Инновацион ғоялар ва технологиялар намойиши

19 май куни Тошкентда VIII “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар” республика ярмаркаси очилди.

Мазкур ярмаркада саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари ва илм-фан каби йўналишларда қарийб беш юзта инновация лойиҳаси намойиш этилмоқда. Булар мамлакатимиз олимлари, мутахассислари ва ихтирочиларининг мутлақо янги ишланмалари ҳисобланади.

Энергетика ва автоматика институтининг илмий ходимлари энергия тежаш ва муқобил энергетика бўйича инновация ишланмаларини тақдим этган. Масалан, бир гуруҳ олимлар томонидан чархпалак ёки гидравлика турбинаси ёрдамида ишлайдиган микрогидроэлектр станция яратилди. У олис аҳоли пунктлари, яйловлар, гидрометеостанциялар ва бошқа жойларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун мўлжалланган.

Бу йилги ярмаркада бир қанча янги йўналишлар ташкил этилди. Хусусан, илмий муассасалар ва олий ўқув юртлари томонидан яратилган илғор технологияларга мамлакатимиз ва чет эл ишлаб чиқарувчиларининг эътибори ҳамда инвестицияларини жалб қилиш мақсадида “Юқори технологиялар” (Hi-Tech) йўналиши фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда ҳужайра технологиялари, фармацевтика, АКТ бўйича инновация ишланмалари ва бошқа янгиликлар намойиш этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, навбатдаги ярмаркада “Ёшларнинг инновация ғоялари” республика кўрик-танлови ғолибларининг ишланмалари кенг намойиш этилмоқда. Ушбу ишланмаларни саралашда уларнинг амалиётга татбиқ этишга тайёрлиги, энергия ва материал тежамкорлиги, маҳаллий хомашёдан фойдаланиш, бозорга янги маҳсулот чиқариш имконияти каби омилларга алоҳида эътибор берилди.

Ярмарка доирасида, анъанага кўра, мамлакатимиз саноат корхоналари ишлаб чиқаришга инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни татбиқ этиш самарадорлиги тўғрисида тақдимотлар ўтказмоқда.

Ярмарканинг дастлабки кунида корхоналар ва лойиҳачилар ўртасида маҳсулот ва технологияларни харид қилиш ёки жорий этиш бўйича қиймати 3 миллиард сўмликдан ортиқ 140 дан зиёд шартнома имзоланди.

Ярмарканинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Икромов ва У.Розуқулов иштирок этди.

Ф.ТОЛИПОВ

Яна ўқинг:  IZLANISHLAR KAMOLGA YETKAZADI

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: