Меҳру муҳаббат – ҳаётий шиори

“Соғлом авлод” газетасида илк иш бошлаган йилларим. Бир куни хонамизга қадди-қомати келишган, нигоҳларида зийраклик ва самимийлик уфириб турган нотаниш аёл кириб келди.

Мен билан самимий саломлашгач, дераза рахида турган гуллар қаршисида тўхтади. Унинг ҳаракатларини зимдан кузата бошладим. Аёл гуллар тагини юмшатар, қовжираган баргларни тозалар эди. Ишини чаққонлик билан бажариб бўлгач, қўшни столга чўкиб, қоғоз қоралай кетди. Ўша меҳрибон аёл қайга борса, ўша жойга илиқлик олиб кирадиган, кўп йиллар “Соғлом авлод” газетасида самарали меҳнат қилган дилкаш қалб соҳиби – Муҳаббат опа Хўжамуродова эди.

Гулларнинг илиқ тафти, нафосат ва гўзаллик бевосита бу аёл қалбига кўчгандек. Унинг фитратида самимийлик, вазминлик энг муҳим қирра саналади. Қувноқлиги ҳам ўзига ярашган. М. Хўжамуродова ҳар бир ишга мулоҳаза ила ёндошади.

Опанинг доимо очиқ чеҳра билан юриши, ширинсуханлик, ҳамкасбларидан кўнгил сўрашни канда қилмаслиги ибрат мактабининг ўзи деса бўлади. Уни ҳаётда жуда кўп қийинчилик ва машаққатларни сабр-тоқат билан енгиб ўтган матонатли аёл сифатида яхши биламиз. Лекин ана шундай синовли дамларда ҳам доимо яхши кунлар келишига ишониб яшади. Мақсад сари интилишдан, ёрдамга муҳтож инсонларга яхшилик қилишдан сира чарчамади.

Муҳаббат опа қарийб 30 йиллик умрини журналистика соҳасига бахшида этди. Республика болалар ва ўсмирлар нашри – “Тонг юлдузи” газетаси, Хоразм вилояти ёшлар ташкилоти, вилоят хотин-қизларининг “Нафосат” газетаси, шунингдек, “Хоразм” нашриётида ўтган сермазмун фаолияти унинг учун том маънодаги маҳорат майдони бўлди. “Соғлом авлод” газетасидаги иш фаолиятини эса журналист опамизнинг ўз маҳоратини тўла намоён этган муҳим давр дейиш мумкин. У бу газетага бедор ўтган тунларини, чексиз меҳр-муҳаббатини бахшида этди. Нашрнинг ҳар бир тадбирида энг фаол ижодий ходимлардан бўлди.

Журналист қай мавзуда қалам тебратмасин, унинг марказига инсон тақдирини қўяди. Қаҳрамоннинг фаолияти билан унинг ички кечинмалари, дил розлари, ўй-ташвишлари бир нуқтада кесишади. Шунинг учун Муҳаббат опанинг ёзган очерк, мақола ва шеърлари шу қадар содда ва самимийки, уни мутолаа қилганингизда бевосита қаҳрамон билан суҳбат қураётгандек бўласиз.

Муҳаббат Хўжамуродованинг дилбар ва нозик таъб қиёфаси ортида йигитларга хос шижоат ва қатъият ҳам яширинган. У зиммасига юклатилган ҳар қандай топшириқни шаҳд билан бажаради.

Яна ўқинг:  Организмга жуда фойдали мева-сабзавотлар

Опа салмоқли ижоди, ўз ишига астойдил ёндошганлиги туфайли 2005 йил Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг “Атиргул” рағбатлантирувчи мукофоти соҳибасига айланди. Унинг “Соғинч”, “Меҳр қолур” каби китоблари ўқувчилар қўлига етиб борган. Муҳаббат Хўжамуродова кўплаб долзарб мавзудаги мақолалари билан марказий нашрларда чиқиш қилган. Айниқса, одоб-ахлоқ, ёшлар тарбиясига оид мулоҳазали мақолалари газетхонлар эътиборига тушган.

Тиниб-тинчимас ҳамкасбимиз бу йил 55 ёшни қаршилади. Жонкуяр, дилкаш, заҳматли касб фидойиси Муҳаббат опани қутлуғ ёши билан муборакбод этамиз.

 

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: