БАХТЛИ БОЛАЛИК МАСКАНИ

Махсус жиҳозланган майдончада мириқиб ўйнаётган, қўшиқ куйлаётган, шеър айтаётган кичкинтойларни кўриб кимнинг ҳам завқи келмайди, дейсиз. Болажонларнинг дам олишлари, овқатланишлари, уларни жисмоний ва ақлий жиҳатдан баркамол ривожланишига замин яратувчи машқлар билан шуғулланишига қулай бўлган кенг, ёруғ ва озода хоналарни айтмайсизми.

Жиззах шаҳридаги 40-сонли Азиза номли мактабгача таълим муассасасида келажак эгаларининг баркамоллигини, соғлиғини таъминлашга қаратилган барча шарт-шароитлар муҳайё этилганлиги мақтовга арзигуликдир.

Тиниб-тинчимас тарбиячи Шаҳло Маҳкамова раҳбарлик қилаётган “Қалдирғоч” гуруҳида бўлиб, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Болалар қўли билан ясалган шаклан оддий бўлса-да, чиройли буюмлар, турли ўйинчоқлардан иборат табиат бурчаклари ташкил этилган. Конституциямиз, давлатимиз рамзлари, йўл ҳаракати қоидаларига расмли, безакли деворий лавҳалар эса болажонларни катта ҳаётга тайёрлашга хизмат қилади. Тарбиячи техник воситалардан кенг фойдаланиб, машғулотларнинг қизиқарли ва таъсирчанлигини таъминламоқда.

“Бойчечак” гуруҳи етакчиси, “Йил тарбиячиси – 2011” вилоят кўрик-танлови иштирокчиси Сабоҳат Одилова кичкинтойлар тарбияси учун тажриба ва маҳоратини аямаётганлиги боис жамоада ҳурмат-эътибори баланд. Гуруҳдаги болажонлар ҳам ҳар томонлама фаол.

Умуман, бу муассасада 250 нафар болажонларнинг жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом, баркамол бўлиб вояга етишида 18 нафар малакали педагог ва тарбиячиларнинг ҳар бири изланишда эканлигига амин бўлдик. Муассасада инглиз тили, мусиқа, бадиий гимнастика, шахмат-шашка каби ўнга яқин тўгараклар фаолият юритяпти. Ўтган 2011-2012 ўқув йилида муассаса тарбияланувчилари вилоятда ўтказилган шашка мусобақасида иккинчи ўринни эгаллашди. Бадиий гимнастика ва миллий курашда эса фахрли ўринларни эгаллашди.

– Биз болажонларни ақлий ва мустақил фикрлашга ўргатиш ва мактаб таълимига тайёрлашни асосий мақсад қилиб ҳаракат қиляпмиз, – дейди муассаса мудираси, олий тоифали педагог Б.Зуҳурова. – Меҳнатимизнинг самарасини болажонлар келажагида кўрсак, ўзимизни бахтиёр ҳис этамиз.

Тарбияланувчиларни соғлом ва маънавий етук қилиб тарбиялашда тарбияланувчилардан Альфия Якубова, Нигора Орипова, услубчи Ҳилола Жамолова, спорт йўриқчиси Бахтиёр Маҳмудов ва мусиқа раҳбари Даврон Одиловларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор. Тозалик куни, умумхалқ ҳашарларига эътибор қаратилмоқда. Муҳим, шонли ва унутилмас кунларга атаб турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Абдулла САИДОВ

Яна ўқинг:  Ёшларнинг ўрни қандай

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: