ҲАМЖИҲАТЛИК ВА АҲИЛЛИК ТИМСОЛИ

Миллий қадриятларимиз, анъаналаримизни ўзида мужассам этган умумхалқ байрами Наврўз ажиб тароватини ҳар ён таратиб юртга қутлуғ пойқадамини босиб келар экан, кўнгилларга ҳузур инади. Сўрилардан жой олган нуронийларнинг чеҳрасини қуёш нури сийпалайди.

Шукроналик туйғуси нигоҳларда балқийди. Қутлуғ кунда қайси гўшага назар солманг, янгиланиш ва бунёдкорлик ишларидан кўзимиз қувонади.

Баҳорнинг илк кунларида юртимизнинг барча гўшаларида бошланадиган кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари Наврўз айёми арафасида янада кенг қулоч ёзади. Бу айниқса, халқимизнинг ноёб қадриятларидан бири бўлган ҳашар тадбирларида ўзининг ёрқин ифодасини топади. Бобо набирасини етаклаб умид билан ерга ниҳол қадайди. Йиллар давомида боламнинг умри азим чинордек бўлсин дея ниятлар қилади. Эккан кўчатимнинг ҳосилидан инсонлар баҳраманд бўлсин дейди. Атроф-муҳитни кўкаламзорлаштиради. Бу байрам кишиларнинг экологик онг ва маданиятини юксалтиришга, табиат олдидаги инсоний бурч ва масъулиятни чуқур англашга ҳам ўргатади. Шу боис ушбу байрам тадбирларига айниқса, ёшларни кенг жалб қилиш орқали уларни миллий қадрият ва анъаналарга ҳурмат, табиатга оқилона муносабатда бўлиш руҳида камол топтириш алоҳида аҳамиятга эга. Эл орасида бирдамлик, масъуллик ҳиссини янада юксалтириш мақсадида юрт бўйлаб ҳашар ишлари амалга оширилди. Атроф-муҳитни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш билан биргаликда ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашиш каби қатор ишлар амалга оширилди.

Ушбу тадбирларни ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, корхона ва ташкилотларнинг ходимлари, шунингдек, барча маҳаллалар аҳолиси иштирок этдилар. Ҳашар кунлари маҳаллаларда 150 дан зиёд ижтимоий, савдо ва маиший объектлар, шундан, 19 та маҳалла идоралари, маҳалла гузарлари, 22 та болалар майдончаси ҳамда болалар спорт майдончалари, 95 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, 14 та ишлаб чиқариш цехлари фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ҳашар кунлари “Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига 25 туп дарахт менинг туҳфам” шиори остида тизимда меҳнат қилаётган ходимлар ўз иш жойи атрофлари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, санаторийлар ҳудудларига 75 мингга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, 200 мингдан ортиқ гуллар экилди, майдонлар тозаланиб, тартибга келтирилди.

Яна ўқинг:  Ilm va iqbol maskani

Ҳашар кунлари муносабати билан юртимизнинг кўплаб ҳудудларида янги қурилиш иншоотлари фойдаланишга топширилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қариялар бор жойда қут-барака, ўзаро аҳиллик бўлади. Байрам арафасида ёлғиз қарияларимизни йўқлаш эҳтиёжманд оилалар, ногиронларнинг уй-жойларини таъмирлаш, моддий ёрдамлар кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиш маънавиятимизнинг қанчалик юксаклигини англатади.

Дарҳақиқат, янгиланиш ва уйғониш фаслининг улуғ байрамларидан бири бўлган Наврўз файзу барака, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик тимсолидир. Бу айёмда олам ва одам табиат инъом этган поклик, ободлик, яратувчанлик фазилатлари билан яшнайди. Аждодларимиздан асрлар оша мерос бўлиб келаётган ва тобора сайқалланиб бораётган бундай тадбирларда ер, сув, ҳаво, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, табиат гўзалликларини асраб-авайлашдек эзгу қадрият мужассамдир.

Чарос ХУШВАҚТОВА,

“Sog‘lom avlod”мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: