Соғлом оиладан – соғлом келажак сари

“Қушбеги” спорт мажмуаси бугун ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Карнай-сурнай садолари. Спорт мусобақаси бошланди ва иштирокчилар бир қатор бўлиб жойларини эгаллашди. Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янгради…

Пойтахтимиздаги 38-Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида оилавий жамоалар ўртасида “Соғлом оила – соғлом келажак” анъанавий мусобақасининг республика босқичи ана шундай кўтаринки руҳда бошланди. Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан энг кучли, деб топилган оилавий жамоалар ғолиблик учун куч синашди.

Тадбирда сўзга чиққан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси бошқаруви раиси С.Инамова Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда “Соғлом она – соғлом бола” дастури асосида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш, оила институтини ривожлантириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида соғлом муҳитни шакллантиришга доимий эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Юртимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган Скрининг марказлари, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Репродуктив саломатлик маркази, уларнинг минтақавий филиалларида оналар ва болаларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар бежизга эмас. Буларнинг исботи сифатида айни вақтда таълим тизимидаги спорт иншоотлари, мактаб спорт заллари ва сузиш ҳавзаларининг умумий сони 10 мингтадан ошиб кетди. Маълумот сифатида спорт мажмуаларимизда 1 миллион 800 минг нафардан зиёд бола спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.

“Обод турмуш йили” Давлат дастури ижроси доирасида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анъанавий мусобақа аҳоли, айниқса, оилалар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришда муҳим омил бўлмоқда десак, асло муболаға бўлмайди.

Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Ўзбекистон Республикаси

Конституцияси, 63-модда

“Соғлом оила – соғлом келажак” шиори остидаги оилавий жамоалар ўртасидаги мусобақа ҳам ушбу мақсадга хизмат қилмоқда. Мазкур мусобақада оилавий жамоалар ўз маҳоратини, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва аҳиллик фазилатларини намойиш этади. Ота-онасининг ғалабага иштиёқини кўрган ўғил-қизларда мақсад сари интилиш, ирода, матонат каби сифатлар шаклланади.

Яна ўқинг:  МЕН КЎЗЛАГАН МАРРАЛАР ҲАЛИ ОЛДИНДА

– Оиламизда спортнинг аҳамияти катта. Ҳар бир ота-она сингари биз ҳам фарзандларимизни соғлом бўлиб вояга етишини истаймиз. Қизларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида уларни спортга жалб этганмиз. Бу саъй-ҳаракатлар соғлом улғайишига хизмат қилиши билан бирга, хулқ-атвори, руҳияти, дунёқараши ва ўқишига ижобий таъсир кўрсатади, – дейди К.Юсупов.

Қибрайлик Комилжон Юсупов оиласида соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилинади. Комилжон ака тумандаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида акробатика бўйича мураббий. Турмуш ўртоғи Мухтабар опа эса мактабда ўқитувчи. Қизлари Мухлиса ва Феруза бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланади.

Ушбу мусобақа икки босқичда ўтказилиб, вилоят босқичида туман жамоалари ўртасида жорий йилнинг 20-30 сентябрь кунлари ўтказилди. Ғолибликни қўлга киритган оилавий жамоа эса республика босқичига йўлланма олган эди.

Мусобақада оилавий жамоалар ким чаққон, баланд тўсиқлар эстафетаси, югуриш, акробатика, нишонга отиш эстафетаси, арқон тортиш, арғамчида сакраш, чаққон она ҳамда эпчил қиз шартлари бўйича беллашишди.

Комилжон Юсупов оиласи мусобақада биринчи ўринни қўлга киритди. Пойтахтлик Равиль Сафин, самарқандлик Бердиёр Туробов оилавий жамоалари иккинчи ва учунчи ўринларга лойиқ топилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар замирида халқ фаровонлиги, мамлакат тинчлиги, оилалар мустаҳкамлиги ва баркамол авлодни тарбиялашдек эзгу мақсадлар мужассам. Ана шундай эзгу мақсадлар ушаладиган маскан эса, шубҳасиз – оиладир. Зеро, баркамол авлод тарбияси юрт келажагини белгилайди. Истиқлол фарзандлари бугун илм-фан, спорт, санъат, маънавият ва маърифат каби соҳаларда улкан муваққиятларини қўлга киритиши шубҳасиз оиладаги соғлом муҳитнинг шаклланганидан далолатдир.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: