мелиорациясида дарахт ва буталар муҳим аҳамиятга эга. Тоғ ёнбағирларида терассаларга ва майдончаларга экилган дарахт турлари тоғ ўрмонлари эрозиясининг олдини олади. Шунингдек, тоғли ҳудудларда эрозияга қарши игнабарглилар – Зарафшон арчаси, туя, виргин арча, ёнғоқмевалилар – бодом, писта, ёнғоқ ҳамда тоғ олмаси, дўлана, наъматак, зирк, олча каби дарахт турлари экилади. Кўчма қумларни мустаҳкамлашда псаммофит ўсимликлари – саксовул, черкез, юлғун, қандим, астрагал, қуёнсуяк кабиларнинг аҳамияти катта. Ҳозирги кунда асосан саксовул, қисман черкез экилаётгани ҳолда юлғунни табиий кўпайишига кўмак берилаяпти. Дарё қирғоқларини емирилишидан сақлаш мақсадида туранга (терак), тол, жийда каби дарахт ва буталар кўчатлари ўтқазилмоқда. Мавжудлари парвариш қилиниб, асраб-авайланмоқда.

Яна ўқинг:  Ҳушёрликда ҳикмат бисёр

Ўзбекистон шароитида дарахтларнинг биологик етилиши, ўрмонларни соғломлаштириш ҳамда ёғочсозлик саноатига бўлган талаб хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Ўрмонларни парвариш қилиш ва соғломлаштиришда дарахтларнинг биологик етилиши муҳим аҳамиятга эга. Арча ўртача 200-1500 йил умр кўрса, қарағай 150-300 йил, туя 100-1000 йил яшайди. Писта эса 300-1000 йил, ёнғоқ 100-300 йил, бодом 50-100 йил умр кўради. Терак 100 йил яшнаб турса, шумтол 150-250 йил, эман 300-800 йил яшайди. Саксовулнинг умри 50-60 йилга тўғри келса, жийда 60-80 йил яшайди.

Ўзбекистон шароитида дарахтларнинг биологик етилиши, хусусан, игна баргли дарахтлар, писта, ёнғоқ, эман дарахтларида 41-80 ёш, қайрағоч, шумтол, заранг, акация, катальпа 21-40 ёш, тол, терак, бодом, туранга дарахтлари эса 11-20 ёш, саксовул 25-30 ёш, черкез, қандим, юлғун 5-10 ёшдан иборат. Дарахтларни кесилишида уларнинг биологик етилиши муҳим аҳамиятга эга. Ўрмонларни соғломлаштириш ва парвариш қилиш мақсадида жорий йилнинг 1 январь ҳолатига жами 5422 куб метр ишбоп ёғоч тайёрланиб, шундан 3425 куб метри аҳолига ва ташкилотларга 1997 куб метри ўрмон хўжаликлари цехларида қайта ишлаб чиқарилди. Ўзбекистон ёғочсозлигида Россия давлатидан келтирилаётган ёғочлар билан бир қаторда маҳаллий ёғочлардан фойдаланиш ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

Маълумки, яшил дўстларимиз биз учун бебаҳо кислород манбаи ҳисобланади. Ҳавони тозалигини таъминлаш учун қайси дарахтларни экиш мақсадга мувофиқ. Бу борадақандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Барча дарахт ва бута турлари ҳавони тозалаш хусусиятига эга. Олимларнинг олиб борган кузатувларига қараганда 1 гектар майдондаги саксовулзор чанг ва тузларнинг ҳавога кўтарилишини кескин камайтиради, парчаланишни 35 фоизгача пасайтириб, ҳавонинг нисбий намлигини 28 фоизгача оширади. Шунингдек, бир гектар майдондаги 4 ёшли саксовул 1158 кг. карбонат ангидридни ютиб 835 кг. кислород ажратади, черкез ўсимлиги эса 1548 кг. карбонат ангидрид газини ютиб 1116 кг. кислород ажратиши аниқланган. 1 туп саксовул кўчати ўз илдизи атрофида 5 кубометр миқдордаги қумни тутиб туради.

Одатда шаҳарларда ҳавонинг таркиби кўпроқ ифлосланган бўлади. Шаҳарда ўсувчи манзарали дарахт, буталар ҳавони газлардан ва чангдан тозалаб, муҳим санитар-гигиеник функцияларни бажаради. Кўпгина дарахт турлари ҳавога учувчи моддалар-фтонцидларни ажратади, улар ўз навбатида ҳаводаги зарарли ва касаллик келтирувчи бактерияларни бартараф этади. Шунинг учун ҳам кўкаламзорлаштиришда қрим ва эльдор қарағайи, виргин ва оддий арча, қайрағоч, сохта каштан, дала заранги, шумтолсимон заранг, ўткирбаргли заранг, оқ, қора терак, эман, акация, бундук, мажнунтол каби дарахт ва бута турларини экиш мақсадга мувофиқдир. Шаҳарларни кўкаламзорлаштириш ишларига катта эътибор берилаётган бугунги кунда биргина Тошкент шаҳри мисолида назар ташлайдиган бўлсак гўшадаги юзлаб истироҳат боғларини кўриб кўз қувонади, аҳоли саломатлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган кўкаламзорлаштириш ишларининг адоғи йўқ. Илгари шаҳарда соф ҳавонинг барқарорлигини ҳозирги кун билан солиштирсак тубдан фарқ қилишини англаш қийин эмас. Сўлим хиёбонлар кўркам фавворалар қўйнига чўмган Тошкент бағридаги соф ҳаво дилларга сурур бағишлайди. Кўкаламзорлаштириш ишлари нафақат пойтахтда балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламда амалга оширилмоқда.

Яна ўқинг:  TANLOV G‘OLIBLARINI QUTLAYMIZ!

Бугун ўрмончилик соҳасининг етук билимдонлари – Нўъмон Яҳёев, Тўқсон Сафаров, Аваз Тоғаев, Эгамберди Шодиев, Низом Жуманов, Саъдулло Ҳамроев (марҳум) каби соҳа билимдонларининг бой тажрибалари ёшларга қўл келмоқда. Устозларидан ўз касбининг сир-асрорини ўрганаётган ёш мутахассислар уларнинг, “Ҳар бир дарахтга, ҳар бир бутага, ям-яшил гиёҳларга меҳр қўйган кишигина бу соҳасининг етук билимдони бўла олади”, – деган ўгитларига амал қилмоқда. Чунки, Она табиатни асраб-авайлаш, келажакни асраш демакдир. Бундай хайрли иш нафақат соҳа ходимларини, балки барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон Республикасининг барқарор ривожланиши, аҳолининг юксак даражада турмуш кечириши ва саломатлиги, шунингдек, миллий хавфсизлиги табиий экотизимларни муҳофаза қилиш, атроф-муҳит сифатини қўйилган талаблар даражасида сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қайта тиклаш орқалигина таъминланиши мумкин.

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Жамила ҲАЙДАРОВА суҳбатлашди

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: