Пойтахтимизда Бобур номидаги янги боғ очилди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида янги боғ очилди. Унга буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилди.

10 июнь куни ушбу боғнинг тантанали очилиш маросими бўлди. Шу муносабат билан ушбу масканга турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, ёзувчи ва шоирлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари, маҳалла фаоллари таклиф этилди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Ш.Турдиқулов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари К.Оқилова, Ўзбекистон халқ шоирлари И.Мирзо, С.Саййид, А.Обиджон, Бобур номидаги халқаро жамғарманинг Тошкент шаҳар бўлими раиси А.Жумақулов ва бошқалар халқимиз учун муносиб шароитларни яратиш, ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган ислоҳотларда устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Янги боғнинг буюк бобомиз номи билан аталиши бежиз эмас. Зеро, буюк давлат арбоби, беназир шоир фаолиятида боғлар барпо этиш, шаҳару қишлоқлар ободлигига эътибор қаратиш алоҳида ўрин тутган.

Майдони 12 гектардан иборат бу экологик боғ ландшафт дизайни, сув ҳавзалари, спорт майдончалари махсус экологик архитектура-қурилиш талаблари асосида бунёд этилган. Боғда сокин ва осойишта муҳит ҳукмрон. Бу ердаги мавжуд қурилмалар соғлом турмуш тарзи ғоялари тарғиботига хизмат қилади. Очиқ тренажёр майдони, бадминтон, волейбол, теннис, футбол майдончалари, велосипед йўлакчаси, болалар ўйингоҳи кичкинтойлар, спортсевар ўғил-қизлар, Меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчилари билан гавжум. Йога террасаси, болалар майдончаси, гулзор боққа бетакрорлик бағишлайди.

Боғнинг яна бир дарвозаси ёнидаги кумушранг айлана шаклидаги антиқа фавворани пойтахтимизнинг бошқа жойларида учратмайсиз. Бир қарашда серқуёш диёримизга ишорадек. Афсонавий ойнаижаҳонни эслатувчи бу фаввора тепасидан биллур тусли ёмғир ёғаётгандек. Томоша майдони пиллапояларидан тепага йўл олиб, ён-атрофдаги бетакрор манзарадан бемалол баҳра олиш мумкин. Боғ марказидаги мўъжаз оролча турли маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ўтказишга мўлжалланган.

– Бу ернинг дизайн лойиҳаси эко-бионика услубида ишлаб чиқилган, – дейди «Design House» дизайн-студияси раҳбари Любовь Сафронова. – Ушбу методика декорацияларини ишлашда табиий шакллардан фойдаланишга асосланади. Боғдаги барча қурилмаларни, сув ҳавзаси соҳилларини, майдончаларни тайёрлашда экологик тоза қурилиш материаллари – тош, ёғоч, махсус металл симлар билан зирҳланган тошлардан кенг фойдаланилган.

Яна ўқинг:  Фолликулит: сабаби ва даволаш

– Ушбу боғ оила аъзолари, фарзандлар билан мириқиб ҳордиқ чиқариш учун ғоят қулай, – дейди Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти магистранти Моҳира Иноятова. – Бу ерда кичкинтойларни турли спорт ўйинларига жалб этган ҳолда дам олиш учун барча шароит яратилган.

Боғдаги спорт майдончаларининг илк меҳмонлари Меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчилари, серфарзанд оилалар бўлди.

Бобур номидаги Тошкент марказий эко боғининг очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов иштирок этди.

Назокат Усмонова,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: