Инсон ва табиат: мустаҳкам ришта узилмоқда

Ҳисоб-китобларга қараганда бугунги кунга келиб 20 мингга яқин табиат намунаси изсиз йўқолиб кетган. Энг даҳшатлиси, одатий турмушимизда шундай буюмлар ишлатамизки, улар бир қарашда кўзга ташланмайди, аммо айнан ана ўшалар табиатни вайрон этувчи омиллар сифатида қайд этилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Онкологик касалликларни ўрганиш Халқаро агентлиги (IARC) эълон қилган ҳисоботда ҳавонинг ифлосланиши саратон касаллигининг асосий сабабчиси экани айтилади. Унинг ифлосланиши оқибатида юз берадиган ўлимларнинг 50 фоизига айнан кўмир сабаб бўлаётгани аниқланди. Шу сабабли кўплаб мутахассислар кўмирдан кўра табиий газдан фойдаланишга ўтиш вақти аллақачон келганини айтишади.

Маълумки, ҳавонинг ифлосланишининг асосий манбалари сифатида электростанциялар, заводлар, автомобиллардан чиқаётган газлар кўрилади. Кўмир ва ўтинлардан чиққан тутунлар ҳам узоқ муддат атмосферада ушланиб қолади. Бу ҳам инсон саломатлиги учун катта хавф сифатида кўрилади.

АҚШнинг Бостон шаҳридаги “Health Effects Institutes” компанияси мутахассислари хулосаларига кўра шаҳарларда автомобиллар сонининг кўп­лиги ва заводлардан заҳарли тутунларнинг чиқиши ушбу муаммога асосий сабаб экан. Сўнгги 50 йил мобайнида ҳавонинг ифлосланишини олдини олиш борасида Шимолий Америка, Ғарбий Европа ва Япония­да бир қатор ютуқлар қўлга киритилди. Бунинг учун мазкур минтақаларда ҳавони ифлослантирмайдиган ёқилғи ва двигателлардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди.

Бош Қомусимизнинг бир нечта моддасида табиатни муҳофаза қилиш, табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ экологик-ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланган. Жумладан, 50-моддада фуқаролар атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур экани қайд этилгани юртдошларимизнинг экологик мажбуриятлари Конституция даражасида мустаҳкамланганини англатади. 54-моддада эса мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиши ва тасарруф этиши таъкидланган. Шу билан бирга мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахс­лар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги белгилаб қўйилган. Ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир. Улардан оқилона фойдаланиш зарур ва ушбу табиий манбалар давлат муҳофазасида экани белгиланган 55-модда эса давлат экологик сиёсатининг асосий тамойилларини қамраб олган.

ЖССТ маълумотларига кўра дунё бўйлаб 15 ёшгача бўлган болаларнинг қарийб 93 фоизи ифлосланган ҳаводан нафас олмоқда. Бу ўз нав­батида, болаларнинг соғлиғи ва ривожланишига жиддий хавф солиб, ифлос ҳаводан касалланиш ҳолатининг 10 фоизи ўлим билан якун топмоқда.

Яна ўқинг:  JAVOHIRLAR SANDIG‘IDAN

Бу ифлосланган ҳаво сабаб биргина болалар саломатлигига етаётган зарар, холос. Унинг сайёрамиз ва инсониятга етказаётган талофатини ўлчаш ёки қиёслаш ғоят мушкул. Шу боис, бугунги кунда бутун дунёда экологик муҳитни муҳофаза қилиш, табиат ва инсон ўртасида мувозанатни сақлаш билан боғлиқ вазифалар долзарб мавзуга айланди.

Маълумот ўрнида: Атроф-муҳитнинг ифлосланиши оқибатида келиб чиқадиган касалликлар туфайли ҳар йили сайёрамизда камида 5,5 миллион нафар киши вафот этади.

Ҳумоюн ҚУВОНДИҚОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: