MАЪРИФАТГА ЧОРЛОВЧИ МАСКАН

“Болага эътибор бўлажак онага эътибор қаратишдан бошланиши керак. Чунки, ҳомиладор аёлнинг руҳий-физиологик ҳолати, барча ҳис-туйғулари, кайфияти она вужуди орқали болага ўтади. Бундан хулоса шуки, болани эъзозлаш учун аввало онани эъзозлаш керак”.

Ислом КАРИМОВ

Навбаҳор айёми назокати-ю малоҳатининг илк даракчиси – бойчечак. У янги ҳаётни, янгиланишни кўз-кўз қилиб, қир адирларда илдиз ёради. Момолар уни кўзларига суртиб, шукуроналик билдиришади.

Тошкент шаҳрида эса Наврўзнинг ажиб гули, нажиб чечаги беғубор болакайнинг кўзидай порлаб турган бинафшалардир. Эзгу ташаббуслар, янги ғояларнинг уйғониши, севинчли хабарлар баҳор бинафшаларига ўхшайди. Биз журналистлар янгиликнинг сеҳрли табассумига ўч бўламиз. Бойчечакни кўзига сурган момодек сир ва сеҳрга тўла янгиликларга интиламиз. Тошкент – мамлакатимизнинг юраги, неки гўзаллик, ташаббус, янгилик бўлса аввало, пойтахтда туғилади, сўнгра бу сафоли ҳаволар ирмоқ жилосидек мамлакатимизнинг узоқ-узоқ қишлоқларигача етиб боради. Ана шундай янгиликлардан бири маҳаллалар қошида ташкил этилаётган аёллар маслаҳатхонасидир. Яқинда пойтахтимиз маҳаллаларида ташкил этилган ана шундай маънавият масканларида бўлдик.

Шу ўринда бир савол туғилади: хўш, аёллар маслаҳатхонаси қандай вазифаларни ўз зиммасига олади?

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида республикамизда қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади: “Аҳолини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб бориш мамлакатимизда қонунийликни, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга хизмат қилган бўлур эди”. Яна таъкидладиларки, “Жамиятда қонунийлик, қонун устуворлигини тўлиқ таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири – бу одамларнинг қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни шу руҳда камол топтириш, фуқароларнинг қонуннинг пухта билиши, юксак ҳуқуқий онг ва маданиятга эга бўлишидан иборат”. Маслаҳатхонанинг биринчи йўналиши ана шу вазифага муносиб ҳисса қўшишдан иборат. Шунинг учун ҳам ҳуқуқшунос аҳолига беминнат хизмат кўрсатади.

Соғлом бола соғлом ва аҳил оиланинг меваси бўлиб, фақатгина соғлом онадан соғлом бола туғилади. Демак, маслаҳатхонанинг иккинчи йўналиши “Соғлом она – соғлом бола” давлат сиёсатини умумхалқ ҳаракатига айлантириш ишига муносиб хизмат қилишдир. Шунинг учун у ерда шифокор мунтазам фаолият олиб боради.

Юртбошимиз маърузаларида “Болага эътибор бўлажак онага эътибор қаратишдан бошланиши керак. Чунки, ҳомиладор аёлнинг руҳий-физиологик ҳолати, барча ҳис-туйғулари, кайфияти она вужуди орқали болага ўтади. Бундан хулоса шуки, болани эъзозлаш учун аввало онани эъзозлаш керак”, дея таъкидлайдилар. Бу маслаҳатхонанинг учинчи йўналиши бўлиб, маслаҳатхона психологи аёлларнинг руҳияти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этади, мураккаб вазиятларда кўмаклашади.

Яна ўқинг:  Hunar – qizning ko‘rki

Ҳуқуқшунос, врач ва руҳшунос ҳузурига хотин-қизлар истаган пайтида суҳбатга бориши, тегишли маслаҳатлар олиши мумкин. Ушбу маърифат булоғи уй бекаларига ҳам қулайлик ҳам имтиёз бўлиб, маҳалладошларнинг аҳиллиги, якдиллиги, тинчлигини таъминлайди.

Илк танишувимизни “Чорбоғ” маҳалласи биносида жойлашган Олмазор туман аёллар маслаҳатхонасидан бошладик. Маҳалла биноси замонавий лойиҳа асосида бунёд, янги қурилган Нурафшон кўчасининг кўркига кўрк қўшиб турибди. Маҳалладан чиқиб атрофга назар ташласангиз Нурафшон кўчасининг замонавий меъморий услуби кўзни қамаштиради. Мазкур кўча ўрнида уч-тўрт йил бурун пастқам, эски турар жойлар мавжуд эди. Қисқа даврда унинг қиёфаси тубдан ўзгарди, бир-бирига уйғун намунали уй-жойлар қурилди. Бу ерда бунёдкорлик давом этяпти.

– Бу ерда бир-бирига мингашиб кетган эски уйлар, тор кўчалар бор эди. Энди

кўриб турибсиз, эрталаб уй бекалари болалари билан сайр қилиш учун кенг ва равон йўлаклар бунёд этилди. Маҳалла кенгаши жойлашган бино замонавий, милиция таянч пункти ҳам ёнида. Шунинг учун маслаҳатхона ҳам шу ерда ташкил қилинди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими бош мутахассиси Омилахон Арипова.

Ҳамроҳларим Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Йўлдошева, Республикада хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева, Олмазар туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Муқаддамхон Расулова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Гулнора Маҳкамова маънавият-маърифат масканида йиғилган уй бекаларига мамлакатимизда бўлаётган иқтисодий-ижтимоий ўзгаришлар ҳақида гапириб берди.

– Маҳаллаларнинг саранжом саришталиги, озодалиги, гўзаллиги, ободлиги, тинчлигини таъминлаб, супириб-сидириб самимий қўшничиликни йўлга қўйиб ўтирган ушбу аёлларни қанча ардоқласак оз, – таъкидлайди О. Арипова. – Ана шундай маслаҳатхона Тошкент шаҳрида энди ташкил этилди. Бу жараён кенг миқёсда давом эттирилиши режалаштирилган.

Шайхонтоҳур тумани Аёллар маслаҳатхонаси “Самарқанд дарвоза” маҳалласида жойлашган. Айни дамда бу ерда Дилбархон Аҳмедова раҳбарлик қилмоқда. Байрам аввалида мазкур маърифат масканида нафақат шайхонтоҳурлик, балки, қўшни туманлардан ҳам хотин-қизлар таклиф қилинди.

– Уйининг ёнида маслаҳатхона борлиги, уй бекаларига, уларнинг болаларига шифокор, ҳуқуқшунос ва руҳшунос бепул ҳамда беминнат яқиндан ёрдам бераётгани аёлларнинг, болаларимизнинг бахтидир. Бу ердаги турли тадбирларга бизнинг кайвони отинойилар ҳам фаол қатнашади, – дейди Шайхонтоҳур туман отинойиси Феруза Сулаймонова.

Яна ўқинг:  Орзиқиб кутилган айём

Маслаҳатхона қошида тўгаракларда ёш оналарга алла айтиш сирлари ҳам ўргатилади. Унга туманнинг фаол онахонлари жалб этилган. Маслаҳатхона билан танишиб чиқаётиб, “Шикоят ва таклифлар” дафтарига кўзим тушди. Сергели туманида яшовчи Сорахон Турсунованинг дил сўзларини ўқидим: Мен бу ерга келгунча ўзимни жамиятдан ажралиб қолгандек ҳис қилардим. Маслаҳатхонадаги тўгараклар ва машғулотларга қатнаб билимимни юксалтириш билан бирга, дилкаш дўстлар, устозлар ҳам топдим, мақсад ва ният билан яшашга ўргандим. Билим ва тажрибасини аёллар бахти йўлига бағишлаган кишиларга ўз миннатдорлигимни билдираман”. Бундай самимий сўзлар, таъсирчан сатрлар, фикр-мулоҳазалар, дил сўзлари дафтарчада бисёр эди.

Маслаҳатхонанинг мўъжазгина залида Наврўз айёми муносабати билан шеърхонлик, маърифат соатлари ўтказилди. Уни кузатар эканман, халқимизнинг буюк алломаси Алишер Навоийнинг онаси қатнашган, бўлажак буюк шоир севиб тинглаган маърифий йиғинлар кўз олдимда намоён бўлди. Машҳур кишилар, санъаткорлар билан бирга маҳалла аҳли айтган куй-қўшиқлар, аллалар тадбирга халқона руҳ бахш этди. Мўъжазгина зал гўё баҳорда зилол сувлари тошлардан-тошларга сакраб, шовқин солиб оқаётган шўх оҳангларга тўлди. Тадбирга туман ҳокими иштирок этиб, йиғилганларни байрам билан қутлаб, маҳаллаларнинг ободлиги-ю саришталигига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган уй бекаларига миннатдорчилигини билдирди. Маҳаллаларнинг фаол аёлларига ҳокимиятнинг фахрий ёрлиқлари топширилди ва тадбир иштирокчиларига совғалар улашилди.

Яна бир аёллар маслаҳатхонаси ташкил этилган Учтепа туман “Шопоёз боғи” маҳалласида ҳам Хотин-қизлар байрами муносабати билан машҳур санаъаткорлар хотин-қизлар хизматида бўлди. Туман ҳокими уларни байрам билан қутлади ва маҳалланинг фаол аёллари-уй бекаларига фахрий ёрлиқлар тоширди.

– Туманда олтмишта маҳалла бор. Ҳар бир маҳалланинг ўз отинойиси бор. Маҳалла маросимларида улар фаол қатнашадилар. Шунинг учун бу маслаҳатхона ҳафтада икки марта отинойиларнинг ўқишини ташкил этди. Тошкент ислом университети ўқитувчи ва олимлари келиб дарс беришади, – дейди Омилахон.

Маслаҳатхоналарнинг қимматли томони шундаки, юртимиз тинчлиги, элимиз одамларининг эл ишига камарбасталигини таъминлашга, уй бекаларининг жамиятга фаол аралашишига муносиб ҳисса қўшаяпти.

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: