Қачон ва қандай қон таҳлиллари топширамиз?

Қон – инсон организмидаги энг муҳим суюқ тўқима бўлиб, унинг асосий қисмини кичик қон таначалари ташкил этади. Айнан ушбу элементларнинг сони, шакли ва функциясига кўра, танадаги турли яллиғланишлар, анемия, онкологик касалликлар, иммун тизими ва тромбоз каби патологик ўзгаришлар ҳақида барвақт маълумот олиш мумкин.

Қон таҳлиллари топшириш – ҳар бир инсон учун ўз саломатлигини баҳолаш ва назорат қилишда муҳим жараён ҳисобланади. Жумладан, бундай текширув усуллари юқумли ва сурункали касалликлар, инфекциялар (масалан, вируслар ёки бактериялар), диабет, гепатит ҳамда ОИВ каби хавфли хасталикларни эрта босқичда аниқлаш имконини беради.


Буйрак, жигар, юрак ва қалқонсимон без каби аъзолар фаолиятини текшириш, темир, B12, D каби витамин ҳамда бошқа муҳим моддалар миқдорини билиш ҳам айнан ушбу таҳлиллар ёрдамида қулай амалга оширилади. Қолаверса, бундай текширувлар орқали қон босими, қанд миқдори ва холестеринни назорат қилиш, юрак-қон томир касалликлари хавфини эрта аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш мумкин.


Шунингдек, лаборатор қон таҳлиллари дори воситалари самарадорлигини баҳолаш ва уларнинг организмга таъсирини кузатишда ҳам жуда муҳим.
Шу боис шифокор кўрсатмаси билан бирламчи тиббиёт муассасалари орқали қон таҳлиллари топшириш зарур. Бунда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш протоколлари асосидаги лаборатор текширувлар тавсия этилади.
Жумладан:
Соғлом инсонлар
(профилактика мақсадида):
Йилда 1 марта қуйидаги асосий қон текширувларидан ўтиши керак:
– умумий қон таҳлили (УҚТ – умумий қон таҳлили);
– қон биохимияси (жигар, буйрак, қанд, холестерин ва ҳоказо);
– қонда қанд миқдори (глюкоза);
– холестерин ва липид профили;
– қонда темир миқдори ва гемоглобин;
– Д ва B12 витамини (агар симптомлар бўлса).

Сурункали касаллиги бор инсонлар (масалан, диабет, гипертония, юрак хасталиклари):
– йилда 2 – 4 марта ёки шифокор тавсиясига кўра, қон таҳлиллари топшириши лозим.
Ҳомиладор аёллар:
– ҳомиладорлик даврида таҳлиллар шифокор тавсияси билан ҳар уч ойда камида 1 марта, баъзан ҳар ойда топширилади.
Ёши катта инсонлар (50 ёшдан юқори):
– йилда 1–2 марта тўлиқ лаборатор текширувлардан ўтиши керак. Сабаби инсоннинг ёши улғайгани сари хавф омиллари ҳам ортиб боради.
Алоҳида симптомлар пайдо бўлса, яъни қуйидаги ҳолатларда дарҳол қон таҳлиллари топшириш тавсия этилади:
– чарчоқ, кўнгил айниши, тўсатдан озиб кетиш;
– тери оқариши ёки сарғайиши;
– иштаҳа йўқолиши;
– ҳарорат кўтарилиши;
– нотекис юрак уриши ёки нафас қисиши.

 

Орифжон АРИПОВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: