Ҳам инъом, ҳам имконият
“Китоб тумани халқ таълими бўлимига қарашли 61-умумтаълим мактаби биноси қайта қурилиб фойдаланишга топширилди”. Шу биргина гапнинг замирида минглаб инсонларнинг орзу-умидлари, истак ва хоҳишлари, келажакка бўлган юксак ишончлари мужассам. Тоғ ёнбағрида жойлашган Паландара қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Офтобрўя қишлоғи ҳудудидаги замонавий билим маскани истиқлол берган инъом ва имкониятдир.
– 1958 йили ҳашар йўли билан қурилган мазкур мактаб биноси қулаш арафасига келиб турганди, – дейди мактаб директори Ҳамроқул Маликов. – Айни пайтда қишлоқ ўқувчилари 240 ўринли янги замонавий кўринишдаги мактаб биносида ўқишни давом эттиришмоқда. Ўқувчилар учун спорт зали қурилган. Қолаверса, физика, кимё фанлари энди лаборатория хоналарида ўтказилади. Бу ишларнинг замирида фақат ёшларни билимли, зукко, дунёқараши кенг, фидойи ва ватанпарвар қилиб тарбиялашдек эзгу мақсад ётганини унутмаслигимиз керак.
Кейинги йигирма икки йилликда Паландараликлар учун таълим соҳасидаги ўзгаришлар унутилмас воқеага айланди. Китоб туманининг олис ҳудуди – тоғ ёнбағридаги мазкур қишлоқдан икки нафар профессор, Ўзбекистон халқ ҳофизи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими чиққан. Паландара мактабларида таҳсил олганлардан ўн нафардан зиёди фан номзоди бўлди. Ваткана қишлоғида туғилган Ўлмас Собиров Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиш академиясида таҳсил олган. У “Шуҳрат” медали билан ҳам тақдирланган. Ўқитувчилар оиласида туғилган Машҳур Сатторов эса Тошкент ахборот технологиялари университети бакалавр босқичида таҳсил олиб, айни дамда Жанубий Корея Республикасида ўқишини давом эттирмоқда.
Дарҳақиқат, одамлар ўзининг қобилиятига қараб муайян йўналишга тушиб бормоқда. Энг муҳими, қайси соҳа вакили бўлишидан қатъий назар меҳнатига яраша рағбат олмоқда. Кишилар бир-биридан ўрганиб, бир-бирига интилиб, ўзининг ҳаёти ва турмуш шароитини тобора яхшилашмоқда. Мустақиллик барчанинг тенг ҳуқуқли ва кенг имкониятли инсон эканини кўрсатиб берди. Бу ўз навбатида улғайиб келаётган ёш авлодни ҳам улкан ишларга сафарбар этмоқда. Илм олишга, зукко ва ватанпарвар бўлиб улғайишига замин ҳозирламоқда.
Давлат бюджетидан ажратилган 616 миллион сўмлик маблағ эвазига қад ростлаган 61-умумтаълим мактаби биноси ўқувчиларнинг билим олишга бўлган иштиёқини янада оширди. Айни пайтда биргина Офтобрўя қишлоғидан 30 нафардан зиёд ёшлар олий ўқув юртида таҳсил олаётгани бунга яққол мисолдир. Қолаверса, болаларни маънавиятли ва соғлом бўлиб улғайиши учун муассасада турли тўгараклар ташкил этилган. Миллий кураш, каратэ, “Онажоним шеърият” ҳамда фан тўгараклари шулар жумласидандир. Ҳа, мустақил Ўзбекистон ёшлари келажакка дадил қадамлар билан бораётганининг боиси ҳам уларга яратиб берилаётган кенг кўламли имкониятлардир. Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам таълим тизимидаги эътиборга молик воқеа бўлди. Мазкур қарор ижроси юзасидан мактабда алоҳида лингофон хоналари ташкил этилди. Биринчи синф ўқувчиларининг инглиз тилида бийрон шеър ўқишлари, қўшиқ айтишларини кўриб ҳайратланасиз. Ўзбекистоннинг келажаги буюк эканига яна бир бор амин бўласиз.
– Халқимиз азалдан илм-маърифатга интилиб яшаган, – дейди муассаса директори Ҳамроқул Маликов. – Улуғ боболаримизнинг тафаккур доираси кенглиги, улар қилган кашфиётлар ҳамон дунё аҳлини лол қолдириб келаётгани ҳам шундан. Тарихдан маълум: илк мактаблар пайдо бўлган даврларда болалар шароити ҳаминқадар бўлган биноларда таҳсил олишган. Энди бугуннинг мактабларини кўринг. Замонавий, шинам ва ёруғ хоналар, энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган синфхоналар ўқувчилар ихтиёрида. Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда таълим-тарбияга катта эътибор қаратилди. Ана шундай ислоҳотлар самараси ўлароқ ёшларимиз улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг эркин ижод қилиши, илм олиши учун барча шароитлар муҳайё. Бизнинг мактабда ҳам фанлар учун махсус хоналар ўқувчилар билим олиши учун барча шарт-шароитлар ташкил этилган.
Энг муҳими, мазкур иншоот қишлоққа замон руҳини, мустақил инсонга хос бўлган маданиятни ҳам олиб кирди. Аҳолининг турмуш тарзи янада яхшиланишига туртки бўлди.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Соғлом авлод” мухбири