Билим, иштиёқ, самара

Сув қуйгандек жимжит синфхонада фақат аҳён-аҳёнда дафтар варақларининг шитирлаши эшитилади. Ўқувчиларнинг бир маромда ёзаётганини кузатиб ўтирган устознинг чеҳрасида мамнунлик ҳисси жўш уради. Йигит-қизларнинг билимга чанқоқлигидан устознинг кўнгли тоғ қадар юксалди.

Ўн дақиқа аввал устознинг “Конституция – бахтимиз Қомуси” мавзусидаги сўзларини тинглаган ёшлар, берилган саволларга тегишли жавобларни ёзишга киришган.

Дарҳақиқат, Сирдарё вилояти ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфидаги Гулистон туман Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётган иқтидорли ёшларга чиндан-да ҳавас қилсанг арзийди. Ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган сабоқ жараёнлари ҳамиша кўргазмали воситалар ва видеороликлар намойиши орқали ўтилади. Шу боис ҳам коллежнинг “Ёш ҳуқуқшунослар” жамоаси “Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танловининг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида муваффақиятли иштирок этиб, “Энг зукко жамоа” номинациясида ғолибликни қўлга киритди.

– Айни пайтда вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфида 47 та касб-ҳунар коллежи, тўртта академик лицей ва Бахт шаҳридаги ўғил болалар махсус коллежи бўлиб, мазкур таълим муассасалари замон талаблари асосида жиҳозланган. Бу ерда ўқувчиларнинг пухта билим олишлари ҳамда танлаган касб сирларини мукаммал эгаллашлари учун барча шароитлар яратилган. Касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар боис ёшларнинг нафақат билим-кўникмалари, балки уларнинг ижодкорлиги ҳам шаклланиб бормоқда. Турли кўрик-танловлар, қизиқарли беллашувлар, семинар-тренинглар, учрашув ва давра суҳбатлари ёшларнинг иқтидорини намойиш этишда қўл келмоқда, – дейди биз билан суҳбатда Сирдарё вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси услубчиси Баҳодир Ҳакимжонов.

Жорий йилда Гулистон академик лицейи ўқувчиси Маҳзуна Абдурасулова Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлган бўлса, Навбаҳор қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Сарвиноз Қурбонбоева Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида 20 ёшгача ёшлар ўртасида бўлиб ўтган шахмат бўйича Осиё чемпионатида учинчи ўринни эгаллади.

Биргина бу эмас, Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида ҳар йили ўтказиб келинаётган “Солиқ билимлари – болаларга” республика кўрик-танловида сирдарёлик ўқувчилар ҳам мувафаққиятли иштирок этмоқдалар. Жорий йилда ўтказилган кўрик-танловнинг вилоят босқичида “Энг мазмунли иншо” йўналишида Боёвут Ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Г.Абдуманнопова ва “Энг яхши компьютер графикасида ёзилган тақдимот” йўналишида Мирзаобод Ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежи ўқувчиси М.Раимов биринчи ўринни қўлга киритишди.

Яна ўқинг:  Хушхабарлар, рақамлар (2013-49)

Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.

Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.

Мактаб ишлари давлат назоратидадир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 41-модда

Баҳодир Ҳакимжонов таъкидлаганидек, ўқувчиларнинг иқтидорини тўлақонли намойиш этишда мавжуд касбга йўналтирилган тўгараклар фаолияти ҳамда амалиёт жараёнидаги устоз-шогирд сабоқлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни вақтда Сирдарё вилоятидаги мавжуд касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таълим олаётган ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун яратилган кенг имкониятлар муваффақиятлар сари етакламоқда. Гулбаҳор қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи жамоаси “Сиз полвонларингизни биласизми?” кўрик-танловининг республика босқичида муваффаққиятли иштирок этди. Шунингдек, Бахт шаҳридаги ўғил болалар махсус коллежи тарбияланувчилари бадминтон, стол тенниси, шашка, мини футбол ҳамда “Қувноқ стартлар” спорт мусобақаларидаги фаол иштироки учун Республика Болалар ижтимоий мослашуви маркази, вилоят Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳамда вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси томонидан диплом ҳамда эсталик совғалари билан тақдирланди.

“Келажак овози – 2013” кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиблик учун беллашган 417 нафар ўқувчидан 20 нафари “Техник ишланмалар”, “Дастурий таъминот”, “Архитектура ва интерьер дизайн”, “Амалий санъат”, “Менежмент, маъмурлаш ва ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар” каби йўналишлар бўйича ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди.

“Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги”, “Юқори нафас йўллари шамоллаши асорати”, “ОИТС ва гиёҳвандликнинг зарарли оқибатлари”, “Эрта турмуш қуришнинг зарарли оқибатлари” каби мавзулардаги шифокор-мутахассислар билан ўтказилган давра суҳбатлари ёшларнинг тиббий саводхонлигини ошириш борасида муҳим аҳамиятга эга.

Ҳа, эртасининг нурафшонлигини бугундан яратишга киришган сирдарёлик ёшлар танлаган касбларининг сир-асрорини пухта эгаллаш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда. Бу борада уларга омад ёр бўлишига тилакдошмиз.

Жамила ҲАЙДАРОВА,

Сирдарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: