ОЛИЙ МАҚСАД – тинч ва обод турмуш
Юртимиз мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб, мамлакатимиз Президенти томонидан ҳар бир инсоннинг озод ва бахтиёр яшаши – энг олий мақсад деб белгиланди. Бу адолат тамойилларига асосланган қонунларимизда ҳам ўз аксини топиб келмоқда.
Бош Қомусимизнинг 43-моддаси шундай дейилади:: “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”да ва бошқа бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам барча инсонлар тенг ва эркин эканлиги кафолатланган.
Бироқ, бугунги кунда бутун дунёда инсоннинг ҳурлиги ва эркинлигига дахл қилувчи, одамнинг бахтли ва фаровон яшашга бўлган интилишига тўсқинлик қиладиган одам савдоси жинояти пайдо бўлганлиги муаммо бўлиб турибди. БМТнинг маълумотига кўра, ҳеч бир мамлакат одам савдосидан четда қолмаган.
Мамлакатимизда бунинг олдини олиш учун “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилиниб, ушбу қарор билан “2008-2010 йилларда одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича Миллий тадбирлар режаси”нинг тасдиқланиши мазкур соҳада амалга оширилаётган ишларнинг ҳуқуқий асоси бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида бу иллатга қарши курашиш мақсадида жазо чоралари кучайтирилди.
Юқорида қайд этилган ҳуқуқий хужжатларга биноан мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилиб, Президентимиз қарори билан комиссия аъзолари таркиби, комиссия Низоми ва асосий вазифалари белгилаб берилди.
Шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда пойтахтимизнинг Миробод туманида ҳам кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, фуқароларимизнинг одам савдоси каби иллатларга дучор бўлмаслиги учун масъул идоралар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳамжиҳатлиги, якдиллигини давом этириш мақсадида яқинда туман ҳокимлиги мажлислар залида “Чет эл давлатларидан турли хил ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун депортизация қилинган фуқаролар билан прафилактик тадбирлар ўтказиш” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди. Унда Туман ҳудудий идоралараро комиссияси раиси А. Абдураҳмонов, туман хотин– қизлар қўмитаси раиси, ҳоким ўринбосари Ф. Мадаминова, туман халқ таълими бўлими мудири Я. Шодиева ва бошқалар маъруза қилди. Ўтган олти ойда ушбу йўналишда тумандаги Компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида, Саноат касб-ҳунар коллежида, 2-сон академик лицейда ва кўпгина маҳаллаларда одам савдосига қарши курашиш мавзусида мутахассислар билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Бу йил туманимизда чет эл мамлакатларидан депортизация қилинганлар сони аввалги йилларга нисбатан камайди. Уларнинг ҳар бири эътиборга олинди, тиббий-ҳуқуқий-ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди.
М.ҚОЛДИБОЕВ,
Миробод туман ҳудудий идоралараро комиссияси масъул котиби