Каналар – хавфли хасталиклар манбаи

Қрим — Қонго геморрагик иситмаси оқибатлари

Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллиги вирус қўзғатадиган, каналар орқали трансмиссив йўл билан юқадиган,табиий ўчоқли ўта хавфли юқумли касалликдир.

Уни вирус қўзғатади. Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод номли каналар хасталик вирусининг сақловчиси ва ташувчилари ҳисобланади. Кемирувчилар, йирик ва майда шохли моллар ушбу вируснинг манбаларидир.

Чўл ҳудудлари, яъни табиий ўчоқлар билан боғлиқ бўлган касб эгаларида (чўпон, уларнинг оила аъзолари, мол боқувчилар, овчилар, қўйлар жунини қирқимига вақтинчалик ишга жалб этилганлар) бу инфекцияга йўлиқиш эҳтимоли юқори. Геморрагик иситма мавсумийлик хусусиятига эга бўлиб, асосан  йилнинг баҳор ва ёз фаслларида  қайд этилади. Касалликдаги бундай мавсумийлик каналарнинг фаоллиги билан бевосита боғлиқ бўлади. Дарднинг 80 фоиздан кўпроғи 20 – 60 ёшдаги эркакларда учрайди.

Ушбу касаллик табиий шароитда ўзида геморрагик иситма вирусини сақлайдиган каналарнинг чақиши ва қўлларни кана қони билан ифлосланиши натижасида одамларга юқади. Унинг яна бир хавфли томони беморнинг қони орқали ҳам соғлом одамга юқишидир.

Республикамизнинг жуда катта майдони геморрагик иситма бўйича табиий ўчоқли ҳудудлар ҳисобланиб, бугунги кунда ушбу ҳудудларда вирус тарқоқ ҳолатларда (спорадик) учраб туради.

Вирус билан зарарланган каналарнинг тарқалишига касаллик боғлиқ бўлиб, табиий ўчоқли бўлмаган ҳудудларда ҳам учраши мумкин. Бундан ташқари хасталикнинг республикамиз ҳудудига четдан кириб келиши ва тарқалиш хавфи ҳам мавжуд. Унинг яширин даври ўртача 2 – 3 кун давом этади. Баъзида бу давр бир неча соатларгача қисқаради ёки 14 кунгача чўзилади. Бу дард ўткир бошланиб, беморда тана ҳароратининг кўтарилиши (39 – 40 ºС), юз, бўйин, кўкрак қисми териларининг қизариши,баданнинг совқотиб қалтираши, мушакларнинг оғриши, тошма тошиши, милк, бурун, меъда-ичакдан қон кетиши, инъекция жойларида қон қуйилишлар каби аломатлар билан намоён бўлади. Баъзида касаллик оғир кечиб, ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилади.

Мазкур касаллик геморрагик шаклда ҳам кечиши мумкин.  Хасталикнинг бу шаклида баданда тошмалар тошмайди, унда қонталашлар кузатилмайди, ички аъзолардан қон кетмайди. У асосан иситма ва интоксикация(заҳарланиш) аломатлари билан кечади. Бемордан лаборатория текшируви учун қон олиш ҳамда тери бутунлиги бузилиши билан кечадиган муолажаларни амалга ошириш жараёнида эҳтиёт чораси кўрилмаса тиббиёт ходимига ҳам касаллик юқиши мумкин.

Яна ўқинг:  Қишлоқнинг гавҳар дояси

Қрим – Конго геморрагик иситмасидан сақланиш учун қуйидаги тавсиялар амалга оширилиши зарур:

Агар одам баданига кана ёпишганлигини аниқласа яқин жойлашган тиббиёт муассасасига мурожаат қилиши керак. Мабодо ёш болага бу ҳашарот ёпишган бўлса, катталардан бири уни эҳтиёткорлик билан олиши мумкин. Зинҳор канани ҳимояланмаган қўллар билан олиб ташламаслик керак.

Дастлаб кана ёпишган жойга 2-3 томчи ўсимлик ёғи томизиб, 10-15 дақиқа кутилади. Шундан сўнг одам қўлларига резина қўлқоп кийиб, пинцет ёки ип ёрдамида секин-аста терига ёпишган жонзотни олиши керак. У ёпишган жойга пахтали таёқча ёрдамида йод суртилади ва устига бактерицид пластир ёпиштирилади. Ҳашарот пенициллин флаконига солиниб, оғзи тиқин билан бекитилади ва ундаги зараркунанда ёқиб ташланади.

Қўлларга кийилган резина қўлқоплар ечилмасдан туриб 70 0 ли этил спирти билан ишлов берилиб, сўнгра улар ҳам ечилади ва ёқиб юборилади. Бундан ташқари кана чақишидан эҳтиёт бўлиш мақсадида тери юзаси имкон қадар кийимлар билан бекитилиши керак. Кана кўпинча оёқ томондан ўрмалаб киришини инобатга олиб, шимнинг почалари  маҳкам боғланиши керак.

Терини кана чақишидан асраш учун чўчитувчи махсус дори воситалари, яъни репеллентлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Бундай воситалар дорихоналарда сотилади. Чўчитувчи воситалар тери юзасига пуркалади, уларнинг таъсири 3 соатгача давом этади. Ундан сўнг терини репеллент пуркалган қисми хўжалик совуни ёрдамида ювиб ташланади ва зарурат бўлганда яна бу муолажа такроран қўлланилади.

Умуман агар бирор кишини кана чақса ёки унинг баданига унинг ёпишганини кўрса, қўллари ҳашарот қони билан ифлосланса албатта зудлик билан тиббий муассасага бориши шарт. Шунингдек, киши иситмаси чиққан, бурни, милки, меъда – ичак ва бачадонидан қон кетган беморга ёрдам кўрсатса ҳамда хаста кишининг қони унинг териси ва шиллиқ қаватларига теккан бўлса, унда ёрдам кўрсатган одам ҳам тиббий ёрдамга мурожаат этиши зарур!

Каналарни қўл билан эзиб ва жунқайчи билан кесиб ўлдирмаслик лозим. Жун қирқими мавсумига ёш болалар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёлларни жалб этмаслик даркор. Яна сут соғиш жараёнида сигирлардан канани қўл билан олмаслик,  шунингдек, қирқим  вақтида фақат махсус ҳимоя кийимларидан (қўлқоп, енг ва пойчалари мустаҳкам беркиладиган шим, камзул, клёнка фартук, резина этик) фойдаланиш, шахсий гигиена қоидаларига жиддий амал қилиш  хасталикнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Яна ўқинг:  Республика перинатал маркази мутасаддиси туғруқхоналарни оптималлаштириш бўйича таклиф берди

Кана чақишидан эҳтиёт бўлиш – бу Қрим – Конго геморрагик иситмаси касаллигининг олдини олишнинг муҳим чораси эканлигини ҳар бир фуқаро унутмаслиги керак.

Баҳром АЛМАТОВ,

Республика Давлат санитария

эпидемиология назорати маркази бош врачи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: